• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Камиловнинг 2021 йил 25 октябрда МСК Матбуот марказида ўтказиладиган матбуот анжуманига бағишланган МАЪРУЗАСИ
25.10.2021
946

Ассалому алайкум,

Ҳурматли матбуот анжумани иштирокчилари,

Азиз меҳмонлар!

Куни кеча мамлакатимиз ҳаётида учун энг муҳим ва тариҳий воқеа Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайлови бўлиб ўтди.

Дастлабки хулосаларга кўра, республиканинг 80,8 фоиз аҳолиси сайловда қатнашганлиги, муболағасиз бу йилги сайлов жараёни миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юксак савияда очиқ ва шаффоф тарзда ўтганлигининг, сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши юксалганлигининг яққол далилидир.

Сайлов жараёнида тартиб-тамойилларнинг аниқлиги ва тушунарлилиги, сайлов жараёнида юзага келаётган низоларни ҳал қилишнинг мукаммал механизмлар мавжудлиги алоҳида касб этади.

Шу туфайли Сайлов қонунчилигини қўллаш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш орқали фуқароларимизнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш суд ҳокимияти органларига юклатилиши судьялардан бу масалага алоҳида масъулият билан ёндашишни талаб этади.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 31 майида Сайлов кодекси талабларини жаҳон андозаларига келтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилган бўлиб, юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қўйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби бекор қилинди ва бу қоида мутлоқ вақолат сифатида маъмурий судларга берилди.

Бу деганики, номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари эса сайлов комиссияларининг ҳаракатлари устидан маъмурий судларга, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари ва ҳаракатлари устидан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиши мумкин.

Қонунда белгиланган тартибга кўра, фуқароларимиз Сайлов комиссиясининг қарори устидан шикоят билан судга, қарор қабул қилинганидан кейин 5 кун ичида бемалол ва тўсиқсиз ёзма ва электрон шаклда, шунингдек чет давлатда туриб ҳам мурожаат қилишга ва судларнинг ахборот тизими орқали дарҳол рўйхатга олиниши учун шароит ва имкониятлар мавжуд.

Бундай тартиб албатта кузатувчиларга ҳам таалуқли бўлиб, улар ҳам судларга ариза ёки шикоятларни умумий тартибда беришлари мумкин.

Ушбу низоларнинг ўзига ҳос ҳусусиятини ва оқибатларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликда бу тоифадаги ишларни кўришнинг энг қисқа муддатлар белгиланган бўлиб, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан берилган шикоят шу кундан эътиборан дам олиш ёки байрам куни бўлишидан қатъий назар уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши лозим

Албатда сайлов низосини қонунда белгиланганидек тезкор, сифатли ва адолатли ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида:

ишни сайлов комиссияси жойлашган бинода сайёр суд мажлисида кўриб чиқиш суд амалиёти йўлга қўйилди;

фуқароларимиз учун одил судловга эришиш имкониятларини, айниқса пандемия шароитида кенгайтириш мақсадида замонавий ахборот технологияларни жорий қилиш орқали исталган туманда (шаҳарда) жойлашган судлардан видеоконференцалоқа орқали суд мажлисида иштирок этиш;

Олий суднинг Интерактив хизматлар портали яъни my.sud.uz сайтида жойлаштирилган “Видеоконференцалоқа” рукни орқали фуқаро ўз уйидан, шунингдек дунёнинг исталган нуқтасидан туриб мобиль қурилмалар (телефон, планшет ва камераси мавжуд компьютер) орқали онлайн тарзда суд мажлисларида иштирок этиш;

ишни кўриш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжати чиқарилиши биланоқ дарҳол ёзма ёки электрон шаклда тегишли сайлов комиссиясига ва шикоят берган шахсга топшириш ёхуд электрон почта манзилларга юбориш имконияти яратилди.

Албатда бундай имконият ва қулайликлар хорижий давлатлардаги ватандошларимиз учун ҳам яратилиб, ҳориждаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларида ташкил этилган сайлов участкалари ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан берилган шикоятлари Тошкент шаҳридаги 14-сонли сайлов участкаси орқали Тошкент туманлараро маъмурий суди юритувига электрон шаклда юбориш механизми йўлга қуйилди.

 

Хурматли анжуман иштирокчилари,

Номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайлов жараёнида юзага келаётган низолар бўйича мурожаат қилиш, уларни ҳал этиш тартиблари шу билан боғлиқ ташкиллий механизмларнинг моҳияти бўйича берилган тушунтиришларим, нафақат Сизларга, балки мана шу сайловга тайёргарлик жараёни бошланганидан буён оммавий аҳборот воситалари орқали ҳамда аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда ҳам кенг ёритилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган низони судгача олиб келмай, шунга доир мутасадиларни сайлов қонунчилигига сўзсиз итоат қилиш руҳида тарбиялашдадир.

Алоҳида таъкидлаш керакки мамлакатимиздаги 14 та сайлов округидаги 10 минг 761 та сайлов участкасида сайлов жараёни амалдаги қонун ва халқаро стандартларига мувофиқ олиб борилиши устидан дунёнинг деярли барча мамлакатларидан мингдан ортиқ кузатувчи ва 1 минг 672 та чет эл ва миллий оммавий ахборот воситалари ходимлари мониторинг олиб боришмоқда.

Фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, сайлов жараёни билан боғлиқ низолар ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқиш, чиқарилган қарорларни ижросини таъминлаш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнлари билан боғлиқ оммавий низолар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноий ишларни судларда тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш ва уларни умумлаштириш бўйича Олий судда Ишчи гуруҳи (Штаб) тузилди ҳамда кечки ва тунги навбатчилик ташкил этилди.

Ишчи гуруҳнинг фаолияти, кечки ва тунги навбатчиликнинг риоя этиш жараёни Олий суд раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олиниб, сайлов қонунчилиги билан боғлиқ оммавий низолар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишларининг судларга келиб тушиши ва кўриб чиқилиши юзасидан кунлик мониторинг йўлга қўйилди.

Ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов кампанияси эълон қилинган кунидан яъни, жорий йилнинг 24 июлдан 23 октябрга қадар бўлган давр мобайнида номзодлар томонидан сайлов комиссиясига ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларига берилган жавобларидан норози бўлиб, сайловчилар рўйхатига киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик ҳақидаги мурожаатлари сайлов участкалари томонидан ҳал қилинмаган билан боғлиқ ариза билан туманлараро маъмурий судларига келиб тушмаган.

Бундан ташқари сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашиш, қарорларини ижро этмаслик, номзоднинг, ишончли вакилининг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, ёлғон маълумотлар тарқатиш, сайловни молиялаштириш тартибини, сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида ахборот ва ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

Кеча, 24 октябрь куни сайлов жараёнида иштирок этган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари бевосита сайлов жараёнидаги:

сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишлари мумкин бўлиб, республика судларига мурожаат қилишмаган.

 

Азиз меҳмонлар!

Марказий Осиё давлат орасида аҳоли зичлиги бўйича энг кўп ҳисобланган мамлакатимизнинг фуқаролари, сайлов жараёнларига қатнашган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларидан судларга бирон-бир шикоят ёки эътироз тушмаганлиги ҳар кимда савол йўғотиши табиий бўлиб, кечаги анжуманда покистонлик меҳмонимиздан шу каби мазмунда ўринли савол берилди.

Чунки, бу сиёсий жараённинг 34 миллиондан ортиқ фуқароларнинг наҳотки биронтаси ҳам норози бўлмаганлигига ишониш қийиндай туюлади.

Лекин чет эл давлатларнинг сайлов масаласининг етуқ мутахассислари бўлмиш сал кам минг кишидан иборат кузатувчилари, шунингдек 1 минг 672 кишилик ҳорижий ва миллий оммавий ахборот воситалар вакиллари шу мазмунда судларга шикоят билан мурожаат қилишмаганлиги инкор этиб бўлмай объектив ҳолат бўлиб, ҳар кимнинг бу борадаги шубҳани йўқолишига сабаб бўлади.

Бироқ аслида сайлов масаласида судларга шикоят билан мурожаат этилмаслигига -

биринчидан, аҳолининг ҳуқуқий онги ошганлиги, ушбу сиёсий жараён ҳеч кимни бефарқ қолдирмаганлиги, сайлов очиқ, шаффоф ва ошкора ўтганлиги ;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов жараёни яхши ташкил этилиб, сайлов комиссияларининг фаолияти тўғри йўлга қуйилганлиги;

учинчидан, ҳар қандай масалада сиёсий партиялар органлари, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан тегишли мулоқот ўрнатилиб, уларга ўз вақтида керакли тушунтириш ва маълумотлар берилганлиги учун оддий қилиб айганда, судларга шикоят билан мурожаат қилишга ўрин ва ҳожат қолмаганлиги сабаб бўлган.

Ўз навбатда шуни ҳам айтишим керакки, қонун талабларига мувофиқ, сайлов натижалари расман эълон қилингунга қадар юқорида санаб ўтилган шахслар томонидан судларга шикоят қилиш ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, бу борада якуний хулоса қилишимизга ҳали бироз вақтимиз бор.

Чунки, участка сайлов комиссияси овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича мажлис ўтказиб, унда овоз бериш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилади. Баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.

Демак, амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб қайд этилган сайлов комиссияси қарори устидан сиёсий партия органлари вакиллари, кузатувчилар, сайловчилар ва сайлов участка аъзолари томонидан 5 кунлик муддат ичида туманлараро маъмурий судларга мурожаат қилишлари мумкин.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан 5 кунлик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига тўғридан-тўғри шикоят (ариза) билан мурожаат қилиниши мумкин.

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари,

Республика судлари томонидан сайловчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ҳолатини сизларга ёритилгани билан бир қаторда, сиёсий партиялар органлари, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан уларни қизиқтирган ҳар қандай саволлар, маълумотлар юзасидан ўзаро фикрлашишга, мулоқот ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигимизни айтмоқчиман.

 

Эътиборларингиз учун раҳмат.