Миссиянинг узоқ муддатли кузатувчилари делегациясига МДҲ ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Леонид Анфимов бошчилик қилди.
Л.Анфимов ташриф давомида Марказий сайлов комиссияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамда сиёсий партиялар сайловолди штаблари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Арзиев иштирокида бўлиб ўтган учрашувда МДҲ делегациясига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, шунингдек, хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг овоз беришда иштирок этиш учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Учрашув давомида Миссия ўзига юкланган барча вазифаларни тўлиқ бажаришига ишонч билдирди.
Қайд этилганидек, Миссия ўз фаолиятини очиқ, ошкора ва объектив олиб боради. Сиёсий жараённинг бориши ҳақидаги холис мониторинг натижаларини кенг оммага эълон қилиб боради.
Миссия аъзолари шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Р. Маҳмудова билан учрашди. Учрашув давомида меҳмонларга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Р. Маҳмудова ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси билан белгиланган судлар томонидан сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш муддати ва тартиби, Ўзбекистон қонунчилигида сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун тегишли маъмурий жавобгарлик ҳамда сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги қайд этиб ўтди.
Сайлов кодексида белгиланган сайлов комиссияларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартибига оид маълумотлар меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Миссия азъолари шунингдек, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, полковник Б.Абдуллаев билан учрашди. Учрашувда полковник Б.Абдуллаев бугунги кунда мамлакатимизда ўтказилиши белгиланган Президент сайлови жараёнида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ички ишлар вазирлиги томонидан барча зарурий чора-тадбирлар белгиланганлиги, хусусан, ҳар бир сайлов участкаси атрофида жамоат хавфсизлигини таъминлашга ички ишлар органлари ва миллий гвардия ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари жалб этилганлиги, ўз навбатида барча зарурий куч ва воситалар фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилганлиги, шунингдек, сайлов тадбирлари жараёнида хорижий ва халқаро кузатувчилар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги тўғрисида маълумот бериб ўтди.
МДҲ Ижроия қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Л.Анфимов ўз сўзида Президент сайлови жараёнига тайёргарлик ишлари юқори даражада ташкил этилганлиги, айниқса, ҳар бир сайлов участкасида сайловчилар учун яратилган имкониятлар таҳсинга сазовор эканлигини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга Л.В. Анфимов хорижий ва халқаро кузатувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда улар хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар учун Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти номига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Л.Анфимов ташриф давомида сиёсий партиялар раҳбарияти билан ҳам учрашди. Мулоқот давомида делегация вакиллари хар бир сиёсий партия тарихи ва ғоялари, партия номзодининг Сайловолди дастури ҳамда тарғибот ва ташвиқот ишлари билан танишдилар.
Учрашувлар давомида сайлов жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексига мувофиқ очиқ ва шаффоф ўтаётгани ҳамда сайловолди тарғибот ишлари жараёнида оммавий ахборот воситаларида барча партиялар ва уларнинг Президентликка номзодлари учун тенг имкониятлар яратилгани қайд этилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати