СОБИТҚАДАМЛИК
Сайловда конституциявий нормалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти даврийлик принципи асосида сайланди.
Бу, аввало, Янги Ўзбекистоннинг умумэътироф этилган халқаро демократик сайлов тамойилларига садоқатининг, мамлакатда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорликнинг амалдаги яна бир тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган адолат, очиқлик, ошкоралик ва эркинлик каби демократик тамойилларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилди.
Сайлов - мамлакатимизда собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотларнинг, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар амалда рўёбга чиқаётгани ва юксак самаралар бераётганининг ёрқин далилидир.
ПУХТА ҲОЗИРЛИК ВА ЮКСАК САМАРА
Моҳиятан олиб қараганда, сайлов - бир кунда ўтадиган йирик сиёсий тадбир. Лекин унга кўпчиликнинг саъй-ҳаракати билан ойлаб, ҳатто йиллаб тайёргарлик кўрилиши азалдан маълум. Чунки сайловнинг, айниқса, Президент сайловининг мамлакат яқин ва олис истиқболи учун белгилаб бериладиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишдаги аҳамияти беқиёсдир.
Марказий сайлов комиссияси ва қуйи сайлов органлари томонидан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юксак демократик талаблар даражасида ўтказиш учун тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар бажарилди.
Жами 10 минг 761та, жумладан, 37та хорижий давлатда ташкил этилган 54та сайлов участкаси қонунчиликда белгиланган тартибда пухта ҳозирлангани овоз бериш жараёнининг халқаро сайлов стандартларига мос ўтишида муҳим аҳамият касб этди.
Аввало, сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини кафолатли таъминлаш учун барча шароитлар яратилди.
Бу ғоят шарафли ва масъулиятли жараённинг асосий юки сайлов комиссиялари зиммасига тушгани табиий. Барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини Сайлов кодекси талабларига биноан, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолат тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этди.
Бундай муваффақиятга ўз билими ва куч-ғайратини Президент сайловини юксак савияда ташкил этишга сафарбар этган ўн минглаб юртдошларимизнинг меҳнати самарасида эришилганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, очиқ, ошкора, юксак ташкилий даражада ўтказиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларига ҳамда вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, сайловнинг бошқа ташкилотчиларига, айниқса, оммавий ахборот воситалари вакилларига самимий миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим деб биламан.
Бешта сиёсий партия ва уларнинг номзодлари ўртасида қизғин рақобат муҳитида ўтган сайлов Ўзбекистонда эркинлик ва демократия амалда мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин намойишига айланди.
МУҲИМ ОМИЛ
Сайлов қонунчилиги ва амалиётининг – муттасил ривожланиб ва такомиллашиб бориши эркин демократик давлатга хос жараён. Бунда халқаро сайлов стандартлари талаблари ва халқаро ташкилотларнинг сайловларни кузатиш миссияларининг мақбул тавсиялари ҳисобга олиниши, табиий.
Демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан дадил ва оғишмай бораётган Янги Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кенг ва тўла таъминлашга қаратилган муҳим ўзгаришлар амалга оширилгани Президент сайловида ўзининг юксак самараларини берди.
2019 йили қабул қилинган Сайлов кодекси Президент сайловидек ғоят масъулиятли жараёнда илк бор синовдан ўтди.
Сайлов қонунчилигига шу йилнинг 8 февраль ва
31 май кунлари киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларга биноан, аввало, сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими янада такомиллаштирилди.
Сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқотини олиб боришида тенг ва кенг имкониятлар яратилди.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, айни куз фасли бўлишига қарамай, 24 октябрь куни жонажон Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларида, Яратганнинг инояти билан, майин кўклам қуёшининг чарақлаб тургани ҳам сайловчиларимизга баҳорий кайфият, кўтаринки руҳ ва улкан ишонч бағишлади. Фуқароларнинг сайловда фаол ва эркин овоз беришига хизмат қилди.
Айни пайтда, сайловчиларнинг бу фаоллиги жорий йилда миллий сайлов қонунчилигимизга халқимиз билан бамаслаҳат киритилган ўзгартиришларга биноан сайлов кунининг қорли-қировли ва совуқ декабрдан мўътадил октябрь ойига кўчирилиши ғоят тўғри иш бўлганлигининг амалдаги яна бир далолатидир. Сайлов қонунчилигига киритилган бошқа ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Президент сайловида 16 миллиондан зиёд ёки 80,4 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, овоз бергани - пандемия туфайли юзага келган мураккаб шароитда жаҳон мамлакатларида ўтказилган барча сайловлар тарихидаги ноёб ҳодисадир.
ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФ
Сайловни нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотнинг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тиллий давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши, Туркий Кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби йигирмага яқин халқаро ташкилотдан ва элликка яқин хорижий давлатдан қарийб минг нафар халқаро кузатувчи ҳамда 1672 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб ва ёритиб борди.
Бу галги сайловнинг ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатдан мутлақо янгича ўтганини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини бутун дунё - беш қитъа давлатлари ўз вакиллари ва оммавий ахборот воситалари орқали катта қизиқиш билан кузатиб турганидан билса бўлади.
Халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситаларининг бундай кенг кўламли иштироки Ўзбекистонда ўтган барча сайловлар тарихидаги рекорд кўрсаткичдир!
Шунингдек, сайловда иштирок этган бешта сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан қарийб 64,5 минг нафар вакил сайловни бевосита кузатиб борди.
Биринчи марта мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207та сайлов участкасига ўрнатилган 414та видеокамера орқали узатилган онлайн трансляцияни миллионлаб одамлар кузатиш имкониятига эга бўлди.
Айни пайтда, минглаб сайлов участкаларидан журналистлар томонидан теле ва радио, фото репортажлар, интервьюлар ва хабарлар мунтазам узатиб турилди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар орқали бутун дунёга намойиш қилинди.
Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлимларида сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун кенг медиа-майдон яратилди. Уларда юзлаб матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар, семинарлар, учрашувлар ўтказилди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раҳбарлари, Олий суди раиси, Бош прокурори, Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлари, округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотлари тингланди.
Сайлов кампаниясига старт берилган кундан буён хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида 76 мингдан ортиқ материаллар эълон қилинди.
Президент сайлови жараёнларини катта қизиқиш билан кузатиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг кузатувчилари, юзлаб чет эллик журналистлар мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётида қисқа муддат ичида амалга оширилган муҳим ўзгаришни алоҳида эътироф этдилар.
Уларнинг яқдил фикрича, Янги Ўзбекистонда эркин демократик сайловларни ўтказишга қодир замонавий ва барқарор миллий сайлов тизими яратилган.
КЕНГ КЎЛАМ ВА УЛКАН ИМКОНИЯТ
Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича 2021 йил 14 апрелда қабул қилинган асосий тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг изчил, тизимли ва кенг кўламда амалга оширилгани сайловни қонун талаблари асосида, юксак ташкилий даражада ўтказишга хизмат қилди.
Участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг билим ва кўникмасини мустаҳкамлаш мақсадида кўп босқичли “каскад” технологияси асосида ташкил этилган семинар-тренингларда 142 мингдан зиёд сайлов ташкилотчиси малака оширди.
Сайлов комиссияларининг 33 мингга яқин аъзоси (оператори) учун сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими операторларини тайёрлаш бўйича ўқувлар ташкил этилгани “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини таъминлаш имконини берди.
Айни пайтда, Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайти, “Saylov2021” портали, шу номдаги мобил иловаси, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида сайлов мавзусида ҳар бир фуқаро ўзи истаган кодексу қонунни, қарору низомни, йўриқномаю дастурни, илмий, оммавий мақолаларни, қўлланмаю рисолаларни, ҳатто зарур телефон рақамларидан то хариталаргача осонгина топиши учун қулай имконият яратилди.
Бунга видеодарслар, видеороликлар, инфографикалар, суратлар, теле, аудио ва кино лавҳалар, репортажлар, интервьюлар, мунозаралар, баҳсларни қўшинг. Ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида минглаб номдаги материаллар жамланган ушбу манбалардан истаган киши дунёнинг қай бир гўшасида бўлмасин ҳозир ҳам бемалол фойдаланиши мумкин.
Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида сайлов кампанияси аввалидан то унинг якунигача “1200” бепул қисқа рақамли “Ишонч телефони” (“Call center”) ишлаб турди. Телефон орқали тушган барча мурожаатларга Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходимлари, сайлов бўйича етакчи экспертлар ва олимлардан иборат навбатчилар гуруҳи томонидан ўз вақтда малакали жавоблар қайтарилди. Тушган 1061та мурожаатнинг бирортаси эътибордан четда қолгани йўқ.
Сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун 12,7 миллион дона тиббий ниқоб, 21,5 минг литр антисептик ва бошқа шахсий ҳимоя ҳамда дезинфекция воситалари етказиб берилди. Барча даражадаги сайлов комиссияларининг 141 минг нафардан ортиқ аъзоси коронавирусга қарши ўз вақтида тўла эмланди.
Президент сайлови халқимизнинг юксалиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва электорал маданиятини яна бир бор яққол намоён этди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, сайлов ўзининг, фарзандларининг эртасини ўйлаган миллат, халқ, Ватанини севган ҳар бир садоқатли инсон учун улкан имкониятдир.
ХАЛҚ МЕҲРИ ВА ИШОНЧИ
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиғининг овозини олган номзод Президент этиб сайланган, деб ҳисобланади.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп – 80,12 фоиз овозини олиб, ишончли ғалаба қозонди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
Халқ ишончи ва меҳрини қозониш инсон учун энг олий саодатдир!
Шавкат Мирзиёевнинг энг олий мартаба ва ана шундай олий саодатга иккинчи маротаба расман мушарраф бўлгани - бағрикенг ва фидойи давлат раҳбарининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, хавфсизлиги ва фаровонлиги, қонуний манфаатларини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, инсон қадр-қимматини юксалтириш борасида узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсатига халқимизнинг берган юксак баҳоси. Халқимиз демократик ислоҳотлар йўлини яккаю ягона ва энг тўғри тараққиёт йўли сифатида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганининг амалдаги ифодасидир.
Халқ билан доимий мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари ва дарду ташвишлари билан яшаш, қонун устуворлигини таъминлаш - “Инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсати даражасига кўтарилган эркин ва озод мамлакатдагина шундай бўлиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари сайловда овоз берган барча сайловчиларга чин дилдан миннатдорлик билдириб, бошқа партиялардан кўрсатилган номзодларнинг келгуси фаолиятига омад тилар экан, “биз куни кеча ўзаро рақобат қилган бўлсак, энди барча орзу-интилиш ва ҳаракатларимизни бирлаштириб, жонажон Ватанимиз равнақи йўлида фаол ҳамкорлик қиламиз”, деб алоҳида таъкидлади.
Янги Ўзбекистоннинг халқ қўллаб-қувватлаётган истиқболдаги стратегияси аниқ: инвестициялар ҳажмини янада ошириш, янги иш ўринлари очиш, аҳоли фаровонлигини муттасил юксалтириш, барча давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш.
ҲАВАС
Президент сайловининг асосий якунлари ва аҳамиятини чуқур таҳлил қилишга киришган миллий ва халқаро экспертларнинг бир масалада якдил экани кўзга ташланмоқда. Уларнинг фикрича, сайловнинг Ўзбекистонда мустаҳкам қарор топган тинчлик ва осойишталикда, ўзбек халқига хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр-оқибат, садоқат, иззат-ҳурмат, сиёсий-ҳуқуқий маданият, қадимий анъаналарга мос муҳитда ўтганига ҳавас қилса арзийди.
Баъзи давлатларда бўлгани каби демократияни бошбошдоқлик, сўз эркинлигини бетгачопарлик, деб тушуниш, жамоат тартибини қўпол равишда бузиш ҳолатлари кузатилмади.
Президент сайлови халқимизни янада аҳиллик, юксак илму маърифат ва фаровонлик сари бошлайдиган, мамлакатнинг жадал ривожланишида муҳим омил бўладиган улкан имконият яратди.
Ўзбекистонда модернизация ва демократлаштириш жараёнлари қатъий ва ортга қайтмас характер касб этиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани Президент сайловида яна бир бор ўз инъикосини топди.
Бугун халқчил ва демократик тамойиллар асосида яшаётган Янги Ўзбекистон ўтмиш аждодларининг тарихий анъаналарини давом эттириб ва янада бойитиб, ҳар томонлама жадал ривожланаётган замонавий давлат сифатида бутун дунёнинг эътиборини ва ҳавасини тортаётганининг сабаби ҳам шунда.
Соғлом рақобат муҳитида ўтган Президент сайлови - кўп миллатли Ўзбекистон аҳли энг улуғ ишларга қодир буюк халқ эканлигининг яна бир ёрқин намоёнидир!
Президент сайлови, таъкидлаш жоизки, тарихи минг йилларга бориб тақалувчи ўзбек миллий давлатчилигининг, Янги Ўзбекистоннинг нуфузини янада юксалтирди. Бу юксалиш мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти ва буюк келажагига хизмат қиладиган муҳим омилдир.
Сайлов - ҳар бир мамлакат ва халқ учун, сайланувчи ва сайловчилар учун, сайлов ташкилотчилари учун улкан сиёсий синовдир. Бу ғоят масъулиятли ва мураккаб синовдан ёруғ юз билан ўтганимиз барчамизга муборак бўлсин!
Дунёдаги энг осойишта, энг барқарор ва энг жадал ривожланаётган демократик мамлакатлардан бири сифатида тан олинган Янги Ўзбекистонимизга ҳеч қачон кўз тегмасин!
Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси Раиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,
2021 йил 7 ноябрь.