• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Миллий сайлов қонунчилигининг сифат жиҳатидан янги босқичи
25.02.2021
1962
2021 йил 8 февралда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун фуқароларимиз сайлов ҳуқуқларининг кафолатини янада мустаҳкамлаш, шунингдек миллий сайлов қонунчилигини халқаро сайлов стандартларига янада яқинлаштириш, илғор хорижий давлатлар сайлов амалиётига уйғунлаштириш, ўтган сайловларда кузатилган айрим камчиликларни бартараф этиш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янада юксалтириш ҳамда халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакат ижтимоий хаётининг турли соҳаларида адолатли, инсонпарвар ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Энг аввало, ушбу ислоҳотларнинг ҳуқуқий заминини пухта ишлаб чиқишга ҳамда уни давлат ва жамият ҳаётида тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, пойдевори пишиқ бўлган иморат асрлар оша бўйчўзиб турганидек, пухта ҳуқуқий заминга эга ислоҳотлар ҳам юз йиллаб жамият хаётида, инсонлар хаётида ижобий ўзгаришларга, фаровонлик ва тараққиётга хизмат қилади.

Хусусан, мамлакатимиз миллий сайлов тизими ва унинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, сайлов қонунчилигига халқимизнинг миллий қадриятларимизга ва умуминсоний принципларга мос бўлган хоҳиш-иродасини янада кенгроқ сингдириш, ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш каби долзарб масалалар соҳа мутасаддиларининг доимий диққат марказида. Зеро, демократиянинг муҳим ва зарур шартларидан бири сайлов жараёнини халқаро сайлов стандартларига тўла жавоб берадиган миллий сайлов қонунчилигига мувофиқ очиқ-ошкора, шаффоф, адолатли ташкил этиш ва ўтказиш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ жамият ва давлат ишларини бошқаришда мамлакатимиз фуқаролари бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликлари белгиланган бўлиб, амалиётда бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш орқали таъминланади. Давлат органларини демократик тарзда ташкил этишнинг муҳим шартларидан бири – бу қонунийлик, тенглик, адолатлилик, ошкоралик, даврийлик принциплари асосида ўтказиладиган сайловлар ҳамда ушбу сайловларда иштирок этадиган сайловчиларнинг ўз ҳохиш-иродасини эркин ифода этиш ҳуқуқидир.

2021 йил 8 февралда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун фуқароларимиз сайлов ҳуқуқларининг кафолатини янада мустаҳкамлаш, шунингдек миллий сайлов қонунчилигини халқаро сайлов стандартларига янада яқинлаштириш, илғор хорижий давлатлар сайлов амалиётига уйғунлаштириш, ўтган сайловларда кузатилган айрим камчиликларни бартараф этиш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янада юксалтириш ҳамда халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонун, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Маълумки, Конституциямизнинг 117-моддасига мувофиқ, Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилар эди. Қонундаги янги ўзгартиришга мувофиқ мамлакатимизда сайловларни ўтказиш муддати октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчирилмоқда. Бунинг бир қатор сабаблари бор:

Биринчидан, узоқ йиллардан буён сайловларни йилнинг бошқа мавсумига, илиқ кунларга ўтказиш масаласи муҳокамалар марказида бўлган. Қолаверса, Марказий сайлов комиссияси томонидан 2020 йил феврал ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг марказларида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга масъул бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, сайлов комиссиялари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатларининг иштирокчилари томонидан ушбу масалада билдирилган энг кўп таклиф сайловлар муддатини айнан октябрь ойига ўтказиш таклифи бўлди. Шунингдек, комиссияга ОАВ орқали, хусусан ижтимоий тармоқлар ва ижтимоий сўровлар орқали фуқароларимиз томонидан билдирилган таклифларнинг етмиш фоизидан ортиғида ҳам айнан ушбу таклиф қўллаб-қувватланди. Демак, сайловларни декабрь ойидан – октябрь ойига кўчиришнинг ташаббускори биринчи навбатда Ўзбекистон фуқаролари, сайловчиларимизнинг хоҳиш-истаклари десак, айни ҳақиқат бўлади.

Иккинчидан, қонун лойиҳаси парламент палаталари томонидан кўриб чиқилиши жараёнида 20га яқин хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва бу борадаги тажрибаси ўрганилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, асосан иқлими иссиқ бўлган жанубий ярим шар давлатлари, масалан, Гана, Миср, Нигерия, ЖАР, Жазоир, Венесуэла, Доминика, Сан Маринода сайловлар декабрь ойида ўтказилар экан, АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Россия, Беларусия, Иордания, Молдова каби давлатларда эса сайловлар сентябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади. Бундан кўриш мумкинки, сайловларни ўтказиш муддатининг куз фаслига (октябрь ойига) кўчирилиши хорижий давлатлар тажрибасида ўзини ҳар жиҳатдан оқлаган ва синовдан ўтган ижобий тажриба ҳисобланади.

Учинчидан, маълумки Парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловидан кейин мамлакатимизда Олий Мажлис Сенатига сайловлар ўтказилади, ижро ҳокимияти, яъни Вазирлар маҳкамаси янгидан шакллантирилади, ҳудудларда ҳокимлар номзоди халқ депутатлари кенгашларининг сессияларида  муҳокама қилиниб, янгидан тасдиқланади. Мамлакат Президентининг Олий Мажлисга ҳамда Ўзбекистон халқига мурожаатномаси тақдим этилади. Халқимиз янги йил байрамлари оғушида бўлади. Демак, сайловлардан кейин олий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз вақтида шакллантириш, тўлақонли шаклда ишларини режалаштириши ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун тегишли замин яратилади. Шунингдек, ноқулай об-ҳаво шароитларида фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади. Шу тариқа сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келади.

Тўртинчидан, барчамизга маълумки сайлов жараёни машаққатли меҳнат ва ташкилий ишларни амалга оширишни талаб этади. Декабрь ойида ҳавонинг совуқ бўлиши ушбу вазифаларни бажаришга масъул бўлган шахсларнинг фаолиятида мураккаблик туғдиради. Сайловларни анча мўътадил бўлган куз ойларида ўтказилиши эса барча фуқаролар, сайлов ташкилотчилари ва иштирокчилари ҳамда маҳаллий ва хорижий кузатувчилар учун қулайлик туғдиради. Сайловга жалб қилинган шахслар томонидан ўз ишларини сифатли ва сидқидилдан амалга оширилишига хизмат қилади. Асосий мақсад ҳам мазкур сиёсий жараённи юқори савияда, аъло кайфиятда ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатини кенгайтириш албатта. Шу боисдан ҳам сайловларни ўтказиш муддатининг октябрь ойига кўчирилиши халқимиз томонидан ижобий баҳоланиб, қўллаб-қувватланаётганлигини кузатиш мумкин.

Сайлов кодексига киритилаётган ўзгаришга мувофиқ халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда. Ўтган сайловлардаги таҳлиллар шуни кўрсатдики, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи ҳар бир округ сайлов комиссияси кўпи билан 3 та (айрим ҳолларда битта) сайлов участкаси доирасида фаолият юритиб, бир неча йиллардан бери самарасиз фаолият юритиб келган. Натижада, тегишли туман (шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари бир-бирининг вазифаларини такрорлашига тўғри келган. Шунингдек, бу сайлов тузулмаси учун Давлат бюджетидан қўшимча харажатлар қилинган. Ушбу институтнинг тугатилиши натижасида 54 мингдан зиёд аъзодан иборат 5 минг 750 га яқин округ сайлов комиссиясини ташкил этишга хожат қолмайди, уларни  жойлаштириш учун ажратилган шунча бинога эҳтиёж туғилмайди, инсон ресурслари тежалади, сайлов кампаниясини ташкил этишга жалб этилган инсонлар орасида оворагарчиликка чек қўйилади ҳамда 33 миллиард сўмдан ортиқ давлат бюджети маблағлари тежалади.

Яна бир муҳим ўзгариш – бу хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида туриш-турмаслигидан қатъи назар, ўша жойларда ташкил этилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, сайлов участкасидан ташқарида, чет давлатларда гавжум ҳолда яшаётган ёки ишлаётган фуқароларимиз турган жойларида овоз беришларини кўчма сайлов қутилари орқали сайёр ўтказишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда. Мазкур амалиёт Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан 2019 йилда ўтказилган Парламент сайловларида илк бор тажрибадан ўтказилди. Хусусан, Россия, Жанубий Корея ва Қозоғистонда бўлиб турган 90 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари сайлов участкаси жойлашган бинодан ташқарида, яъни сайловчи-фуқароларимиз гавжум яшайдиган ёки ишлайдиган жойларда кўчма қутилари билан сайёр тарзда ташкил этилган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида иштирок этдилар. Бу тажриба амалиётда ўзининг ижобий натижасини кўрсатганлиги, фуқароларимиз қаерда бўлишидан қатъий назар давлат томонидан ҳимоя қилиниши, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари таъминланганлиги ва халқаро ҳамжамиятнинг ижобий эътирофига сабаб бўлганлиги муносабати билан, ушбу тартиб Сайлов кодексига киритилди.

Навбатдаги ўзгариш, округ ва учатка сайлов комиссияларининг ўзларига хос бўлмаган номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиш, сайловчиларни учрашув ташкил этиладиган жой ва вақт ҳақида огоҳлантиришга оид вазифаси бекор қилинди. Чунки, сайлов кодексига мувофиқ номзод кўрсатиш ваколатига фақат сиёсий партиялар эга. Сайловчилар билан учрашувлар, ташвиқот тадбирларини ўтказиш орқали ўз дастурларини таништириш ҳамда номзодлари учун кўпроқ сайловчиларнинг овозларига эришишдан сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари манфаатдор. Бу жараёнга сайлов комиссияларининг алоқаси йўқ, лекин шундай бўлсада амалда сайлов комиссиялари зиммасига ўзларига хос бўлмаган вазифа юклатилиб келинган. Эндиликда сайлов қонунчилигидаги ушбу камчилик ҳам бартараф этилди.

Қонундаги янгиликлардан яна бири, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши ва молиявий таъминланиши юзасидан шаффофликни таъминлашга қаратилган бўлиб, унга кўра сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан сиёсий партияларнинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланди.

Сайлов кодекси янги 27-прим модда билан тўлдирилди. Унга кўра, чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясига ёзма шаклда ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловга ўн беш кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланди. Илгари бундай амалиёт бўлмаган. Чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида консуллик ҳисобида турган бўлсагина, сайлов участкасига шахсан келиб, у жойда тузилган сайлов участкалари сайловчилари рўйхатига киритилган. 2019 йилда Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан бу амалиёт ҳам тажриба тариқасида синовдан ўтди. Хорижда истиқомад қилаётган фуқароларимизнинг эътирофига сазовор бўлди. Шу боис, ушбу норма Сайлов кодексида мустаҳкамланди.

Қонундаги бошқа янгиликларга қисқача тўхталиб ўтадиган бўлсак, Сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Масалан, давлат хизматчиларига, агар улар ишончли вакил бўлмаса, шунингдек, ҳарбий хизматчиларга, диний ташкилотлар хизматчиларига, судьяларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланди;

Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиши тартиби белгиланди;

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда Президент сайловини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланди;

Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят қилиш муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилди.

Сайлов қонунчилигини демократлаштиришга қаратилган ушбу янгиликлар миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига янада мувофиқлаштиради, сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга хизмат қилади, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароит яратилади, сайловлардан кейин давлат ҳокимияти органларини ўз муддатида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун етарлича имконият бўлади, қолаверса Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ўз тараққиётини инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришда кўрмоқда, бу ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, демократик жараёнлар ичида энг муҳими ҳисобланган сайловларни фақат қонун доирасида амалга оширилишини таъминлаш ва унда фаол иштирок этиш муҳим аҳамиятга эга. Сайловларни халқаро ҳамжамият тан олган ҳуқуқ нормалари ва миллий қонунчилигимизга асосан ташкил этиш ва ўтказиш узоқ йиллар давомида мамлакатимизни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Худоёр Маматов

Марказий сайлов комиссияси котиби, юридик фанлар доктори, профессор

 

«Зарафшон» газетасининг

 2021 йил 25 февраль кунги 23 (23,459)-сони