• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ: САЙЛОВ ҲУҚУҚИНИНГ ЯНГИ КАФОЛАТЛАРИ
16.02.2021
3095

 

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ: САЙЛОВ ҲУҚУҚИНИНГ ЯНГИ КАФОЛАТЛАРИ

 

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” эзгу ғояси атрофида бирлашиб, юксак мақсад – демократик ва эркин янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида собитқадамлик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.

Мазкур масъулиятли жараёнда миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умум эътироф этилган халқаро демократик стандартларга уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини янада кенгроқ ва тўлароқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу - сайлов бўйича экспертлар, жумладан, халқаро экспертлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг сайловларимизни кузатиб борган миссиялари ҳам кенг эътироф этган ҳақиқатдир. Улар сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги ва амалиётида рўёбга чиқарилаётган улкан ўзгаришлар ҳақида сўз юритар  эканлар, ушбу йўналишда тизимли равишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юксак самараларини энг муҳим муваффақиятлар қаторида қайд этмоқдалар.

 

Янги имкониятлар

Шиддат билан ўзгараётган дунё эришилаётган муваффақиятлардан хотиржамликка берилишни эмас, такомил ва тараққиёт сари муттасил ва дадил интилишни тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида парламентга ва маҳаллий кенгашларга илк бор ўтказилган сайловлар жараёнида орттирилган тажриба миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида айрим бўшлиқлар ва ечимини кутаётган вазифалар мавжудлигини кўрсатди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашдек эзгу мақсадлар йўлида муҳим омил бўлади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ушбу қонун лойиҳаси концепциясининг ишлаб чиқилишидан то парламент қўйи палатасида қонун лойиҳаси сифатида жамоатчилик муҳокамасига қўйилишигача ва Олий Мажлисда қабул қилинишигача бўлган улкан жараён амалга оширилди. Бу жараён давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва халқчиллигининг, юртимизда сўз эркинлиги ва ошкораликни таъминлаш борасида собитқадамлик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар бераётган юксак самараларнинг яна бир ёрқин тасдиғига айланди. 

Бу йил давлатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида: “Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим,”- деб таъкидланди.

Бунда ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттириш муҳим вазифалардан биридир.  

 

Изчил ишларнинг юксак самаралари

Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак сайловга тайёргарлик ишлари пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан, жадал бошлаб юборилди ва изчил давом этирилмоқда.

Жумладан,  маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайловчилар вакиллари, сайлов ташкилотчилари ва маҳаллий раҳбарлар иштирокида 2019 йилги сайловларнинг натижалари ва хулосаларига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилди. Халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳозирлигида он-лайн муҳокамалар йўлга қўйилди. Уларда маҳаллий ва халқаро кузатувчилар, хусусан ЕХҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлақонли Миссияси томонидан билдирилган тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этишга оид масалалар чуқур таҳлил қилинди ва умумлаштирилди. “Сайлов–2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар” ахборотномаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилди.

Ушбу тўпламдан кўплаб таклифлар жой олди. Сайловларни янада самарали ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва электорал маданиятини янада юксалтириш, маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ролини ошириш каби масалалар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикасини 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича  Давлат дастурларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасининг концепцияси тайёрланди ва унинг Олий Мажлис палаталари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, сайлов қонунчилиги соҳасидаги олимлар, экспертлар ҳамда амалиётчилар  иштирокидаги он-лайн муҳокамалари ўтказилди. Ўтган йилнинг май-июнь ойларида эса қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик ­муҳокамаси бўлиб ўтди. Билдирилган асосли фикр-мулоҳаза ва таклифлар инобатга олинди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ушбу концепциянинг ишлаб чиқилишида, энг аввало, сайловчиларнинг, яъни халқимизнинг, ҳоҳиш-иродаси ва истаклари, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида орттирилган бой тажриба, сайловларга доир умумэътироф этилган халқаро нормалар  ҳамда стандартлар, тараққий этган  хорижий давлатларнинг сайловларни ўтказиш борасидаги тажрибаси ҳисобга олинди.

 

Бир сўз замиридаги улкан эъзоз

Шу ўринда қонун лойиҳасидаги давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов ўтказиш вақтини ўзгартиришга оид таклиф, айниқса, кўпчиликнинг эътиборини тортганини қайд этиш жоиз.

Сирасини айтганда, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти кенгашлари депутати, Сенат аъзоси ва Сенат Раисининг ўринбосари эканлигимда,  сайлов жараёнларининг кўп йиллик бевосита иштирокчиси сифатида оддий сайловчилардан то сайлов ташкилотчиларию маҳаллий раҳбарларгача – кўплаб фуқароларнинг сайловларни ўтказишни илиқ кунларга кўчириш борасида билдирган жўяли истак ва таклифларига ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Бироқ сайловларни йил охирида ўтказиш билан боғлиқ эски анъанани ўзгартиришга ўз вақтида на ҳафсала, на қунт қилингани бор гап.

Кўпчиликнинг фикрича, сайловларнинг қаҳратон қиш -  декабрь ойидан кўра, очиқ-сочиқ, илиқ ойда ўтказилиши ҳар томонлама ва ҳамма учун – сайловчилар учун ҳам, сайланувчилар учун ҳам, сайловларни ташкил этувчилар учун ҳам, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш учун  ҳам жуда қулай.

Сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллий кузатувчилар ва депутатлар сайлов қонунчилигига киритилган бу муҳим янгиликни катта қувонч билан кутиб олганига шубҳа қилмаса бўлади. Зеро, сайловларнинг айни қаҳратон қиш мавсумига тўғри келиши фуқароларнинг сайловлардаги фаоллигига, сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровда ўтказишга, айниқса, оммавий тадбирларни ташкил­  этишга салбий таъсир этиб келаётгани сир эмас.

Қолаверса, сайловлар натижасида конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби даврийлик принципи асосида янгиланиши таъминланади. Барча даражадаги ижроия ҳокимияти қайтадан шакллантирилади. Булардан ташқари, янги йил байрами, йил якунлари ва сарҳисоби, келгуси йил режалари, дастурлари билан боғлиқ ғоят муҳим жараёнлар бор.

Бундай сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар муайян вақт ва меҳнат талаб қилиши табиий. Президентимиз 8 февраль куни имзолаган янги қонун бўйича сайлов қонунчилигига киритилган  ўзгартишларга  биноан, энди Президентликка сайлов, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Таъкидлаганимиздек, бундай сайловлар илгари декабрь ойида ўтказилар эди.

Бир қарашда, мамлакатимиз Конституциясининг 117-моддасидаги битта сўз – “декабр”ни “октябр”га алмаштириб қўйиш жўн ва осон ишдек туюлади. Лекин неча ўн йиллардан буён амал қилиб келаётган бу муддатни ўзгартиришдек хайрли иш бугун, Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилганида буюк бир ҳикмат – халқ фикрига ва манфаатларига ҳурмат-эҳтиром мужассам. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбари томонидан номи қайд этилган қонуннинг имзоланиши халқимиз манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнидаги улкан эъзоз ва ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ифодасидир.

 

Такомил ва тараққиёт

Сайлов кодексининг тегишли модаларига киритилган ўзгартишларга кўра, Халқ депутатлари туман, шаҳар (Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши бундан мустасно) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузиш амалиётидан воз кечилди. Сабаби: ўзини оқламади. Бундай округлар комиссиялари ҳудудидаги участка сайлов комиссиялари сони, мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, учтадан ошмасди. Муқояса учун: Парламент депутатлари сайланадиган округларнинг ҳар бирига юзтагача участка сайлов комиссияси тўғри келади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг оптималлаштирилиши натижасида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5739 округ сайлов комиссияси энди тузилмайди. Бундай мақбуллаштириш  ортиқча вақт, меҳнат ва инсон ресурларини жалб қилиш ташвишига чек қўйиш билан бирга, маълумотларга қараганда, давлат бюджетининг 33 миллиарддан ортиқ  сўм маблағини тежаш имконини ҳам беради.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши муносабати билан туман, шаҳар сайлов комиссиялари таркиби  21 нафар  аъзогача  кенгайтирилди.

Янги қонунга биноан Сайлов кодексига киритилган қатор ўзгартиришлардан яна бири 23-моддага, яъни участка сайлов комиссиясини тузишга тааллуқли. Маълумки, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганда тузилади.

2019 йили ўтказилган сайловлар жараёнида мазкур йўналишда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш  билан боғлиқ бўшлик мавжудлиги маълум бўлди. Сайлов кодексининг 25-моддасида “участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас”, деб алоҳида қайд этилган. Бу таъкиддан мақсад - сайлов жараёнида суистеъмолчилик, таниш-билишчилик каби қонун бузилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш. Аммо шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб қоидалари талабларидан келиб чиққанда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийин.

Шуларни эътиборга олиб, янги қонунга биноан, Сайлов кодексининг мазкур моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно”.

 

Хорижда овоз бериш

Давлатимиз раҳбари узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсатининг устувор йўналишларидан бири Ўзбекистон фуқароларининг қаерда яшаб турганидан  қатъи назар, давлат ҳимоясида бўлиши, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтирилган.

2019 йилдаги сайловларда хорижда истиқомат қилиб турган сайлов ёшидаги барча ватандошларимиз учун  илк бор овоз бериш имконияти яратилгани ана шундай юксак эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлди. Таъкидлаш ўринлики, авваллари бундай сиёсий тадбирларда фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган  ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган. Ўтган сайловда эса Ўзбекистоннинг 38 мамлакатда ташкил этилган 55 сайлов участкасида чет элда вақтинча ёки доимий яшаётган 112 411 нафар сайловчимиз овоз берди. Фуқароларимиз хорижда зич яшайдиган жойларда кўчма сайлов қутилари орқали 89 807 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериши ташкил қилинди.

Сайлов кодексининг чет давлатларда истиқомат қилиб турган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Эндликда  Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхати мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилиши белгилаб қўйилди.

Тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда яшаб турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.

Хорижда яшаб турган фуқаролар ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига ёки  Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда яшаб турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади. Сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилишининг Сайлов кодексида аниқ белгилаб қўйилиши ҳам хорижда яшаб турган сайловчилар учун яратилган яна бир қулайликдир.

 

Ҳисобини билган адашмайди

Сайлов қонунчилигига сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифанинг чиқариб ташланиши, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланишнинг тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида, сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилишига оид янги нормаларнинг киритилгани сайловларни очиқ-ошкора, шаффоф ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказишга хизмат қилади.

Шунингдек, сиёсий партияларнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш мақсадида, улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилди.

Бундай ҳисобдорлик сайлов кампанияси учун сиёсий партияларга ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини таъминлашга хизмат қилади. Сиёсий партиялар раҳбарияти ва масъул шахслари томонидан ушбу ресурслар нотўғри ишлатилишига бархам беради.

 

Улкан вазифаларнинг юксак масъулияти

“Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида Марказий сайлов комиссияси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин, деб қатъий белгилаб қўйилган.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли вазирлик, идора, илмий муассасалар ва олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга йўналтирилган ишлар жадал бошлаб юборилди. Бу борадаги ҳамкорларимиз сафида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, вақтли матбуот, интернет нашрларнинг журналистлари ва блогерлар борки, биз кўрсатаётган фаол ёрдами учун улардан миннатдормиз.

Тарғибот ва ташвиқот ишлари жараёнида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда сайлов комиссияларининг тутган ўрни тўғрисида хабардор қилиш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тартиб-таомилларни кенг тушунтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.  

Бунда тарғиботнинг барча илғор технологияларидан, жумладан, давра суҳбатлари, семинарлар, учрашувлар, он-лайн мулоқотлар, интервьюлар, конференциялар, тренинглар, ўқув дарслари, танловлар, викториналар ўтказиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, интернетдаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш назарда тутилган.

Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда сайлов комиссиялари аъзоларини сайлов қонунчилиги ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланиши бўйича операторларни тўрт босқичда ўқитиш бўйича  ишлар бошлаб юборилди.

Бундай тадбирларнинг барчаси пировард натижада сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишини, мамлакатимизнинг халқаро демократия индексидаги кўрсаткичлари янада яхшиланишини  таъминлаш, аҳолининг Президент сайловида фаол иштирок этиши ва юртимиз тақдири учун даҳлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.

Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб, сайловларда ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик ва мустақиллик каби умум эътироф этган демократик принципларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлади.

 

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,

 Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси Раиси,

 Ўзбекистон Қаҳрамони.

 

 

«Янги Ўзбекистон» газетасининг

 2021 йил 16 февраль кунги 33-сони