• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайловга тайёргарликнинг муҳим босқичи
19.05.2021
1256
Ўзбекистон бўйлаб - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида  17 май куни бошланган ҳудудий тренерлар ва сайлов ташкилотчиларининг билими ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар изчил ва тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида  17 май куни бошланган ҳудудий тренерлар ва сайлов ташкилотчиларининг билими ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар изчил ва тизимли равишда давом эттирилмоқда.

 

Жорий йилда сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишга янгича ёндошилмоқда. Хусусан, сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни анъанавий йўсинда ўқитишга эмас, уларнинг айнан малака ва амалий кўникмасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

 

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга мувофиқ жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови илк бор Сайлов кодексида белгиланган қоидалар асосида ўтказилиши сайлов жараёни ташкилотчилари ва иштирокчиларига улкан масъулият юклайди.

 

Машғулотлар Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларга биноан жорий йилнинг 27 апрелида қабул қилинган Сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни (аъзоларини) тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига биноан ташкил этилмоқда. 

НУКУС. Давлат бошқаруви академиясида малака оширган “Республика тренерлари” томонидан Қорақалпоғистонда 76 нафар ҳудудий тренер ҳамда сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари малакасини оширишга янгича ёндошилаётганини шундан кўриш мумкинки, машғулотларда интерфаол воситалар ва замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилмоқда.

 

Савол-жавоб ва мунозара шаклида ўтаётган тренингларни педогогик малака, сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича етакчи олимлар ва экспертлар олиб бораётгани машғулотларга иштирокчиларнинг қизиқишини янада оширмоқда. Айни пайтда дастлабки гуруҳлар    тингловчилари тест синовларидан ўтказилди. Иштирокчиларнинг барчаси синовларида юксак натижаларга эришди.  

 

Машғулотларда сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилишнинг, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали бу борада қонунчиликда қатъий белгиланган нормалар ва талаблар тарғиботи кучайтирилмоқда.

 

ТЕРМИЗ. Сурхондарё вилоятида сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишга Президент сайловига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи сифатида алоҳида эътибор билан қаратилмоқда.  Буни мазкур жараённи амалга оширишга етакчи таълим ва илмий муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат салоҳиятли гуруҳ йўналтирилганидан ҳам билса бўлади. Сайлов ташкилотчиларининг малака ва кўникмаларини оширишда сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича етакчи ҳуқуқшунос олимлар ва  экспертлар фаол иштирок этмоқда.

 

Мақсад  - сайлов ва сайловолди жараёнларини қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда ташкил этиш учун сайлов жараёни иштирокчиларининг ижтимоий-сиёсий маданиятини янада юксалтириш, сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг амалдаги сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда уларда дахлдорлик туғусини мустаҳкамлаш.

 

УРГАНЧ. Хоразм вилоятида ҳам сайлов комиссиялари аъзолари учун ўқув машғулотларининг ҳар бир куни қизиқарли ўтмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида давом этаётган семинарда машуғулотлар Президент сайловида муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, сайлов кунига тайёргарлик кўриш, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайлов куни овоз беришни ташкил этиш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш тартиби каби масалаларга бағишланди. Амалий машғулотлар, савол-жавоблар ўтказилди.

 

Тренинглар, барча ҳудудларда бўлгани каби, Урганчда ҳам зарур жиҳоз ва воситалар - проектор, электрон доска, компьютер, маркер, шунингдек, пандемия шароти талабларидан келиб чиқиб, дизенфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар билан тўлиқ таъминланган аудиторияларда олиб борилмоқда.

 

Ушбу йўналишдаги изчил ишлар сайлов жараёнидаги масъул ташкилотчиларининг сайловни миллий сайлов қонунчилиги ва жаҳон стандартлари асосида ташкил этиш борасида зурур билим ва кўникмаларни ўзлаштиришига хизмат қилади.  

 

Сўз – семинар-тренинглар  иштирокчиларига:

“Жорий йилда ўтадиган  Президент сайловига тайёргарлик ишлари, хусусан, сайлов ташкилотчиларининг малака ва амалий кўникмаларини оширишга  ёндошув аввалги йиллардагидан тубдан фарқ қилади, - дейди семинар-тренинг тингловчиси,  Қорақалпоқ давлат университети катта ўқитувчиси Гулназ Бердимуратова. – Бу, аввало, сайловнинг Янги Ўзбекистон шароитида янгича ўтиши  мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бераётган юксак самаралар,  халқимиз эришаётган улкан ютуқлар, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти янада юксалиб, барча соҳалар ривожида очиқлик, ошқоралик, демократия тамойиллари тобора мустаҳкамланиб бораётгани билан бевосита боғлиқдир. Шу боис тренинглар савол-жавоблар, таклиф ва тавсиялар, мунозараларга жуда бой бўлмоқда”.

 

“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, жорий йилнинг  8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши  мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётида ҳам улкан воқеа бўлди, - дейди семинар-тренинглар тренери, Давлат бошқаруви академияси доценти Давлат Бекжонов, -  Машғулотлар жараёнида бўлажак Президент сайловининг мазмун-моҳияти, Сайлов кодекси, миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган  ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда сайловга доир бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини, энг аввало, сайлов ташкилотчиларига  кенг тушунтириш, пировардида сайловчиларнинг сайлов жараёнидан хабардорлигини, сайловга ишончини ва дахлдорлигини оширишда ғоят муҳим аҳамиятга эга”.

 

 

“Сайлов ташкилотчилари томонидан бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида жиддий тайёргарлик кўрилаётгани Президент  сайловининг миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак ташкилий даражада ўтишида муҳим омил  бўлади, - дейди семинар-тренинглар тренери, Наманган давлат университети юридик факультети декани  Баҳриддин Талапов, -  Қайд этиш зарурки, Президент сайловига тайёргарлик ишлари нафақат сайлов қонунчилигини ўқиб-ўрганиш ва амалий кўникмаларни ошириш, балки барча йўналишлар бўйича жадал бошланди. Бу борада муаммо чиқса, жойларда ўша заҳоти ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Ҳамкорларимизу тингловчиларимиздан ана шундай ўзаро  ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва  ишга юксак масъулият билан ёндошаётганлари учун миннатдормиз”.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати.