• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Суд органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўзига хос хусусиятлари
09.09.2020
2303
Замонавий демократик жамиятда омма учун ёпиқ ёки жамоат назоратидан холи тарзда мавжуд бўла оладиган давлат ҳаётининг бирор бир соҳаси ёки институти йўқ. Ҳокимият жамиятдан ниманидир яширган ёки етарли ва холис бўлмаган ахборотни бера бошлаган заҳотиёқ унинг фаолияти шубҳа остига олинади.

Замонавий демократик жамиятда омма учун ёпиқ ёки жамоат назоратидан холи тарзда мавжуд бўла оладиган давлат ҳаётининг бирор бир соҳаси ёки институти йўқ. Ҳокимият жамиятдан ниманидир яширган ёки етарли ва холис бўлмаган ахборотни бера бошлаган заҳотиёқ унинг фаолияти шубҳа остига олинади. Ўз навбатида, давлат ҳокимияти органларининг шаффофлиги (ошкоралиги) – бу фақатгина давлатнинг фуқаролик жамияти олдидаги мажбурияти эмас, балки ҳукумат фаолиятининг ушбу жамиятдаги легитимлиги (қонунийлиги)нинг муҳим шарти ҳам саналади.

Шунинг учун ҳукумат қонуний (легитим) бўлиши учун унинг фаолияти кенг маънода шаффоф (ошкора): оммавий, очиқ ва жамоатчилик назорати остида бўлиши лозим. Шу маънода, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонунлар ижросининг таъминланиши устидан фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлиги муҳим аҳамиятга эга.

Жамиятда легитим бўлиш (қонуний фаолият юритиш) талаби, судларнинг ҳам фаолиятига бирдек таалуқли. Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунида жамоатчилик назорати тўғрисида норма мавжуд эмас. Бироқ бу дегани, мазкур давлат органининг фаолияти жамоатчилик назоратидан четда эканлигини англатмайди.

Давлатнинг муҳим институтларидан бири сифатида суд ҳокимияти ҳам жамоатчилик назоратига эҳтиёж сезади. Суднинг ҳар бир қадами жамият учун очиқ ва ошкора бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”, дейилган. Бироқ ушбу мустақиллик суднинг қонуний ишига аралашмаган ҳолда, фаолиятининг қонунийлигини жамоатчилик томонидан назорат қилинишига тўсқинлик қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, қонунда белгиланган бу мустақиллик принципи бошбошдоқликни келтириб чиқариш хавфи юзага келади.

Қонуннинг 5-моддасида “Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт”, дейилган норма мавжуд. Бундан кўриниб турибдики, суд ҳужжатлари ҳам қонунлар каби барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурий бўлиб, мамлакатнинг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Шундай экан, суд ҳужжатларининг қонунийлиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш учун ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниш жараёни устидан қатъий жамоатчилик назорати зарур. Айнан, суд ҳокимиятининг очиқлиги ва шаффофлиги судлар фаолияти устидан асосли, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкониятини яратади. Шунинг учун ҳам бир томондан давлат, иккинчи томондан эса суд хокимияти вакиллари ўз фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашдан манфаатдор бўлишлари лозим.

Судларнинг фаолияти серқирра эканлигини эътироф этган ҳолда амалдаги қонунларимизда судлар томонидан жиноят ишларини кўришда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг қандай механизми мавжуд эканлигига қуйидаги мисоллар орқали бир назар ташласак.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 21-моддасида “Жиноят иши бўйича тергов олиб бориш ва ишни судда кўриш чоғида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир этилган ҳолатларни аниқлаб олиш, айбдорларни қидириш ва фош этиш, адолатли ҳукм чиқариш, шунингдек, жиноятнинг содир этилиш сабаблари ва унга имкон берган шароитларни аниқлаш учун ўз ваколатлари доирасида жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга ҳақлидир. Жамоат бирлашмалари ва жамоаларнинг вакиллари жиноят ишини юритишда жамоат айбловчилари ҳамда жамоат ҳимоячилари тариқасида қатнашишга ҳақлидир”, дейилган. Бундан кўриниб турибдики, жиноят ишини судда кўриш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ёки меҳнат жамоаларининг вакиллари жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этишлари мумкин. Бундай иштирок орқали вакил хоҳ у жамоат айбловчиси, хоҳ жамоат ҳимоячиси бўлсин, ўзининг процессуал вазифасини адо этиш баробарида суд тамонидан жиноят ишини кўриб чиқиш, адолатли, холис ва қонуний қарор қабул қилиниши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Судлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг яна бир кўриниши “халқ маслаҳатчилари” институти саналади.

Қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланади. Улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эга. Жиноят процессуал кодексининг 14-моддасига мувофиқ, одил судловни амалга оширишда судьялар ва халқ маслаҳатчилари мустақилдирлар ҳамда фақат қонунга бўйсунадилар. Судьялар ва халқ маслаҳатчилари жиноят ишларини қонун асосида кўриб чиқадилар ва ҳал қиладилар. Кўриниб турибдики, жиноят ишларини кўриб чиқишда суд процессининг бошидан охирига қадар халқ маслаҳатчилари худди судьялар каби мустақил ва қонунга бўйсунган ҳолда иштирок этади. Бундай иштирок ҳам халқ вакили бўлган халқ маслаҳатчилари томонидан судьялар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятини яратади.

Яна бир муҳим масала, бу суд ходимларини танлаш ва судьялар корпусини шакллантиришда қонунийлик, очиқлик ва адолатлилик принципларига амал қилиш саналади. Кейинги тўрт йил давомида мамлакатда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари туфайли ушбу вазифа ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хусусан, Судьялар Олий кенгаши, Олий кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг таклифига биноан судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг холислиги ва шаффофлигига ишончни ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашувчи комиссиялар тузилганлиги сўзимизга исбот бўла олади.

Шу билан бирга судларда фуқароларнинг ҳуқуқларини қонундан оғишмай ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлашда суд ходимларининг профессионал билим ва амалий кўникмаларга эга бўлиши долзарб аҳамият касб этади. Маълумки, судьялар ўз фаолияти давомида амалдаги қонун ҳужжатларини адолатли тарзда ва бир хилда қўллай олишлари учун ўз профессионал маҳоратини доимий равишда ошириб боришлари лозим. “Судьялар одоб-ахлоқ қоидалари”да ҳам судья ўз малакасини юқори даражада ушлаб туришга, назарий билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб боришга мажбурлиги қайд этилган. Шу боис узлуксиз таълим олиш ва ўз малакасини ошириб бориш судьянинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Қолаверса, судьялар мустақил таълим олиш усули орқали ўз билим ва кўникмаларини орттириб бориши лозим. Судьянинг мустақил таълим олиши – кундалик фаолиятининг бир қисми бўлиб, бунда у асосий ишдан бўш вақтларида, уйда, иш фаолияти давомида малакасини ошириб бориши талаб қилинади. Мустақил таълим олиш жараёнида судья доимий равишда изланиши, амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларни амалиётда тўғри қўллашга оид адабиётлар ҳамда суд амалиётини мунтазам кузатиб, таҳлил қилиб бориши керак бўлади. Бунда у йўл қўйилган хато ва камчиликларнинг сабабларини ўрганиши, ўз фаолиятида уларни такрорламаслик чораларини кўриши зарур. Зеро, судьялар малакасини ошириш одил судлов самарадорлигини таъминлашнинг муҳим омилидир.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳокимиятининг фаолияти қанчалик очиқ ва ошкора, жамоатчилик назорати остида бўладиган бўлса, унга нисбатан аҳолининг ишончи ортиб боради. Суд ҳокимиятига нисбатан аҳоли ишончининг ортиши эса улар фаолияти самарадорлигининг муҳим шартларидан бири саналади. Бу ерда бир нарсани эътибордан четда қолдирмаслик лозим, яъни жамоатчилик ишончининг даражаси, жамоатчилик ушбу давлат органи фаолиятидан қанчалик хабардор эканлигига боғлиқ. Умуман суд органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг такомиллаштирилиши мамлакатда қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва умумжамият манфаатларининг ҳимоясини кучайтириш манфаатларига хизмат қилади.

Худоёр МАМАТОВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази, Қонунчилик техникаси ва коррупцияга қарши экспертиза кафедраси профессори.