• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Эркин ва адолатли сайлов – демократиянинг муҳим шарти
26.07.2021
2546
Даврийлик тамойилига амал қилган ҳолда вақти-вақти билан сохталаштирилмаган, эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора сайловларнинг ўтказилиши бу – мамлакатда демократик тараққиёт йўли танлаганлигининг ёрқин ифодасидир.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясида: «Халқнинг хоҳиш-иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асосини ташкил этиши керак, бу хоҳиш-ирода даврий ва сохталаштирилмаган сайловларда ўз ифодасини топиши лозим» деб, мустаҳкамланган.

Сайловларнинг даврийлиги ва мажбурийлиги принципи Ўзбекистон қонунчилигида ҳам ўз аксини топган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқаролар томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Ёки бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисидаги конституциявий қонунларнинг 5-моддасида тегишинча Қонунчилик палатасининг ваколат муддати — беш йил. Сенатнинг ваколат муддати — беш йил этиб белгиланган. Ушбу нормалар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 61-, 67- ва 75-моддаларида ҳам ўз аксини топган. Юқоридаги қонун талабларига мувофиқ ҳар беш йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайлов ўтказилиши шарт. Бундай ваколат муддатининг аниқ белгиланганлиги ва даврийлиги одатда жаҳон амалиётига тўғри келади ҳамда сайловолди дастурларининг асосий йўналишларини амалга ошириш, фаолиятнинг амалий натижаларини кўриш имконини беради ва давлат ҳокимияти органларининг янгиланиши даврийлигини таъминлайди.

Ушбу демократик тамойилга амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 23 июлда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш кунини белгилаш ва сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида» қарор қабул қилинди. Қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 2021 йил 24 октябрь куни ўтказилиши белгиланди ва сайлов кампанияси жорий йил 23 июлдан бошланганлиги эълон қилинди. Шу тариқа, мамлакатимизда эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора сайлов бошланди.

Эркин сайлов ҳуқуқи сайловчиларга ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига ҳеч қандай таъсирсиз, зўравонликсиз, зўравонлик ишлатиш таҳдидисиз ёки бошқа ноқонуний таъсирсиз ўзининг сайловда иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги хусусида қарор қабул қилиши, овоз бериш жараёнида ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши ва ҳеч қандай назоратсиз, яширин овоз бериши учун имкон беради.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 7-моддасига асосан сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади. Бюллетень тўлдиришда овоз бериш хонасида сайловчидан ташқари бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Эркин сайлов ҳуқуқи сайлов жараёнининг иштирокчиларига, сайлов комиссияси аъзоларига сайлов натижалари ва овоз бериш натижалари қандай бўлишидан қатъий назар жазоланишдан ёки таъсир кўрсатишдан қўрқмасдан қонунда йўл қўйилган шаклларда ва қонуний усулларда қарор қабул қилиш имконини беради.

Сайлов кодексининг 11-моддасига мувофиқ сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Адолатли сайлов принципини татбиқ этиш учун мамлакатимиз сайлов қонунчилигида барча ҳуқуқий асослар яратилган. Бундай сайловлар сайлов жараёни барча иштирокчиларига сайловда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий шароитларни таъминлайди. Тенг сайлов ҳуқуқи принципи назарда тутганидек, ҳар бир фуқаро сайловда тенг асосларда иштирок этишга ҳақли ва ҳар бир овоз бир хил кучга эга. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга ва бошқа фуқаролар билан тенг асосда ўзининг овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга ҳақли. Ҳар бир сайловчи овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга ошириш учун сайлов участкасидан, шунингдек овоз бериш хонасидан тенг равишда ва тўсиқсиз фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигида сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралиги принципига алоҳида ўрин берилган. Хусусан, Сайлов кодексининг 8-моддасига асосан сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ қарорлар расман эълон қилинади ва сайлов қонунларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда кенг жамоатчилик эътиборига етказилади. Ушбу принципга риоя этиш сайловларни миллий ва халқаро кузатишни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Ўзбекистон қонунчилиги миллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштирок этишини мустаҳкамлаб қўйган. Халқаро кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигига, давлатларнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишига кўмаклашади.

Сайлов кодексидаги ушбу талабни амалга ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 23 июлда бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Матбуот марказининг низоми тасдиқланди. Шу куннинг ўзида Матбуот марказининг очилиш ва тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Қарорда белгиланганидек, Матбуот маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ брифинглар, матбуот анжуманларини тайёрлаш ва ўтказиш, журналистларга ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот бериб бориш ва маълумотларни етказиш ишларини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид ахборот материалларини сайловчиларга, номзодларга, кузатувчиларга ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича “Saylov2021» веб-порталини ва бошқа ахборот ресурсларини юритилишини таъминлайди.

Даврийлик принципига амал қилган ҳолда сайлов ўтказиш демократик жамиятнинг белгиси ва шартидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганидек, «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир». Ҳақиқатан, демократияни сайлов ҳуқуқининг умумэътироф этилган принципларга мувофиқ ўтказиладиган ва демократик тусга эга сайловларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, демократия — бу халқ ҳокимиятчилиги демакдир.

Шундай экан, давлатни идора этишда халқ бевосита ёки билвосита иштирок этиши лозим. Давлат ҳокимиятини, унинг органлари ва институтларини шакллантириш учун очиқ-ошкора, эркин ва адолатли сайловлар ўтказилиши керак. Бундай сайловларда фуқаролар ўз хоҳиш иродасини эркин ифода қилиши учун барча шароитлар, ҳуқуқий кафолат таъминланиши зарур.

«Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси»нинг 21-моддасида шундай дейилган: «Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга.»

Хўш, миллий сайлов қонунчилигимизда юқоридаги ҳуқуқ нечоғлик таъминланган? Бунинг учун, аввало Конституциямизга мурожаат қиламиз. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакатимиз фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликлари, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши белгиланган.

Конституциянинг 117-моддасида қайд этилганидек: «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар».

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддасига мувофиқ, «Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъий назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир».

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 7-моддасида сайловда эркин ва яширин овоз берилиши, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмаслиги, яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланиши қатъий белгиланган.

Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ эса – сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга ошириши, сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида хабардор этишлари, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиришлари, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилишлари лозим.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боришлари, сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилиши, уларнинг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ёки қонунда белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилиниши лозим.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Шунингдек, сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширадилар. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида мамлакат Конституциясига, Сайлов кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қиладилар.

Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва қадриятларига зид бўлмаган халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган демократик нормаларнинг миллий қонунчилигимизда акс этганлигини яна кўплаб мисоллар орқали ёритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига содиқлигини бутун дунёга эълон қилар экан, ўзи ратификация қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда белгиланган асосий қоидаларни миллий қонунчиликка тўлиқ имплементация қилиб келмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи кўп жиҳатдан унда амал қилаётган сайлов тизимининг очиқ ва ошкоралигига, халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган демократик нормаларга мувофиқлигига ҳам боғлиқ. Чунки сайловга кучли фуқаролик жамиятига эга бўлган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодаланиши, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишининг асосий шакли сифатида баҳо берилади.

Демократик давлатчилик ривожида халқ билан жамият ўртасидаги муносабатлар бир шахснинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг хоҳиш-иродаси билан эмас, балки қонун асосида тартибга солиниши муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун қонун устуворлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири, деб эътироф этилади. Зеро, қонун устуворлиги мамлакатда адолатни таъминлашга хизмат қилади. Жаҳондаги ривожланган демократик ҳуқуқий давлатлар конституцияларидан ўрин олган қонун устуворлиги принципи Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, инсонпарвар адолатли ислоҳотлари, очиқлик ва ошкоралик сиёсати, минтақада ва бутун дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича долзарб ташаббуслари туфайли халқаро ҳамжамиятда эгаллаган муносиб ўрни йилдан-йилга мустаҳкамланиб, нуфузи юксалиб, бутун дунёга ижобий имиджи билан танилаётган, миллий юксалиш сари дадил қадам ташлаган жонажон мамлакатимиз – Ўзбекистонда халқаро сайлов стандартларига мувофиқ, эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора сайлов ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди. Бу жараёнда фаол иштирок этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз.

Худоёр МАМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси котиби