Жорий йилнинг бошидан қисқа вақт ичида дунёга ёйилган коронавирус пандемияси давлатларнинг ўз фуқароларини кутилмаган офатдан ўз вақтида ва ишончли ҳимоя қила олишга нечоғли тайёр ва қодир эканлигини синовдан ўтказмоқда. Жаҳондаги вазиятни диққат билан кузатаётган халқаро экспертларнинг қайд этишларича, пандемия деярли барча давлатларнинг “кучли ва ожиз томонларини яққол кўрсатиб қўйди”. Иқтисодий ва ҳарбий-техник имкониятлари мислсиз юксаклиги билан неча ўн йиллардан буён жаҳон аҳлининг ҳавасини тортиб келаётган айрим муттарақий давлатлар ва уларнинг фуқаролари ҳам бу “кўз илғамас ёв” олдида саросимага тушиб қолганини таъкидлашмоқда.
Мамлакатларнинг имкониятларини бугунги ўта мураккаб шароит тақозоси билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилаётган кузатувчилар Янги Ўзбекистонга ўз фуқароларини ҳар қандай шароитда ҳимоясига олишга қодир давлат сифатида баҳо бермоқда. Бунда улар Ўзбекистонда COVID-19 инфекцияси билан зарарланган илк бемор аниқланган 15 мартдан буён ўтган бир ярим ой мобайнида тезкорлик, собитқадамлик ва очиқлик асосида, халқ билан бамаслаҳат амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг юксак самарадорлигини ибрат сифатида келтирмоқда.
Мамлакатимизда пандемия ҳамда унинг таъсирида юзага келган иқтисодий инқирознинг салбий оқибатларига барҳам бериш ва юмшатиш борасида ғоят мураккаб шароитда эришилаётган бундай муваффақияларнинг омиллари нимада?
Янги Ўзбекистон ва замон синовлари
Бу, аввало, асрлар оша шаклланиб, истиқлол даврида мустаҳкамланган ва сўнгги йилларда замон талабларидан келиб чиқиб, тубдан такомиллаштирилган ўзбек миллий давлатчилигига хос сиёсий бошқарув анъаналари, энг муҳими, барча соҳаларда очиқлик ва демократия, халқ билан мулоқот кенг йўлга қўйилгани натижасидир. Ушбу мураккаб глобал тарихий эврилишлар даврида Янги Ўзбекистон давлат сифатида жиддий синовдан муваффақиятли ўтмоқда, дейиш учун барча асослар бор.
Дунёга кенг ёйилган офат ва унинг оқибатлари моҳиятини, хавф-хатарини эл-юрт манфаатлари нуқтаи назаридан ўз вақтида тўғри баҳолай олиш, бунда мамлакат ва халқ, ҳар бир фуқаронинг тақдири учун улкан масъулиятни чуқур ҳис қилиш туйғусининг устуворлиги ёрқин намоён бўлди.
Буни ўтган воқеалар ривожидан яққол кўриш мумкин. Коронавирусга чалинган илк бемор аниқланган 15 март куни мамлакатимизда вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Президентимиз топшириғига мувофиқ, Республика махсус комиссияси тузилган эди. Аввало, чет элларга чиқиш ва кириш борасида чекловлар жорий этилди.
Хориждан қайтганлар ва улар билан мулоқотда бўлган кишилар карантинга олиниб, одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланди. 16 март кунидан бошлаб барча таълим даргоҳларида таътил эълон қилинди. 80 минг талаба марказлашган ҳолда уйларига жўнатилди.
Ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилиб, эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрила бошланди.
Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, тиббий ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.
Эътибор берган бўлсангиз, мамлакатимиз фуқароларининг асосий ҳужжатида “Ушбу паспорт эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир” деб ёзиб қўйилган. Ушбу қайд мамлакатимиз фуқароси ким ва қаерда бўлишидан қатъи назар, давлатимиз муҳофазасида, меҳри-эътиборида эканининг ишончли кафолатидир.
Бундай ғамхўрликнинг кўлами тобора кенгайиб бораётгани 2019 йилнинг 23 декабрь куни мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга ўтган сайловлар жараёнида ҳам яққол тасдиғини топган эди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта хорижда ўқиб, ишлаб, яшаб турган барча ватандошларимиз учун сайловда овоз бериш имконияти яратилди. Фуқаролар сайлов ҳуқуқининг бундай кенг кўламда таъминланиши уларнинг давлатимизга бўлгани меҳрини ва ишончини сарбаланд қилмоқда. Зеро, аввалги сайловларда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналари консуллик идораларида расман рўйхатда турган жуда кам сонли фуқароларгина қатнашган.
Пандемия бошланиши билан хориждаги ўн минглаб юртдошларимиз чартер авиарейслари орқали Ватанимизга олиб келинди. Тиббий кўрикдан ўтказилиб, бетоблари шифохоналарга жойлаштирилди ва тўла даволанди. Чет элда бўлиб турган фуқароларимизга эса мамлакатимиз элчихоналари томонидан барча зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Юксак ишонч ва самимий даъват
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бевосита халқимизга мурожаат қилар экан, вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлади, “миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади”, деб қатъий ишонч билдирди.
Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, фарзандларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарурлигини қайд этди. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чора эканини уқтирди.
Мамлакатимизда етарли даражада озиқ-овқат захиралари мавжудлиги, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқлиги, аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозимлигини айтди.
Давлатимиз раҳбарининг 19 март куни қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ҳамда ундан кейин имзоланган қарорларида юзага келган мураккаб шароитда амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим, жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари барқарор ишлашини таъминлаш ва фуқароларнинг даромадлари пасайиб кетишига йўл қўймаслик борасидаги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Ижроси қатъий назоратга олинди.
Давлатимиз коронавирусни жиловлаш, COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни аниқлаш ва даволаш, профилактика қилиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олди. Бу буюк инсонпарвалик миссияси айрим мамлакатларни ўз забтига олган саросима ва парокандаликнинг йўлини тўсиш, жамиятимизда қарор топган тинчлик-осойишталикни, одамларимиздаги хотиржамликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Фозилу фузало, айниқса, тиббиёт соҳаси мутахассислари билан бамаслаҳат кўрилган бундай ишончли чора-тадбирлар самарасида Ўзбекистонга касалликнинг оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишининг олди олинди.
Тошкентда коронавирусга чалинган дастлабки бемор аниқланган кунлари баъзи таҳлилчилар Ўзбекистоннинг бошига ҳам Европадаги айрим ривожланган давлатлар, жумладан, Италиянинг куни тушишини тахмин қилган эди. Мазкур мамлакатда тождор вирус чангалига тушган биринчи бемор аниқланган 2 мартдан сўнг ўтган вақт мобайнида коронавирусни юқтирганлар сони 204 мингдан ошиб кетди. Вафот этганлар эса қарийб 28 мингга етди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда инфекция юқтирганларнинг бир миллион аҳолига нисбати дунё бўйича ўртача рақамдан қарийб 7 баробар кам. Шукрки, вафот этганлар эса янада оз: бир миллион аҳолига нисбатан 0,2 та ҳолат (дунёда 27,1).
Бу мамлакатимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотларнинг қатъият билан давом эттирилаётгани, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, бу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадларини кўпайтириш борасида кўрилаётган изчил чора-тадбирларнинг амалдаги самараларидир.
Коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ҳар бир бемор учун 64 миллион сўмгача, карантинда бўлиб турганларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантин давомида 2,4 миллион сўмгача, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор учун 2,8 миллион сўмгача сарфланаётир.
“Кўз илғамас ёв”га қарши курашнинг олдинги сафларида жасорат кўрсатаётган шифокорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид ишларнинг кўлами пандемия даврида янада кенгайтирилмоқда.
Фазилат қидирган эл
Халқимиз буюк синов олдида саросима ва таҳликага тушмади.
Элнинг буюклиги сони-салмоғида эмас, энг аввало, юрт бошига кулфат тушганида, унга бир ёқадан бош чиқариб, қарши кураша олишида, юксак маънавияти ва маданиятида кўринади.
Бу буюклик Яратганнинг ҳар бир синовини ҳикмат деб билган, бир-биридан камчилик эмас, фазилат қидирган халқимизнинг узоқни кўриб иш юритаётган ўз йўлбошчиси атрофида янада жипслашганида намоён бўлмоқда. Ташвишли кунларда фуқароларнинг вазиятни тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашаётгани, аҳиллиги, бир-бирига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётгани, тартиб-интизом ва саришталик турмуш тарзига айланган одамларимизнинг иймони бутунлиги, юксак маънавиятидан ёрқин далолатдир.
Буни жамоатчилик фикри бўйича яқинда ўтказилган сўров натижаларидан ҳам кўриш мумкин. Мамлакатимиз фуқароларининг 94 фоизи “Уйда қолинг!” деган чақириққа, карантин талабларига тўлиқ риоя қилишни ўзининг муҳим бурчи деб ҳисоблайди. Глобал офатни шифокорлар маслаҳатларига қатъий амал қилиш орқалигина енгиш мумкинлигини тўғри тушунади. Фуқароларнинг 92,3 фоизи мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида улкан меҳр ва собитқадамлик билан амалга оширилаётган чора-тадбирларни кенг қўллаб-қувватламоқда, давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилаётган ва юксак самаралар бераётган катта ғамхўрлик, деб ҳисоблайди.
Айни пайтда эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, беморлар, ишламаётганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш – “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига айланди. Бу ҳаракатда тадбиркорлар, барча саховатли юртдошларимиз эҳтиёжманд оилаларни ўз қарамоғига олиб, виждон амри билан иш тутмоқда. Моҳи Рамазон кунлари бундай ишлар кўлами янада кенгайиб бораётгани ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлайди.
Меҳр-саховат миллатимизнинг қонида бор. Оммавий ахборот воситаларини кузатиб бораётган киши бунга тўла амин бўлади. “Синовни саховат билан енгамиз”, “Савобли амаллар – виждон иши”, “Ишбилармон депутат минг оилани оталиққа олди”, “Шарифа опа Ҳаж учун йиққан пулини хайрия қилди”, “Боқувчисини йўқотган қирқ етти оилага сигир ҳадия қилинди”... Бундай ҳушхабарларни ҳар куни юзлаб, минглаб эшитиш, ўқиш ва кузатиш мумкин.
Уларнинг ёнига миллионлаб, миллиардлаб пул, тиббий жиҳозлар, гигиена буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотларини беғараз ҳадия қилаётган минглаб, миллионлаб юртдошларимизни қўшинг. Йиғилган маблағларни, маҳсулотларни, жиҳозларни, китобларни юксак тартиб-интизом ва ҳалоллик билан эҳтиёжмандлар ўртасида тақсимлаётган ва уларнинг уйларигача беминнат етказиб бериб, самимий дуосини олаётган минглаб кўнгиллиларни қўшинг.
Синовни руҳий покланиш учун имконият, савобни саодат деб билган бундай Ватандошларимизнинг орасида оддий фуқаролардан то етти иқлимга донғи кетган тадбиркорларгача, таниқли санъаткорлардан то жаҳон шоҳсупаларини эгаллаган спортчиларгача, халқ севган шоиру шуъародан то олиму уламоларгача, илми толибларгача бор. Кимдир орттирган пули, кимдир беморларга қуйиш учун тоза қони, кимдир эл-юртига кушойиш, хасталарга шифо тилаган дуоси билан бир-бирига самимий ёрдам бераётир.
Ўзбекистонда бирор фуқаро меҳр-эътибордан четда қолаётгани йўқ, қолмайди ҳам!
Кўлами беҳад кенг, салмоғи ғоят баланд бундай хайрли ишларни улкан мамлакат миқёсида – ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳаллада саросимага тушмасдан ташкил этишнинг ўзи нақадар катта масъулият, қатъий тартиб-интизом талаб қилишини чамалаб кўринг. Айтишга осон!
Бошқарув меҳр-оқибат, самимият билан йўғрилган мамлакатда садоқат, ишонч ва барака бардавом бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллатимизга, халқимизга кўрсатаётган самимий ғамхўрлиги фуқароларнинг давлатимизга, дадиллик билан амалга оширилаётган ислоҳатларга бўлган ишончини ва меҳрини тобора юксалтирмоқда. Неча ўн йиллардан буён йиғилиб қолган муаммоларга, эл бошига тушаётган турли синовларга ана шу улкан ишонч кўприги ўлароқ ҳамжиҳатликда барҳам берилмоқда. Мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора юксалмоқда. Бу кун Янги Ўзбекистоннинг фуқаросиман деб айтиш фахр-ифтихорга айланди.
Ҳа, дилларнинг покланаётгани атроф-муҳит мусаффолигида ҳам ўз инъикосини топмоқда. Мутахассисларнинг қайд этишларича, шу кунларда барча шаҳар-қишлоқларимизнинг, айниқса, пойтахтимиз Тошкентнинг кўчалари, маҳаллалари ва осмони ғоят тозарган. Осмонида қора булут каби соя солиб турган қуримдан фориғ бўлган.
Янгича руҳ, янгича иштиёқ
Карантин пайтида барча таълим муассасалари ёпилиб, машғулотлар онлайн тартибда ўтказиладиган янги шароитга тезкорлик билан мослаштирилди. Айни пайтда, минглаб ташкилот ва муассасаларнинг ходимлари масофадан, яъни уй шароитида ишлашга киришди. Узлуксиз таълим, меҳнат жараёни тўхтаб қолмади. Аксинча, янгича руҳ, янгича иштиёқ билан давом эттирилмоқда.
Бу мамлакатимизда жорий йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини янада такомиллаштириш, кўламини кенгайтириш ва тезлаштириш имконини бермоқда. Қачонлардир йиллаб вақт кетган ва жойидан силжитиш қийин бўлган замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланишга ўтиш борасидаги кўникмалар саноқли кунларда эгалланди.
Бу жараённи муттасил кузатиб келаётган Жаҳон банкининг синчков мутахассислари: “Ўзбекистон таълимни пандемияга тезда мослаштира олди”, деб эътироф этди. Қайд қилинишича, илк бемор рўйхатга олинган кундан икки кун ўтгач, Халқ таълими вазирлиги карантин даврида 6,1 миллион ўқувчини масофадан ўқитишни жорий этиш бўйича мисли кўрилмаган режани амалга оширишга киришган. Республикада интернет қамровининг чеклангани туфайли телевизион дарсларга эътиборнинг кучайиши Ўзбекистон ҳукуматининг анъанавий ўқитиш усулларининг вақтинча тўхтатилган даврдаги энг мақбул ва самарали ишидир. Шу йўл билан бутун мамлакатни қамраб олиш одамлардан қўшимча харажат ва янги инфратузилма талаб қилмайди.
Таъкидланишича, бир неча кун ичида уч юз элликдан ортиқ видеодарс ўзбек, рус ва имо-ишора тилида миллий телеканалларда намойиш этилиб, материаллар вазирликнинг ижтимоий платформаларида, шу жумладан, Youtube ва Мover.uz видео-хостларида ҳам жойлаштирилган.
Олий таълим вазирлигининг электрон манбаларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилгани таҳсинга сазовордир. Бу барча талабалар учун онлайн таълим олиш имкониятини янада оширди.
Ҳозир кунига ўртача юзта видеодарс тармоққа жойланмоқда. Бу ўқув дастурларининг пандемия даврида узлуксиз ўтилишига хизмат қилади.
Шу кунларда мамлакатимизда вирус тарқалиши кескин камайиб, бу дарддан тузалаётган беморлар тобора кўпаймоқда. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, юртимиз тез орада бу офатдан бутунлай фориғ бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қўлга киритилаётган бундай муваффақиятлар барча синовлардан шараф билан ўтаётган Янги Ўзбекистонимиз пандемиядан кейинги даврга янада кучли, янада замонавийлашган, иқтисодиёти янада ривожланган, халқаро нуфузи янада юксалган, фуқароларининг истиқболга ишончи янада ошган, истиқлол қуёши янада чарақлаган мамлакат сифатида дадил қадам қўяди, дейишимиз учун асос бўла олади.
Мирзо Улуғбек АБДУСАЛОМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси Раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси.
2020 йил 1 май.