• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
САЙЛОВ ЖАРАЁНИ ТАШКИЛОТЧИЛАРИНИНГ БИЛИМ ВА САЛОҲИЯТИ
30.04.2021
1396
Конституциямизга киритилган сўнгги ўзгартиришларга асосан, жорий йил октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бу муҳим сиёсий кампанияда сайловчилар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки бўлажак сайловни Конституция ва қонунларимиз талаблари, умумэътироф этилган халқаро стандартлар, демократик принциплар асосида, очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим омил бўлади.

САЙЛОВ ЖАРАЁНИ ТАШКИЛОТЧИЛАРИНИНГ БИЛИМ ВА САЛОҲИЯТИ

мазкур муҳим сиёсий тадбирнинг халқаро стандартлар ва демократик принциплар асосида ўтишида устувор мезон бўлади.

 

Конституциямизга киритилган сўнгги ўзгартиришларга асосан, жорий йил октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бу муҳим сиёсий кампанияда сайловчилар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки бўлажак сайловни Конституция ва қонунларимиз талаблари, умумэътироф этилган халқаро стандартлар, демократик принциплар асосида, очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим омил бўлади.

 

Ислоҳотларнинг янги босқичи

Сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб, ижтимоий фаоллиги ортгани, хусусан, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда сўз эркинлигига берилаётган жиддий эътибор, шунингдек, сайловларни кузатишда иштирок этган нуфузли халқаро ташкилотлар кузатувчилари томонидан тақдим этилган таклиф ва тавсиялар сайловни қонунийлик, адолатлилик, холислик ва ошкоралик принциплари асосида ўтказишда янги талабларни қўймоқда. Бу, ўз навбатида, сайлов жараёнларини қонунчиликка мос тарзда уюшқоқлик билан ташкил этиш учун, энг аввало, участка сайлов комиссияси аъзолари ҳамда сайлов жараёнининг бошқа ташкилотчилари ҳуқуқий билим ва амалий кўникмасини янада юксалтириш бўйича бир қатор зарур тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Нега айнан шу масалага биринчи даражали эътибор қаратиш лозим? Чунки миллий сайлов амалиётимиздан ҳам, хорижий давлатлар сайлов амалиётидан ҳам яхши маълумки, сайлов жараёнидаги асосий бўғин сайлов участкаларидир. Зеро, ҳар қандай сайловда фуқаролар сайлов куни бевосита сайлов участкасига бориб, ўзлари муносиб деб билган номзод учун овоз беради. Сайлов участкасида сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар кузатувни эмин-эркин амалга ошириши, оммавий ахборот воситалари жараённи очиқ-ошкора ёритиши учун қанчалик қулай шароит ва имконият яратилган, мазкур сайлов қонунийлик, холислик ва ошкоралик каби муҳим принципларга тўла амал қилган ҳолда ташкил этилган бўлса, халқимиз мазкур сиёсий тадбир натижасидан шунчалик рози бўлади. Бу, ўз навбатида, халқаро кузатувчилар томонидан ҳам ижобий баҳоланиши ва эътироф этилиши табиий.

Шунинг учун Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 27 апрелдаги мажлисида Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди. Мажлис сўнггида мазкур концепция ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Ушбу келишув бўлажак сайлов ва сайловолди жараёнларини қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда ташкил этиш учун сайлов жараёни ташкилотчилари, иштирокчиларининг сайлов қонунчилиги ҳамда амалиётига оид билими ва амалий кўникмасини янада ошириш, мамлакатимиз фуқароларининг амалдаги сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг мамлакатдаги кенг кўламли инсонпарвар ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш мақсадида кўп томонлама манфаатли ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида имзоланди.

 

Малака ва амалий кўникма оширилади

Концепция асосида жорий йилнинг 28 апрель куни Давлат бошқаруви академиясида сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар ва сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг малакасини оширишда масъул бўлган республика тренерлари ҳамда масъул шахслар учун семинар-тренинглар бошланди. Унинг мақсади сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар малакасини оширишга жалб этиладиган республика ва ҳудудий тренерлар, шунингдек, уларга услубий кўмаклашиш ва ҳудудларда малака ошириш сифатини мониторинг қилиш бўйича шакллантирилган гуруҳлар аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги, халқаро сайлов стандартлари бўйича назарий билимини, сайлов жараёнини юқори савияда ташкил этиш бўйича амалий кўникмасини оширишга қаратилган.

Мазкур семинар-тренинглар Давлат бошқаруви академияси ҳамда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат юқори малакали экспертлар томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури ва ўқув-методик материаллар асосида айнан шу экспертлар томонидан олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, экспертлар томонидан ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистонда сайловларни кузатиш бўйича миссияси якуний ҳисоботида ўз ифодасини топган мақбул тавсияларга алоҳида эътибор қаратилди.

Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтириш, шунингдек, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартибини атрофлича ёритиш каби муҳим масалалар шулар жумласидандир.

 

Янгича ёндашув

Давлат бошқаруви академиясида бошланган ушбу семинар-тренинглар сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар ва бошқа ташкилотчиларнинг сайлов қонунчилиги бўйича малакасини ошириш тизимининг дастлабки босқичидир. Бу каби кенг қамровли семинар-тренинглар бутун мамлакат бўйлаб бир неча босқичда ўтказилади.

Хусусан, кейинги босқичда Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган 56 нафар республика тренери ҳар бир ҳудудга 4 нафардан тақсимланади. Тақсимот асосида улар томонидан 13-29 май кунлари ҳудудий тренерлар, ўқувларни тизимли ташкил этиш ва мувофиқлаштиришга жалб қилинган 1200 нафарга яқин ҳудудий масъул учун икки кунлик семинар-тренинг ўтказилади. Округ сайлов комиссиялари аъзолигига 156 нафар номзод эса юқори малакали профессор-ўқитувчилардан иборат экспертлар гуруҳи томонидан Давлат бошқаруви академиясида ўқитилади.

Навбатдаги босқичда тайёрланган ҳудудий тренерлар туман ва шаҳарларга тақсимланиб, июнь-сентябрь ойларида Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланган режа-график асосида участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига 32 минг нафардан ортиқ номзод учун семинар-тренинглар ўтказади. Мазкур ўқувлар туман (шаҳар) марказларида танлаб олинган сайлов участкалари учун ажратилган биноларда 15-21 нафарлик кичик гуруҳларда интерактив усулларда икки кунлик шаклда ташкил этилади.

Бунда иштирокчилар олган билимини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу 32 мингдан ортиқ контингентни сайлов кунига қадар камида уч марта такрор ўқитиш режалаштирилган ва ҳар бирининг якуни бўйича онлайн тест топширилади. Натижалари таҳлил қилиниб, навбатдаги машғулотларга қадар мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриб борилади.

Сўнгги босқичда, яъни участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланганидан сўнг уч босқичда ўқитилган участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар семинар-тренингларда ўзлаштирган билим ва кўникмасини комиссияларнинг 134 минг нафардан ортиқ бошқа аъзосига, бевосита ўз сайлов участкаларида реал иш жараёнида етказади. Ушбу жараён ҳудудий тренерларнинг методик раҳбарлиги остида амалга оширилади.

Диққатга сазовор яна бир жиҳати шундаки, ўқув дастурининг ҳар бир мавзуси бўйича юқори малакали экспертлар томонидан 15-20 дақиқалик видеодарслар тайёрланиб, ўқув жараёнида фойдаланиш учун тренерларга тақдим этилади. Сайлов жараёнининг асосий босқичлари видеороликлар кўринишида ифода этилади ва ўқув жараёни тингловчиларига етказилади. Тингловчилар мазкур видеороликни кўриш орқали сайловчилар рўйхати билан ишлаш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, сайлов куни овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш, “Бир сайловчи - бир овоз” тамойилига амал қилиш, кузатувчилар билан ишлаш, сайлов натижаларини ҳисоблаб чиқариш каби назарий билимини амалий машғулотларда мустаҳкамлаб олади. Мақсад эса комиссия аъзолигига номзодларнинг сайлов қонунчилигига оид назарий билимини мустаҳкамлаш баробарида уларни сайловни қонунга мувофиқ тўғри ташкил этиш ва ўтказишга ўргатиш, яъни амалий кўникмасини чуқурлаштиришдир.

 

Махсус таълим платформаси – кенг омма учун қулай тизим

Шу билан бирга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий-методик марказ негизида махсус таълим платформаси ишлаб чиқилади. Ушбу платформага семинар-тренинглар учун тайёрланган барча ўқув-услубий материаллар (тақдимот, матнлар, тест, инфографика, видеодарс ва бошқалар) жойлаштирилади ҳамда семинар-тренинг иштирокчилари учун ихтиёрий равишда онлайн билим олиш ва тест топшириш имконияти яратилади.

Юқори малакали экспертлар томонидан тайёрланган барча ўқув материаллари, видеодарслар ва видеороликлар кейинчалик Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши, шунингдек, имконият ва эҳтиёжга қараб бошқа оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик фойдаланиши учун етказилиши мўлжалланмоқда.

Яна бир янгилик – аҳолининг кенг қатлами ва мутахассислар фойдаланиши мумкин бўлган “Сайлов– 2021” мобил иловасини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Иловада ҳам маъруза матнлари, тақдимотлар, инфографикалар, тегишли қонунчилик ҳужжатлари, билимни мустаҳкамлашга оид топшириқлар, видеороликлар каби ўқув материаллари жойлаштирилади. Ушбу маълумотлар онлайн режимда янгилаб борилади. Илованинг ишга туширилиши сайлов жараёни иштирокчилари бўлган барча аҳоли қатламларининг сайловга оид билимини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур чора-тадбирларнинг тўлиқ ижроси сайлов жараёни иштирокчиларида мамлакатимизда Президент сайловини сайлов қонунчилиги ва жаҳон стандартлари асосида ташкил этиш борасида зурур билим ва кўникмаларни ўзлаштириш имконини яратади. Пировардида мамлакатимизда жорий йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг юқори савияда ташкил этилишига хизмат қилади.

Худоёр МАМАТОВ,

Марказий сайлов комиссияси

котибияти раҳбари,

юридик фанлар доктори, профессор.

 

«Янги Ўзбекистон» газетасининг

 2021 йил 30 апрель кунги 86-сони