• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Мамлакатимизда МДҲ сайловларни кузатиш миссияси ўз фаолиятини бошлади
29.09.2021
1950
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ижроия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Леонид Анфимов бошчилигида МДҲ сайловларни кузатиш миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари мамлакатимизга ташриф буюрди.

29 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясида Кузатувчилар миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев меҳмонларни сайлов кампанияси билан таништириб, сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Сайлов кодексига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, айни дамда Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жараёни бошлангани, сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратилганлиги қайд этилди.

Учрашув давомида таъкидланганидек, МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлайди.

Миссия ўз фаолияти давомида сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни тўплаш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма оммавий ахборот воситаларида чиқаётган сайловга оид материалларни мониторинг қилиш, номзодларнинг сайлов штабларида учрашувлар ўтказиш билан шуғулланади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Марказий сайлов комиссияси шу кунга қадар 112 нафар халқаро кузатувчини рўйхатдан ўтказди.

Учрашувдан сўнг Л.Анфимов оммавий ахборот воситалари вакилларига Миссия фаолияти юзасидан мурожаат қилди.

Ташриф доирасида делегация аъзоларининг бир қатор вазирлик ва идораларда учрашувлари режалаштирилган.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати