ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ўзининг президент сайловларига тааллуқли дастлабки миссиясини яқин ҳафталар ичида юбориши кутилмоқда. Мазкур ташрифдан мақсад — сайловолди вазият ва унга тайёргарлик жараёнларини ўрганишдан иборат. Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ҳисоботи асосида сайловда қатнашадиган экспертлар, узоқ ва қисқа муддатлари кузатувчилар сони аниқ бўлади.
30 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди.
Бу Маттео Мекаччининг бюро директори сифатидаги илк хорижий сафарларидан бири, МДҲ мамлакатларига эса биринчи ташрифи бўлди, деди президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов душанба куни ўтказилган брифингда.
«Яна бир нарсага эътиборингизни қаратишни истардим: охирги ойда ҳурматли президентимиз ЕХҲТнинг иккинчи нуфузли вакили билан учрашмоқда. 14 апрель куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Анн Линде билан учрашув бўлган эди. Бу ҳам Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларга жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш билан қараётганидан далолат», — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, май ойида ЕХҲТнинг бюроси сайлов бўйича ўзининг илк миссиясини юборади.
«Бундан ташқари, яқин ҳафталар ичида юртимизга Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюронинг сайловларга оид дастлабки миссияси келиши кутилмоқда», — деди Шерзод Асадов.
Марказий сайлов комиссиянинг доимий асосда ишловчи аъзоси Гульноза Раҳимованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур ташрифдан мақсад — президент сайловларидан олдинги вазият ва унга тайёргарлик жараёнларини ўрганишдан иборат.
«Одатда, ЕХҲТнинг ДИИҲБси асосий кузатув тадбирларидан олдин Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) иш олиб боради. Миссия мамлакатга муайян сайлов бошланишидан бир неча ой олдин сайловолди вазиятини, шу жумладан сайловга тайёргарликни баҳолаш учун юборилади. Миссиянинг вазифаси — сайлов билан боғлиқ тадбирларни ўтказишнинг мақсадга мувофиқлиги хусусида тавсиялар ишлаб чиқишдан, агар шундай тадбирлар зарур бўлса, уларнинг айнан қандай шаклда бўлиши аниқланган эҳтиёжларга яхшироқ жавоб беришини белгилашдан иборат», — деди Гульноза Раҳимова.
Унинг қўшимча қилишича, «ЭБМнинг ишлаш даври бир неча кунни ташкил этади. Миссия таркибига эса ДИИҲБнинг сайловлар бўлими ходимлари ҳамда бошқа мутахассислар киради».
«ЭБМнинг ташрифи давомида сайлов органлари ва давлат ҳокимияти органларининг вакиллари, сиёсий партиялар, ОАВ, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ЕХҲТнинг жойлардаги миссиялари ходимлари, дипкорпус вакиллари ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан учрашадилар ва сайлов билан боғлиқ фаолият хусусида тавсиялар тайёрлайди», — дея таъкидлади у.
ЭБМ сайлов билан боғлиқ фаолиятнинг мумкин бўлган қуйидаги шаклларидан бирини тавсия этиши мумкин:
- сайловни кузатиш бўйича кенг кўламли миссия;
- сайловни кузатиш бўйича чекланган миссия;
- сайловни баҳоловчи миссия ёки экспертлар гуруҳини юбориш;
- ҳеч қандай тадбир ўтказмасликни тавсия этиши мумкин.
«Сайлов билан боғлиқ у ёки бу тадбирнинг аниқ шакли, ҳажми ва миқёси ҳақидаги тавсиялар ЭБМ ҳисоботига киритилиб, ЕХҲТга иштирокчи барча давлатларга тарқатилади ва ДИИҲБ веб-сайтида эълон қилинади. Ҳисоботда назарда тутилаётган миссия вазифаларини бажариш учун зарур бўладиган экспертлар сони, шунингдек сайловни ҳар томонлама кузатишни таъминлаш мақсадида иштирокчи давлатлардан сўралиши мумкин бўлган узоқ муддатли кузатувчилар ва қисқа муддатли кузатувчилар сони кўрсатилади», — деди МСК вакили.
Эслатиб ўтамиз, ДИИҲБнинг миссияси Ўзбекистон тарихида илк бор 2019 йилги парламент сайловлари арафасида ундан олти ой олдин таклиф этилган эди. Ўшанда ўрганиш натижалари бўйича бўлажак сайловларни кузатиш бўйича кенг кўламли миссияни юбориш ҳақида хулоса қилинган эди.
Аввалроқ, «Газета.uz» президент Конституцияга сайловлар санаси билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолагани ҳақида ёзган эди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, бу йилги президент сайловлари 24 октябрга тўғри келмоқда.
Манба: Gazeta.uz