Албатта, сайлов ташкилотчилари пандемия даврида овоз бериш жараёнларини ташкил этиш вируснинг янада тарқалиши ва сайловчилар сонининг камайишига таъсир ўтказишидан хавотир олди. Бироқ, кўплаб мамлакатлар сайловларни янги шароитда, янги қонун ҳужжатлар ва электрон овоз бериш усули ёрдамида ўтказишга муваффақ бўлди.
Бунинг натижасида овоз беришнинг махсус тартиблари ва хавфсизлик чоралари кучайтирилди ва сайловчиларнинг юқори фаоллиги ҳамда сайлов тизимига бўлган ишончи йўқолмади.
2021 йил давомида Бенин Республикаси, Жибути Республикаси, Косово Республикаси, Ливия, Монголия, Португалия Республикаси, Чад Республикаси, Ўзбекистон Республикаси каби 10 дан зиёд мамлакатларда президент сайлови, Албания, Болгария, Германия, Мексика, Чехия, Япония, Канада, Нидерландия, Исроил каби 40 яқин мамлакатларда парламент сайловлари ўтказилди.
Булардан МДҲга аъзо давлатлар жумладан, Россияда (Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думасига сайлов), Қозоғистонда (Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси депутатларининг навбатдаги сайловлари), Қирғизистонда (Президент сайлови, референдум ва Маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайлови), Ўзбекистонда (Президент сайлови), Aрманистонда (Арманистон Республикаси Миллий Мажлис депутатлари сайлови) ва Молдовада (Молдова Республикаси Парламенти сайлови) турли даражадаги сайловлар бўлиб ўтди.
Қайд этиш жоиз, жорий йил давомида МСК вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Молдова, Грузия каби давлатларда бўлиб ўтган турли даражадаги сайловларда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг кузатув миссиялари таркибида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди.
Шу ўринда айтиш жоиз бир қатор давлатларда ўтказилган сайловларда санитария-эпидемиологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган чоралар кўрилган. Сайлов участкалари ва комиссия аъзолари ва овоз беришда иштирок этувчиларни шахсий ҳимоя воситалари, антисептик ва бошқа воситалар билан таъминланган.
Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Баходиржон Юнусов:
-“Бундай мураккаб шароитда ишлашга мажбур бўладиган сайлов ўтказувчи органларни қўллаб қувватлаш мақсадида Сайлов тизимлари Халқаро фонди (IFES) ва Бошқарув фанлари - соғлиқни сақлашга (БФСС) ташкилоти ҳамкорлигида “Соғлиқни ва сайловларни сақлаш” номли махсус қўлланма ишлаб чиқилиб, халқаро вебинар давомида сайловнинг барча муҳим жараёнлари учун жамоат соғлиғини сақлашга ва COVID-19 хавфини қисқартиришга оид умумий мулоҳазалар, тавсиялар баён қилинди.
Мазкур ахборот буклетида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, АҚШнинг хасталикларни назорат қилиш ва профилактикаси маркази каби ташкилотларнинг умумий тавсияларига таянилди, энг сўнгги маълумотлар ва тадқиқотлар натижалари, пандемия шароитида Сайлов ўтказувчи органларнинг илғор амалиётлари келтирилди.
Ташкил этиладиган жараёнларга янги таомилларни келтириш ва киритишга сайловларни ўтказиш органларида вақт ва ресурларнинг чекланганлиги боис, хавф-хатарни қисқартириш чоралари ресурсларни оптималлаштиришни таъминловчи ялпи стратегиянинг бир қисми сифатида қабул қилиниши муҳимдир. Ушбу стратегия COVID-19 тарқалишининг умумий мойилликларини инобатга олиши зарур. Ушбу тавсия ва чоралар унумли қўлланган тақдирда сайлов жараёнларида вирус юқишини қисқартириш, инсонларнинг саломатлигидан хавфсирамаслигини таъминлаш мумкин бўлиб, сайловдаги фаолликни оширади. Йўқса сайлов натижаларининг легитимлигини обрўсизлантиради”.
Қайд этиш жоиз, сайлов ўтказувчи органлари томонидан вирус юқиши эҳтимолини пасайтирувчи янги, такомиллашган тартиб-таомилларни жорий қилиш, зарур ҳимояловчи материаллар хариди учун маблағ ажратишга тўғри келади. Шунингдек, ўз фаолиятини бошқа манфаатдор ташкилотлар билан мувофиқлаштиришлари зарур бўладики, токи ушбу ўзгаришларни амалга оширишга ва улар сайловчилар учун тушунарли бўлишини таъминлашга хизмат қилсин.
Мазкур тавсиялар Марказий сайлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, сайловчилар ҳамда сайлов ташкилотчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишини олдини олиш бўйича ЙЎРИҚНОМАни тасдиқлаш ҳақидаги қарор қабул қилинган эди. Ушбу муҳим чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини муваффақиятли ўтказишда ўзининг самарасини берганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.