Хабарингизбор, 2021 йил 10 январь куни Қирғиз Республикасида навбатдан ташқари президент сайловлари ва Қирғизистоннинг бошқарув шаклини аниқлаш учун референдум бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам халқаро кузатувчи сифатида Қирғизистонда бўлиб туришибди.
Делегацияси таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Марказий сайлов комиссияси, Наманган, Aндижон, Фарғона вилоятлари сайлов комиссия аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари бор. Улар сайловларни ШҲТ, МДҲ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкилоти каби халқаро ташкилотларнинг миссия аъзолари сафида кузатишади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси МСК томонидан 2 нафар, ШҲТ Миссиясидан 1 нафар, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкилотидан 1 нафар, МДҲ ПА миссияси таркибида 2 нафар, МДҲ миссияси таркибида, шу жумладан сайлов куни чегарадош вилоятларга юбориладиган кузатувчилар сони 31 нафарни ташкил этмоқда. Бугун улар сайлов участкаларида яратилган шароитлар ва овоз бериш жараёнларига тайёргарлик ишлари билан танишишди.
Шунингдек, ташриф доирасида делегация аъзолари Қирғиз Республикаси Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича марказий комиссиясининг раиси Н. Шайлдабекова билан учрашди.
Учрашув давомида Н. Шайлдабекова ушбу сайловларнинг қийин эпидемиологик вазиятдаги ўзига хос хусусиятларини қайд этиб ўтди.
Учрашувда томонлар халқаро сайлов амалиёти, шунингдек Қирғизистондаги сайлов кампанияси даврида коррупцион ва ҳуқуқбузарлик холатлари учун жавобгарликни кучайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, бугун Қирғизистон қонунчилигига кўра, “сукут сақлаш куни” ҳисобланади ва сайлов олди тарғибот тадбирларини олиб бориш тақиқланади.