• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ: СОБИТҚАДАМЛИК САМАРАЛАРИ
22.12.2020
1405
Мамлакатимизда парламент ва маҳаллий вакиллик органларига янги қонунчилик асосида сайловлар бўлиб ўтганига роппа-роса бир йил тўлди.

Мамлакатимизда парламент ва маҳаллий вакиллик органларига янги қонунчилик асосида сайловлар бўлиб ўтганига роппа-роса бир йил тўлди.

 

Демократик давлатда ва жамиятда халқнинг хоҳиш-иродаси бирламчи манба сифатида эътироф этилади ва унга оғишмай амал қилинади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи”, 32-моддасида эса “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга” эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Мазкур ҳуқуқлар айнан сайловларда ўзининг амалий ифодасини топади. Конституцияда сайлов масалаларига махсус бобнинг бағишланганлиги мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигини шакллантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Ушбу конституциявий қоида, айни пайтда, мустақил Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини мунтазам такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

 

Шу нуқтаи назардан, сўнгги йилларда сайлов қонунчилиги ва амалиётида рўёбга чиқарилган ўзгаришларга эътибор қаратсак, миллий сайлов соҳасида тизимли равишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юксак самаралари намоён бўлади. Кейинги олти йилда Ўзбекистонда икки марта парламент ва икки марта президентлик сайловлари ўтказилди.

 

Бу сайловларда орттирилган катта амалий ва ҳуқуқий тажриба, шунингдек миллий ва халқаро кузатувчилар томонидан билдирилган тавсиялар сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутди.

 

2014 йили Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига тузатишлар киритилиб, Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақом берилди ҳамда уни шакллантириш ва мустақил фаолиятини амалга оширишнинг кафолатлари белгиланди.

 

Бунда Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг ваколати муайян муддат билан чекланмагани ва маҳаллий вакиллик органлари ҳамда парламент палаталари томонидан шакллантирилиши фаолияти мустақиллигининг муҳим кафолатларидан биридир.

 

2015 йили айбсизлик презумпциясига амал қилган ҳолда, тергов остида бўлган ва ҳали суд ҳукми билан айбли деб топилмаган шахсларнинг сайловда иштирок этишини таъминлаш учун вақтинчалик қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини очиш лозимлиги қонунан белгиланди.

 

Шунингдек, халқаро сайлов стандартларидан келиб чиқиб, президентликка номзодларни қўллаб-қувватловчи имзолар сони кескин камайтирилди. Хусусан, зарур бўлган имзолар сони сайловчилар умумий сонининг беш фоизидан бир фоиз миқдорига қадар туширилди.

 

2019 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан сайловга оид мавжуд бешта қонун ва ўнлаб қонуности ҳужжатларини ўзида жамлаган яхлит Сайлов кодексининг қабул қилиниши сайлов амалиётини янги сифат босқичига кўтариш учун муҳим ҳуқуқий замин яратди.

 

Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан энг аввало, сайлов қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш, яъни кодекслаштириш орқали бир-бирига ўхшаш нормалар бартараф этилди, ушбу қонунчилик тармоғи унификациялашди.

 

Кодекс лойиҳаси Венеция комиссиясининг халқаро ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилди ва тегишли хулосаси олинди. Кодексга бир қатор халқаро сайлов стандартлари, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари сингдирилди. Натижада Сайлов кодекси бир қатор янгиликлар билан бойитилди.

 

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишига рухсат берилгани, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Экологик ҳаракат учун илгари ажратиб келинган ўн бешта депутатлик ўрни квотаси бекор қилиниб, қуйи палатанинг барча депутатлари бевосита фуқаролар томонидан сайланиши, нодавлат нотижорат ташкилот – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан вакиллар сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши, сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд президентлика номзодни қўллаб-қувватловчи имзо қўйишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилгани ана шундай муҳим ўзгаришлар жумласидандир.

 

Сайлов қонунчилиги ва амалиётидаги ислоҳотлар нафақат сайлов жараёнининг иштирокчилари, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилди. Бу 2019 йилда бўлиб ўтган давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловларда ҳам яққол намоён бўлди.

 

Хусусан, ЕХҲТ Бюросининг 2019 йили “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган парламент сайловларини кузатган тўлақонли миссияси ҳисоботида бир қатор ижобий ўзгаришлар эътироф этилган.

 

Хусусан, “бу галги сайловлар такомиллашган қонунчилик ва мустақил фикрга асосланган толерантлик муҳитида ўтказилди. Сўз ва матбуот эркинлиги сезиларли даражада кенгайган. Оммавий ахборот воситаларида аксарияти жонли эфирда намойиш қилинган дебатлар бўлиб ўтди. Янги қабул қилинган Сайлов кодекси миллий сайлов қонунчилигини ЕХҲТ қоидалари, Ўзбекистон томонидан олинган бошқа халқаро мажбуриятлар ва стандартларга яқинлаштириш имконини берди. Сайловлар амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини кўрсатди”, деб таъкидланади миссиянинг ҳисоботида.

 

ЕХҲТ Бюросининг олдинги йиллардаги сайловларни кузатиш бўйича билдирган фикрларида миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш, овоз берувчилар учун танлаш имкониятини янада кенгайтириш, ташаббускорлик муҳитини рағбатлантириш, шу мақсадда мавжуд камчиликларни бартараф этиш,  оммавий ахборот воситалари билан ишлашни яхшилашга доир қатор тавсиялар бор эди. 

 

Шубҳасиз, 2019 йили янгиланган сайлов қонунчилиги ҳамда мамлакатимизда тобора мустаҳкамланиб ва кенгайиб бораётган очиқлик ва ошкоралик муҳити Марказий сайлов комиссиясига ўтган йилги парламент сайловларини янада янги, юксак сифат босқичида ташкил этиш имконини берди.

 

Собитқадамлик билан амалга оширилаётган бундай тизимли ўзгаришлар нималарда кўринади?

 

“Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини амалда таъминлаш учун Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатининг шакллантирилиши Ўзбекистон миллий сайлов тизимидаги мутлақо янги амалиёт бўлди. Мазкур рўйхатга сайлов ёшидаги 20,5 миллиондан зиёд фуқарога доир маълумотлар киритилди ва ундан сайловлар жараёнида фойдаланилди.

 

Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга сайловолди учрашувларини ўтказишлари учун ҳар қачонгидан кенг шарт-шароит ва имконият яратилди. Улар ўтказган 26 теледебат тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Буларнинг барчаси замонавий Ўзбекистон тарихида сайловларни илк бор реал рақобат муҳитида ўтишига хизмат қилди.

 

Хорижда яшаб турган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилгани ҳам ана шундай муҳим ўзгаришлар сирасидандир. 38 мамлакатда ташкил этилган 55 сайлов участкасида 112 411 нафар юртдошимиз ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб овоз берди. Аввалги сайловларда мамлакатимизнинг чет элдаги ваколатхоналарида консуллик рўйхатидан ўтган фуқароларгина овоз бера олган.

 

Сайловларга тайёргарлик жараёнида 180 минг нафарга яқин сайлов комиссиялари аъзолари амалий семинар-тренингларда ўқитилди.

 

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахслар мамлакатимиз тарихида биринчи марта овоз бериш шарафига муяссар бўлгани ҳам Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимидаги энг муҳим янгиликлардандир. Ўтган сайловда 4308 нафар ана шундай шахс ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланди.

Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва оддий фуқароларнинг жойларда сайлов қонунчилигининг бузилиши ҳолатларига оид хабарларига тезкорлик билан муносабат билдириш, зарур ҳолларда тегишли тартибда ҳуқуқий чора кўриш механизми яратилди.

 

Алоҳида таъкидлаш зарурки, бу, энг аввало, Янги Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий муҳит ўзгаргани, демократия, очиқлик ва ошкоралик принциплари амалда рўёбга чиқа бошлаганининг яққол тасдиғидир. Катта донишмандлик, халқпарварлик, ватанпарварлик, миллий анъаналар ҳамда замонавий демократия ғояларига улкан садоқат ва кучли сиёсий ирода талаб этадиган бундай ислоҳотлар собитқадамлик билан давом эттирилаётганини бутун дунё кўриб, хайрихоҳ кузатиб турибди.

 

Сайлов кодексининг қабул қилиниши ва амалиётга муваффақиятли жорий этилиши истиқлол йилларида шаклланган миллий сайлов қонунчилигимизни, демократик сайловларни ўтказиш бўйича қарийб 30 йиллик тажрибамизни янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш сари қўйилган катта қадам бўлди.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан илк бор 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловлари бўйича таҳлилий ахборот ишлаб чиқилди ва унда сайловларни ташкил этишда эришилган ютуқлар билан бирга, юзага келган камчилик ва муаммолар, белгиланадиган чора-тадбирлар ўз ифодасини топди.

 

Миллий сайлов қонунчилигимизни янада такомиллаштириш, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш доимий ва мунтазам давом этадиган жараёндир.

 

Сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича халқаро ташкилотларнинг тавсиялари мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда, албатта, халқимизнинг миллий аънаналари ва ўзига хос маданий қадриятларидан келиб чиққан ҳолда инобатга олинади ва жорий этилади.

 

Энг муҳими, Янги Ўзбекистонимизда собитқадамлик билан тобора мустаҳкамланиб бораётган демократияни қатъий қарор топтириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қиладиган шарт-шароитларни янада яхшилаш учун бор куч ва имкониятлар ишга солинади.

 

Маҳмуд ИСТАМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Раисининг ўринбосари

 

"Янги Ўзбекистон" газетасининг

 2020 йил 22 декабрь, 248-сон