• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
“САЙЛОВ — 2021” МОБИЛ ИЛОВА: барча маълумот энди доим ёнингизда
26.07.2021
10104

Жорий йил октябрь ойида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови яқинлашган сайин сайловчиларда сайловга оид турли саволлар келиб чиқиши ва маълумотлар билан танишишга талаб кучайиши табиий. Шу мақсадда сайловчиларга бўлажак сайлов ҳақида батафсил маълумотларни етказиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси  сайловчиларга ҳар томонлама қулайлик яратиш юзасидан бир қатор тадбирларни режалаштирган.

Дарҳақиқат, сайлов кампанияси даврида сайловчиларни сайлов Кодекси ҳақида, бўлажак сайловнинг Конституциявий ҳуқуқий асослари, сайловчининг ҳуқуқлари, сиёсий партиялар кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишончли вакиллари ҳуқуқлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва халқаро кузатувчилар ваколатлари, сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллари ҳақида  тезкор маълумотлар қизиқтиради.

Шунингдек, ҳар бир сайловчи ўзи овоз беришда иштирок этадиган сайлов участкасини билиши, сайловчилар рўйхатидан хабардор бўлиши, сайлов кунига қадар қаерда овоз бериши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиши зарур.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига биноан, 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакатимиз бўйича мобил алоқа тизимига уланган абонентлар сони 26 млн 953 минг нафарни ташкил этган. Агар мамлакатимиздаги сайлов ёшидаги сайловчилар сони 21 миллион атрофида эканлигини ҳисобга олсак, ҳар бир сайловчига сайлов ҳақида  ахборотларни мобил алоқа тизими орқали етказишнинг йўлга қўйилиши  катта самарадорликка эришишга хизмат қилади.

Сайловчини қизиқтирадиган барча саволларга тезкорлик билан жавоб беришни ташкил қилиш, зарур адабиётлар, ўқув қўлланмалари, тест саволлари, сайловга оид маълумотлар ва ахборотлар билан таъминлашда ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш ўз самарасини беради.

Бугунги кунда интернет тармоғи орқали фойдаланувчиларга ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари бўйича турли қўлланмалар ва мобил иловалар яратилаётир. Сайлов кампанияси даврида ҳам мобил иловадан фойдаланишни, сайловчиларга ҳар томонлама қулайлик яратишни йўлга қўйиш Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида кўзда тутилган.

Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси, Project Managers компанияси ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорлигида “Сайлов-2021” мобил иловаси яратилди.

Кириш тугмаси босилгач, Мобил иловада бўлимлар, сайлов участкалари, Масс-медиа, тестлар ва ёрдам саҳифалари намоён бўлади.

Мобил иловага жойлаштирилган маълумотлар базасининг “Бўлимлар” саҳифасида  “Ўқув материаллари”, “Эслатмалар”, “Сайлов қонунчилиги”,  “Кутубхона” рукнлари жойлаштирилган.

Ушбу саҳифалар тегишли маълумотлар билан тўлдирилган бўлиб, сайловчи, сайлов комиссияси аъзоси, кузатувчилар, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари учун барча зарур ҳуқуқий ахборотлардан иборат.

“Ўқув материаллари” рукнида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари тизими, ваколатлари ва вазифалари, сайлов жараёнида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, маҳаллий кузатувчилар ва ваколатли вакилларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловчилар рўйхати билан ишлаш,  овоз беришни ташкил қилиш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилишга оид мавзуларидаги ўқув материаллари тақдимотлар, маъруза матнлари, инфографикалар, видео-дарслари шаклида тайёрланган.

“Эслатмалар” рукни ҳам сайлов ташкилотчилари, сайлов комиссиялари, кузатувчилар, ваколатли вакиллар учун зарур услубий тавсиялардан иборат.

“Сайлов қонунчилиги” рукни эса сайлов қонунчилигига оид ҳужжатлардан иборат. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов Кодекси, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари жойлаштирилган.

“Кутубхона” рукнида эса сайлов қонунчилиги ва амалиётига оид адабиётлар, рисолалар, мақолалар жойлаштирилган бўлиб, сайлов кампанияси жараёнларига оид миллий экспертлар ва ҳуқуқшунослар ҳамда халқаро мутахассисларнинг рисола ва адабиётлари жойлаштирилган.

Яна бир саҳифа “Сайлов участкалари” деб номланган бўлиб, унда сайловчи ўзининг сайлов участкасини топиш имконияти яратилган.  Бунинг қулайлиги шундаки, сайловчи участка сайлов комиссиясига биносига бормасдан уйидан ёки иш жойидан туриб ўзининг сайлов участкасини аниқлаши мумкин.

“Масс-медиа” рукнида эса “Эълонлар”, “Инфографикалар”, “Видеогаларея” саҳифалари жойлаштирилган. Бунда сайлов жараёнига оид турли ахборотлар маконига кирасиз. Инфографик материалларда сайлов жараёнларини амалга оширилиши яққол ифода этилган ранг-баранг тасвирлар мужассам.

Кейинги рукн “Тестлар” деб номланган. Сайлов қонунчилигини ўрганиш учун турли мавзуларда тест саволлари, казуслар жойлаштирилган.  

Бу нафақат сайлов кампанияси ташкилотчилари, балки ҳар бир сайловчини электорал маданиятини юксалтиришга қаратилган ўқув-услубий материаллардан иборат.

Таълим муассасаларида ушбу маълумотлар асосида бемалол ўқув машғулотлари учун фойдаланиш мумкин. Телерадио кўрсатувларда эса турли қизиқарли эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрлаш учун сценарийлар тайёрлаш, савол жавоблар, викториналар ўтказиш учун етарли маълумотлар жойлаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, Мобил иловадаги ўқув материалллари ва тест саволларидан фойдаланиш фойдаланувчининг сайловга оид билимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Айни пайтда  тайёр ҳолга келтирилган мазкур Мобил илова тез кунлар ичида жаҳон  интернет тармоғига жойлаштирилади ва  уни Google Play  тизими орқали  бепул юклаб олиш мумкин бўлади.

Бўлиб ўтадиган Президент сайлови шу юртнинг ҳар бир фуқароси учун муҳим сиёсий воқеадир. Сайловчининг мамлакатимиз келажаги ва равнақи йўлида тўғри  қарор қабул қилиши учун сайловга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрган ҳолда фаоллик билан қатнашиши сайлов кампаниясининг муҳим шартидир.


Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси

 

“Халқ сўзи” газетасининг 2021 йил 25 июль кунги 155-сони