Бизда ота билан ўғил, она билан қиз, дўст билан дўст, оила, борингки қариндош-уруғлар муҳим гапларини ўзаро гаплашиб олишга ўрганган. Ўзаро! Бу жуда яхши одат. Энди замон шуни тақозо қилаяптики, бутун миллат ҳам худди шундай зарур гаплар ҳақида гаплашиб олишга ўрганиши керак экан. Биз миллат бўлиб, бир бўлиб гаплаша олаяпмизми? Ҳамма гап шунда. Кўп йиллардирки, биз бундай меҳр-оқибат майлисларидан йироқлашиб кетдик. Бунинг ўзига хос бир қанча сабаблари борки, уларга тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Чунки, гурунгимизнинг йўриғи бўлак. Ўтган ўтди, бўладиганини гаплашайлик. Муҳими, мамлакатимизда шиддат билан янги давр бошланди. Энди ҳар биримиз нигоҳларимизни бироз янгилаб олишимизга тўғри келаяпти.
2019 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора тадбирлари тўғрисида” Фармони эълон қилинди. Бу тарихий ҳодиса бўлди. Чунки, бир неча юз йилликларга назар солсангиз, ўзбек тилининг тарихида бундай муҳим ҳужжат эълон қилинмаган. Бу муболаға эмас. Фармонда она тилимизнинг ривожи, ҳимояси, тараққиёти учун зарур бўлган аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган. Ўша кунлар ўзбек зиёлилари Тил байрамини қутлуғ сана сифатида кутиб олган бўлса, бу Фармонни ҳам бир байрам сифатида кутиб олди.
Дарҳақиқат, миллатни миллат сифатида тутиб турадиган устунлар бор. Булар миллий тафаккур, миллий маънавият, миллий дид, миллий маданият каби тарихий ақлимиз ва салоҳиятимизнинг мажмуаларидир. Лекин буларнинг барчасининг заминида битта ганжина ётадики, усиз ҳеч бир устун ўзини тик тутиб туролмайди. Бу миллий тилдир.
Фармон эълон қилинган кунлари кўнглимдан бир ўй ўтди: Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Ойбек, Миртемирлар она тилимиз ҳақидаги шундай ҳужжатни кўрганларида, қатағон хандақларидан буюк тоғлардай ўсиб чиқмасмидилар? Яна бир ўй ўтдики, узоғи билан бир-икки ойнинг ичида ҳар бир одамдан тортиб, мамлакатимизнинг ҳамма жабҳаларида тилга муносабат кескин ўзгаради. Бу борада ижобий маънодаги инқилоб содир бўлади. Афсуски, бундай бўлмади. Шундай муҳим Фармонга биз муносиб жавоб бера олмаяпмиз. Ҳаракатларимиз анча суст кечаяпти. Ланжлик қилаяпмиз. Келинг, бу борада қилинаётган ва қилинган ишлардан эмас, тезда қилишимиз керак бўлган ишлардан гаплашайлик. Амалга оширилган амаллар ўзимизники. Бундай вазиятда беихтиёр Қонун, ижро ва оммавий савия ҳақида ўйлаб қолар экансан. Чунки оммавий савиянинг даражаси Қонунннинг моҳиятини очади ва ижросини таъминлайди.
Биз нега шундаймиз? Имконият берилмаса, иложи йўқ, таъқиқлар бор, тилимизни тийиб ўтирайлик, деймиз. Имконият берилса, ривоятда айтилганидай, оёғидаги занжир ечилса-да, жойидан қимирлашни истамаган фил каби қимирламаймиз. Ҳолбуки, Шайх Саъдий “Қимирлаган қудратлидир” деганлар.
Кўп узоққа бормайлик-да, ҳар куни, ҳар соатда кўзимиз тушадиган нарсаларга эътибор қилайлик. Фармондан сўнг мамлакатимизнинг юраги саналган Тошкент шаҳри кўчаларидаги пешлавҳаларда, ёзувлару рекламаларда ажнабий сўзлар босими неча фойизга ўзгарди? Уч ойда уч фойизгаям ўзгармаган. Ҳамон шаҳарнинг муҳташам кўчаларидаги ҳар 20 дўконнинг учдан икки қисми ажнабий номда. Ҳамон ўзбек тилидаги ёзувлардан кўра бошқа тилдаги ёзувларнинг салмоғи анча баланд. Хусусан ёшларимиз ҳар куни томоша қиладиган, кўрсатувларининг 80 фойизи ажнабий сўзлар билан номланган хусусий телеканалларнинг нечта кўрсатуви номини ўзгартирди? Биттаси ҳам ўзгартирмаган. Дунёда бефарқликдан ёмон нарса йўқ. Яъни, на уёқлик, на буёқлик! “Нима бўлса бўлар, менга нима?” деган ақида билан яшаш... Бефарқлик ҳамма иллатларнинг инкубаторидир.
Бунинг устига тил қоидалари ҳар қадамда бузиляпти. Оммавий ахборот воситаларини оласизми, идоралараро ҳужжатлар айланишини кузатасизми, кино ё сериалларни кўрасизми, ҳатто китобларни оласизми ва ҳакоза ва ҳакозаларда тилга эътиборсизликка дуч келаверасиз. Биз ўтган йили ашаддий қоидабузарлар ва тартиббузарларни ҳам бор-йўғи 3-4 ой ичида қатъий тартибга олиш мумкинлигини амалда кўрдик, бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш бўйича кескин чоралар кўрилиши қисқа муддатда ўз натижасини берди. Тил қоидалари масаласида ҳам худди шундай қатъий ва кескин чоралар зарур, назаримда. Давлат тили тўғрисидаги Қонунга беписандлик билан қараганларга, уни бузганларга яхшигина жарима солиш, керак бўлса лавозими билан боғлиқ аниқ чоралар кўриш керак бўлаяпти, худди йўл қоидаларида қилинганидек.
Ёшлар тили ташвишланарли ҳолда. Тўғри, билимдон зукко ёшларимиз бор, улар тилга эътибор қиладилар. Умидимиз ҳам шулардан. Лекин ёшларнинг оммавий ҳолида тил масаласида жиддий муаммолар бор. Уларнинг кўпчилигининг тили гўё ўзбек тили эмас, аллақандай жаргон тилига ўхшаб қолаяпти. Баъзи болаларимиз гапираётганда эшитиб туриб, мен ўз она тилимни танимай қолаяпман. Ўзбек тилини ҳақорат қиладиган даражадаги эстрада қўшиқлари пайдо бўлаяпти. Уларда тил хўрланади. Биз бунга индамайгина йўл бераяпмиз, ҳатто тарғиб ҳам қилаяпмиз, қарсаклар чалаяпмиз. Кўпчилик ёшлар она тилидан кўра, ўша қўшиқлардаги жаргонни ўзига тезроқ сингдираяпти. Хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, ёшларда тил қандай бўлса, фикрлаш даражаси ҳам шундай бўлади. Ундан ортиқча бўлиши мумкин эмас. Бу математикадаги формуладай гап. Қўшилувчиларнинг ўрни алмашган билан йиғинди ўзгармайди. Ёшлар тилидаги маънавий нўноқлик эса бевосита таълим тизимидаги тилга муносабатга бориб тақалади. Ўқитувчи қандай фандан дарс бермасин, ундан ўқувчилар тил маданиятини ҳам ўрганишлари керак. Дарс ўз оти билан дарс. Ҳатто аниқ фандан дарс берилаётган бўлса-да, унда билим тил воситасида сингдирилади. Демак, ўқитувчининг тил маданияти фанни қандай тушунтира олишини ҳам белгилаб беради. Жонкуяр, фидойи, заҳматкаш, закий ўқитувчиларимиз қаторида, таасуфки, битта маълумотнома ёзишга қўли қалтираб қоладиган чаламуллалар ҳам учраб туради. Келажак эса, ўқувчидан ҳам аввал, ота-онадан ҳам аввалроқ яхши ўқитувчилар билан боғлиқ. Яхши ўқитувчи тилни ҳам, элни ҳам яхшилайди. Шундай ўқитувчиларимиз кўпайсин.
Тилимизнинг тақдири ёшларнинг зиммасида. Ахир Она тилимиз эртага шу ёшлар тилида ва дилида яшайди-ку. Ёшларимиз кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаяпти. Ижтимоий тармоқларда жамиятга фойдаси тегаётган фикрлар бор. Лекин яна шундай блоггерлар тоифаси пайдо бўлаяптики, уларнинг баъзиларига иншоми, диктантми ёздириб кўрсангиз, ҳар саҳифада йигирмата хато қилиши тайин. Оқибатда улар бузуқ тили билан элнинг дилини бузаяпти. Савод дегани шундай нарсаки, у биттагина жумлада ўзини намоён этади. Саводсиз одамнинг оммага мақола эълон қилиши жарроҳликдан бехабар аравакашнинг бир касални операция қилиши билан баробардир.
Миллий маънавиятнинг асоси миллий тил дедик. Шу масалада яна бир гап. Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда “маънавият шахсий масала, унга давлат ҳам, бошқалар ҳам аралашмаслиги керак” деган маънодаги чақириқлар пайдо бўляпти. Халқимизда эл тушунчаси жуда азиз тушунча. Эл худбинликни, индивидулизмни, якка шумшукликни ёмон кўради. Маънавият шахсий масала эмас. У осмондан тушгандай ё ердан чиққандай бир одамнинг ичида тўсатдан пайдо бўлиб қолмайди. Одам дўконда сотиладиган аждодсиз қўғирчоқ эмас-ку. Ота-она, бобо-момо деган гаплар бор. Мен ўз ичимдаги маънавиятнинг 55 фоизини ота-онам, бобом ва момомдан олганман десам, тўғри бўлади. Қолган 45 фойизи кўриб-кечирганларим ва ўқиганларимнинг туҳфаси. Менинг маънавиятим менинг маъномдир. Бу маънони фақат ўзим тиклаганман десам, ёлғончилик ва худбинлик бўлади. Айтганимдай, бобом, момом, отам, онам, қадрдон мактабим, университетим, элим, она ерим... Маънавият элга тааллуқли. Маънавиятли одамларнинг бирлашувидан эл пайдо бўлади. Янаям аниқроғи, одамлар маънавиятни эмас, маънавият одамларни бирлаштиради, худди Она ва Тил каби. Маънавиятсиз одамлар бирлашса, пода пайдо бўлади. Миллий тил маҳв этилган жойда маънавиятсизлик заҳарли қўзиқоринлардай потирлаб гуллайди. Чунки, унда эл йўқолади. Бундай фалокатдан ҳар бир халқни Худонинг ўзи асрасин!
Кейинги пайтларда ўзбек тили фани бўйича давлат аттестациясини жорий этиш масаласида гаплар бўлаяпти. Бу жуда яхши. Ушбу давлат аттестацияси мактаблар, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ўртасида ҳам, шунингдек, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари миқёсида ҳам ўтказилиши керак. Шунда ҳар қандай корхона ё ташкилот раҳбари ўзи раҳбарлик қилаётган жойда давлат тилига муносабат қандайлигини яхшироқ ҳис этади. Қолаверса, бу иш давлат тилининг нуфузини оширишда амалий чора бўлади, масъулиятни кучайтиради.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш борасида олдимизда улкан ва шарафли ишлар турибди. Олимларимиз, адиб ва шоирларимиз амалга оширадиган қатор вазифалар борки, бунинг ўзи алоҳида катта мавзу. Ёзсак бир китоб бўлади. Муҳими, инсоният бошидан кечираётган хатарли кечмишлар олдида бефарқ бўлмайлик. Она Тил, Она Ер, Она Ватан тақдирига ўз тақдиримиз деб қарайлик. Ана шунда бир-биримизга қараб “Биз нега шундаймиз?” деган афсусли саволни бермаймиз.
Глобаллашув сабаб дунёда ўнлаб тиллар таназзулга учраяпти. Мутахассислар фикрига кўра, ХХI асрда 600та тил йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бу дунё миқёсидаги катта хатар. Тиллар йўқолиши милллатлар, ватанлар йўқолиши, тарихлар йўқолиши деганидир. Бундай вазиятда ҳар бир халқ ўз тараддудини ўзи кўриши керак. Она тилимизнинг абадияти бизнинг муҳаббатимиз ва садоқатимиз билан кафолатланади.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижроси учун ҳар биримиз ва ҳаммамиз масъулмиз. Шу билан миллатмиз, шу билан халқмиз.
Эшқобил ШУКУР,
“Маънавий ҳаёт” журнали
бош муҳаррири.
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси, №1(1) 2020 йил 25 январь.