9 февраль - ҳазрат Алишер Навоийнинг туғилган куни. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига биноан ушбу табаррук сана мамлакатимизда ҳар қачонгидан кенг ва танатанали нишонланмоқда. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин олган.
Эрталаб Тошкентдаги Адиблар ҳиёбонида, буюк шоирнинг муаззам ҳайкали пойида бошланган тантанали тадбир бутун мамлакатимизда - шаҳар ва қишлоқларимиз, таълим даргоҳлари, илм-маърифат муъассасаларида давом этмоқда. Илмий, амалий ва халқаро анжуманлар, навоийхонлик кечалари, мушоиралар, викториналар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Нафақат мамлакатимизда, кўплаб хорижий давлатларда ҳам ўтаётган бундай қизиқарли тадбирлар шоир даҳосига юксак эҳтиром рамзидир.
Шоирлар, ёзувчилар, илм-фан намоёндалари, давлат ва жамоат арбоблари, талаба-ёшлар, мактаб ўқувчилари – Навоий ижодининг минглаб, миллионлаб мухлислари иштирок этаётган бундай тадбирлар умумхалқ байрами тусини ва кўламини олди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олдидаги буюк шоир номи билан аталувчи ҳиёбонда ўтган тантанларда ҳам юзлаб адабиёт мухлислари иштирок этди.
Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, мамлакатимиз ҳамда бир қатор хорижий давлатларда ҳайкаллари ўрнатилгани, асарлар тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилгани, пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилгани маданий ҳаётимиздаги улкан воқеаларга айланди.
Тантанали тадбирда шоирлар ва адиблар ўзларининг Навойига бағишланган асарларидан, талабалар буюк шоирнинг ғазалларидан ўқидилар. Олимлар, жумладан, чет эллик илмий тадқиқотчилар сўз мулкининг султони ҳаёти, фаолияти ва асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида эришилаётган ютуқлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси номидан ҳам ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати