Шу йил 27 октябрь куни Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси томонидан сайлов мавзусига бағишланган онлайн халқаро форум ўтказилди.
Форум “Пандемияни енгиб, демократия сари” деб номланган бўлиб, у иккита сессияда амалга оширилди. Ушбу сессияларда сайлов соҳаси бўйича таниқли халқаро экспертлар ўз маърузалари билан чиқиш қилдилар.
Маълумки, Сайлов бўйича Сеул Халқаро форуми 2015 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Бу вақт ичида ушбу форум сайлов ва демократия соҳасидаги глобал миқёсдаги экспертлар, сайловларни бошқариш органлари вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар иштирок этадиган муҳим тадбирга айланиб улгурди.
Сайлов бўйича Сеул Халқаро Форуми (ССХФ) сайлов ва демократия соҳасидаги экспертларни тўплаш, фаол дискуссиялар ва тақдимотлар орқали сайлов тизимларини ва бутун дунёда демократияни янада ривожлантириш, глобал демократияни ривожлантиришга қаратилган чораларни излаб топишга интилади.
Бу сафар COVID-19 пандемияси туфайли ушбу форум биринчи марта онлайн шаклда видеоконференция кўринишида ўтказилди.
COVID-19 инқирози ҳаётнинг турли соҳаларига таъсир қилди ва келгусида ҳам янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Сайловлар-демократиянинг муҳим механизми ҳисобланади. COVID-19 инқирози даврида бир неча мамлакатларда сайловлар ўтказилиши қолдирилди ёки тўхтатилди, сайловлар белгиланган мамлакатларда эса уни ўтказиш жараёнида COVID-19 пандемиясини енгиб ўтиш ва сайловларни хавфсиз шароитларда ўтказиш билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келинмоқда.
Тадбирнинг биринчи сессиясида “Турли давлатларда махсус овоз бериш: муддатларни ва географик чегараларни кенгайтирилиши” мавзуси ўртага ташланди.
Унда таъкидланганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси”нинг 21-моддасига мувофиқ, сайловлар “яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказилиши керак”. Ҳозирги пайтда ушбу қоида бошқача маъно касб этмоқдаки, сайловларни бошқарувчи органлар сайловларда янгича “овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар”ни, яъни “муддатидан олдин овоз бериш”, “хорижда овоз бериш”, “почта орқали овоз бериш”, “ишончнома орқали овоз бериш”, “мобил овоз бериш” ва “онлайн овоз бериш формаси”ни қўлламоқдалар, буларнинг барчаси “тенглик, ижтимоий ҳаққонийлик, демократия ва иштирок этишлик билан боғлиқ бўлган инклюзив сайлов”га эришиш мақсадида амалга оширилмоқда.
“COVID-19 билан курашиш жараёнида сайловларни бошқариш бўйича Корея тақдимоти” мавзусига бағишланган иккинчи сессияда 2020 йил апрель ойида Корея Республикасининг 21-чақириқ Миллий мажлисига ўтказилган сайловларга тўхталиб ўтилди. Ушбу сайловлар ЖССТ томонидан COVID-19 пандемияси эълон қилингандан сўнг ўтказилган биринчи умуммиллий сайловлар сифатида қайд этилган эди. Мазкур сайловдан орттирилган тажрибаларни пандемия шароитида сайлов ўтказадиган бошқа давлатлар намуна сифатида фойдаланишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, соҳа экспертларининг Кореяда ўтказилган ушбу сайловларни бошқариш жараёнидаги кузатувларидан олинган муҳим хулосалари ва таклифларидан иборат тақдимот ўтказилди.