Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошлангани эълон қилинган кун – 23 июлда бир йўла учта тадбир – Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси, мазкур Комиссия ҳузуридаги Матбуот марказининг очилиши ва матбуот анжумани ўтказилди.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, ушбу тадбирлар оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларнинг фаол иштирокида ўтди. Журналистларнинг, жумладан хорижлик журналистларнинг, Президент сайловига оид кўплаб саволларига Марказий сайлов комиссияси раҳбарлари ҳамда аъзолари томонидан батафсил жавоблар берилди. Қатор теле ва радиоканаллар бу тадбирларни тўғридан-тўғри эфирга узатди. Махсус репортажлар, жумладан, онлайн ҳамда фоторепортажлар, интервьюлар тайёрланди. Босма ва интернет нашрларда турли тилларда ўнлаб таҳлилий мақолалар эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев матбуот анжуманида алоҳида таъкидлаганидек, буларнинг барчаси, аввало, мустақил мамлакатимизда давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган тизимли, изчил, айни пайтда, жадал ислоҳотлар самарасидир. Демократик давлат ва адолатли жамият барпо этиш сари дадил қадам қўйган Янги Ўзбекистонда очиқлик ҳамда ошкоралик жамият ҳаётидан тобора кенг ва мустаҳкам ўрин олаётгани давлатимизнинг халқаро нуфузи муттасил юксалиб бораётгани билан боғлиқдир.
Матбуот марказида тажрибали журналистлар, ҳуқуқшунослар, таржимонлар, экспертлар ҳамда бошқа мутахассислардан иборат ихтисослаштирилган гуруҳлар фаолият олиб боради. Ушбу марказ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараённинг оммавий ахборот воситаларида ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз ҳамда бошқа тилларда кенг ёритилишини таъминлайди.
Марказий сайлов комиссияси мажлисларида кўриб чиқиш учун маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларини аккредитация қилиш билан боғлиқ ҳужжатларни Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари талабларига мувофиқ тарзда тайёрлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараённи тезкорлик билан холис ёритиши учун аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари вакилларини тегишли маълумот ҳамда ахборот материаллари билан таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари ҳақида миллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган материалларни мунтазам ўрганади, мониторингини юритади, таҳлил қилади ва натижаларини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиб боради.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловда очиқлик, ошкоралик ҳамда адолатни таъминлашга қаратилган тизимли ишлар Комиссиянинг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига биноан амалга оширилмоқда.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, сайловга тайёргарлик кўришдаги энг муҳим вазифалардан бири – фуқароларга сайлов тўғрисида тўла, ишончли ва тезкор ахборотни етказиш, аҳолида сайлов оддий, шу билан бирга, муҳим фуқаролик бурчи эканлиги ҳақидаги фикрни шакллантириш, бефарқлик кайфиятидаги кишиларни сайлов ҳуқуқини фаол амалга оширишга чорлаш, уларга сайлов жараёнида иштирок этишдан ҳар бир фуқаро ҳамда жамият манфаатдор эканлигини сингдириш ва ҳар бир фуқаро қалбида мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини уйғотишдан иборат.
Марказий сайлов комиссияси ҳамда барча даражадаги сайлов комиссиялари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режасига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этаётир.
Марказий сайлов комиссияси билан мамлакатимиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини ёритиш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзолангани бунда муҳим аҳамият касб эмоқда.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Zo‘r TV” телерадиокомпанияси, “UzReport” ахборот агентлиги билан октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда тайёргарлик ишларининг олиб борилиши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзолади. Қайд этиш керакки, Марказий сайлов комиссиясининг ушбу йўналишдаги ҳамкорлари орасида нодавлат оммавий ахборот воситалари сони тобора кўпаймоқда.
Меморандумларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиш, сиёсий партиялар ҳамда номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидалари, мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига оид мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларида тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ҳамда тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Президент сайловининг аҳамияти, ўзига хос жиҳатлари, Сайлов кодекси, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга ҳамда сайлов ташкилотчиларига етказиш борасида кенг кўламли ва изчил ишлар амалга оширилди ҳамда оширилмоқда.
Ўтган олти ой мобайнида мамлакатимиздаги ва хориждаги оммавий ахборот воситалари, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ушбу мавзуларда юзлаб мақолалар, суҳбатлар, интервьюлар, видеороликлар эълон қилинди. Брифинглар, матбуот анжуманлари ва савол-жавоб кечалари уюштирилди. Сайловга бағишланган бундай тадбирлар миллионлаб фуқароларни қамраб олди.
Жумладан, “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, сайловларни ўтказиш билан боғлиқ энг муҳим янгиликларга бағишланган матбуот анжумани жонли эфирда ўтказилди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Янги Ўзбекистон: сайлов ҳуқуқининг янги кафолатлари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларга доир давра суҳбати бўлиб ўтди. Бундай қизиқарли тадбирлар мамлакатимиздаги бошқа кўплаб олий таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ҳам ўтказилганини, уларда минглаб сайловчилар, жумладан, ёш сайловчилар иштирок этганини таъкидлаш жоиз.
Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 1-уйда (Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи биносида) иш бошлаган Матбуот маркази ва мамлакатимизнинг минтақаларидаги ҳудудий бўлинмалари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.
Уларда журналистларга ҳамда кенг жамоатчиликка Президент сайловига оид масалалар бўйича тезкор ахборот етказиш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкил этишга доир ишлар изчил бошлаб юборилди. Таъкидлаш керакки, Матбуот маркази Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov2021” веб-портали ҳамда бошқа ахборот ресурсларининг юритилишини ҳам таъминлайди.
Сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчилар тезкорлик билан фойдаланиши учун мўлжалланган “Saylov2021” мобиль илованинг тақдимоти Матбуот маркази томонидан ўтказилган илк тадбирлардан бири бўлди. Илова сайловга оид зарур маълумотлар билан мунтазам тўлдириб борилади.
Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати раҳбари Жалолиддин Усмoновнинг айтишича, марказ оммавий ахборот воситалари вакилларини нафақат бўлиб ўтган, балки режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида ҳам аввалдан хабардор этишни йўлга қўйгани жамоатчиликка Президент сайловига оид энг муҳим янгиликларни тезкорлик билан етказишга, бу борадаги иш кўлами ва сифатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Матбуот марказининг телеграмм каналдаги саҳифаси орқали 27 июль куни маълум қилиндики, 28 июль соат 11:15 да “Ўзбекистон 24” ва “ЎзРепорт” телеканаллари орқали Матбуот марказидан жонли эфир узатилади. Кўрсатув “Saylov2021” мобиль иловаси, “Saylov2021” (http://saylov2021.uz) веб-портали ҳамда Матбуот марказида журналистларга яратилган шароитларга бағишланган. Тадбирда Марказ вакиллари журналистлар ва блогерларни сайлов жараёнини ёритишда фаол иштирок этишга чақирди.
29 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига мандатлар топшириш маросими бошланганига доир янгилик онлайн тарзда эълон қилинди. Ушбу тадбир бўлиб ўтиши ҳақида ҳам бир кун аввал ижтимоий тармоқлар орқали хабар берилган эди.
Марказ томонидан ишнинг бундай замонавий талаблар асосида тезкорлик билан ташкил этилаётгани самарасида Президент сайловига доир муҳим янгиликлардан миллионлаб сайловчилар ўз вақтида хабардор бўлмоқда.
Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ёритишда қатнашадиган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш жараёни давом этаётганидан хабардор қилди.
Яқин кунларда Матбуот марказида “Ишонч телефони” (Call center) ишга туширилади. Фуқаролар, жумладан, хорижда яшаб турган ватандошларимиздан “Ишонч телефони” орқали тушадиган сайловга оид саволларга тажрибали ҳуқуқшунослар ҳамда экспертлар томонидан малакали жавоблар берилиши йўлга қўйилади.
Бундай кенг кўламли, тизимли ва изчил ишларнинг барчаси пировардида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини конституциявий қоидалар ҳамда халқаро сайлов андозалари, демократик тамойиллар асосида очиқ-ошкора ўтказишга хизмат қилади.
Равшан БУРХОН,
журналист.
Иброҳим ДУШАНОВ (фото).
Манба: “Ҳуррият” газетаси,
2021 йил 4 август.