• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ МАЖЛИСИ ҲАҚИДА
14.04.2021
8588
2021 йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.  Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев олиб борди.

2021 йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.  Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев олиб борди.

 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ва Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қатор низомлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

 

Йиғилишда мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлида ўз олдига буюк мақсадни қўйган Янги Ўзбекистонда Президент сайлови бу йил янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга амал қилинган ҳолда, демократик тамойиллар асосида ва бутунлай янгича муҳитда ўтиши алоҳида таъкидланди.

 

Президент сайлови мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.

 

Бу сайловда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланиши учун участка сайлов комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги сайлов комиссиялари, барча сайлов ташкилотчилари ўз ишини энг илғор демократик принциплар асосида ва юксак ташкилий даражада амалга оширишини тақозо қилади.

 

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 8 февраль куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун билан сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият  бошқарувидаги иштирокини янада кенг таъминлашда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга биноан энди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

 

Президент сайлови Янги Ўзбекистонда сайловчиларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётган бир шароитда бўлиб ўтади. Бунинг учун сайловга тайёргарлик кўришнинг дастлабки босқичи, яъни сайлов кампанияси эълон қилингунга қадар, зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш барча сайлов ташкилотчиларининг муҳим вазифасидир.

 

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури батафсил муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

 

Дастурдан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда илк бор Сайлов кодекси асосида ўтажак Президент сайловига тайёргарлик кўриш борасида қадамба-қадам амалга ошириладиган ишлар ўзининг батафсил ифодасини топган. Бажариладиган вазифаларнинг ижро муддати ва масъул ижрочилари  аниқ кўрсатилган.

 

Аввало, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан таъминлаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов қонунчилигига оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда барча округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари учун семинарлар, тренинглар, ўқув машғулотлари, конференциялар, давра суҳбатлари бошқа тадбирлар, жумладан онлайн мулоқотлар, ўтказилади.

 

Асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ушбу жараёнда ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик жараёнини коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартибини белгилаб берувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибига доир низомлар қабул қилинди.

 

Йиғилишда бу йилги Президент сайлови мамлакатимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотларнинг, халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларнинг бардавом бўлишини таъминлаш борасида барча сайлов ташкилотчилари учун муҳим синов бўлиши таъкидланди. Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларига тааллуқли бошқа айрим масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати