2021 йил 13 апрель куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан “Сайлов қонунчилиги ва амалиёти: сайлов ҳуқуқининг янги кафолатлари” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, университетнинг ўқитувчи ва талабалари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқитувчи профессорлари сайлов қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар юзасидан маъруза қилдилар.
Давра суҳбати давомида талабаларга сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилиши, сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилиши, ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.
Қайд этилганидек, авваллари сиёсий тадбирларда фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдала олган. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра эндиликда, чет давлатларда истиқомат қилиб турган ватандошларимиз дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритилиши ва хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришлари мумкин бўлади.
Тадбир давомида талабаларнинг номзодлар томонидан тарғибот ва ташвиқот олиб боришда ахборот коммуникация технологиялари, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланиш, аҳолининг сайловларда фаол иштирокини таъминлаш, пандемия шароитида сайловларни ўтказиш, ташқи реклама воситаларида сиёсий партиялар ва номзодларга бепул жой ажратилишига доир саволларига мутаҳассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати