• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Гендер тенглиги ва аёлларнинг сайловлардаги ўрни
23.11.2021
2612
Ўзбекистонда гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки тобора ортиб бормоқда. Шубҳасиз, бу ҳолат сайлов жараёнларида ҳам кузатилмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Бугунги кунга келиб соҳага оид 25 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши каби янги тузилмаларнинг ташкил этилиши Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлашнинг ягона яхлит механизмига айланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган Миллат Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди.

Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди.

Давлатимизда аёлларнинг ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилда бўлиб ўтган  Сенатнинг XV ялпи мажлисида қабул қилинган  “Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси”ни кўришимиз мумкин.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатни ривожлантиришнинг устувор вазифалари ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Шунингдек, мазкур Стратегия Пекин Декларацияси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришга кўмаклашади.

Гендер тенгликка эришиш стратегияси асосан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашнинг қатор устувор йўналишларида амалга оширилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур ҳужжатда сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш – устувор йўналишлардан бири. Хусусан, Стратегиянинг “Гендер стратегиясини амалга оширишнинг устувор йўналишлари” номли 4-бобининг 1-парагрифи “Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш” деб номланган.

Стратегияда бу мақсадларга эришишда қандай зарур тадбирлар кўзда тутилмоқда?

Биринчидан, сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларига хотин-қизларни ва эркакларни тенг асосда жалб қилиш, хотин-қизларни тайинланадиган раҳбарлик лавозимларига тавсия қилишга оид фаолиятини рағбатлантириш;

Иккинчидан, сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда номзод кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилганлигини мониторинг қилиш;

Учинчидан, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш орқали уларга нисбатан жамиятда шаклланган салбий қарашларни ўзгартириш;

Тўртинчидан, хотин-қизлар ва эркакларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига тўлиқ риоя этилишини таҳлил қилиб бориш;

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов ҳамда референдумлар ўтказиш бўйича вилоят, туман, шаҳар, округ, участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар вакилларининг тенглигини таъминлашдан иборат.

Юқоридаги тадбирлардан келиб чиққан ҳолда, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 та Индикаторлар ишлаб чиқилди ва бу йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясидан бошлаб амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Ушбу индикаторлар қандай кўрсаткичлар билан таърифланади?

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги сайловчиларнинг 10 399 854 нафари ёки 52,4% аёллардан иборат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг 266 нафар аъзосидан 103 нафари (39%)ни ҳамда участка сайлов комиссияларининг 142 044 нафардан 76 070 нафари (46,4%)ни аёллар ташкил қилади. Ҳозирги кунда Марказий сайлов комиссиясининг 21 нафар аъзосидан 7 нафари (33,3%) аёллардир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг 74 нафар ишончли вакилларидан 15 нафари (20%)ни, сиёсий партияларнинг 53 717 нафар кузатувчиларидан 22 420 нафари (42%)ни аёллар ташкил этди.

Бундан ташқари, сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар кузатиб борди, уларнинг 10 733 дан 3 834 нафарини ёки 36 фоизни хотин-қизлар ташкил қилди.

Президент сайлови кампанияси даврида умумий ҳисобда 1672 нафар маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди.  Уларнинг  476 нафарини (28,5%) айнан аёллар ташкил этганлиги сайлов жараёнларини ёритишга ҳам аёл-қизларнинг қизиқиши баланд эканлигидан далолатдир.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, хотин-қизларнинг сайлов жараёнларида нафақат иштирокчи сифатида, балки ташкилотчи сифатида ҳам ўрни ортиб бормоқда.

2021 йил 25 октябрда Сайловни кузатувчилар халқаро миссияси (ЕХҲТ нинг ДИИҲБ ва ПА, Европарламент) эълон қилган Дастлабки натижалар ва хулосалар тўғрисидаги Баёнотида айнан ушбу кўрсаткичлар алоҳида қайд этилган.

Шу билан бирга, Стратегияга мувофиқ, айнан бу борада белгиланган вазифаларни бажариш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:

Биринчидан, юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиёти кенгайтирилади;

Иккинчидан, сиёсий партияларни рағбатлантириш орқали хотин-қизлар сайлов жараёнларига кенг жалб қилинади.

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда бўғинларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади.

Шунингдек, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Президент сайлови кампанияси жараёнларини  инклюзивлигини таъминлаш, шу жумладан, аёлларнинг сайловда фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Гендер тенглигини таъминлаш ва жамият ҳаётида хотин-қизларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш борасида МСК томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, МСК Ўзбекистондаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда 2019-2021 йилларда сайлов жараёнини қўллаб-қувватлаш” қўшма лойиҳаси доирасида “Сайлов ва гендер: сиёсат соҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва миллий амалиёт” туркумидаги семинар-тренинглар ўтказилди.

Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган ўқув тадбирлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, аёлларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари хотин-қизларнинг сайлов жараёнидаги иштироки борасидаги касбий билим даражасини оширишга қаратилган бўлиб, аёлларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида иштирок этиш имкониятларини янада оширишга хизмат қилди.

Биринчи семинар-тренинг оффлайн форматида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидан иштирокчилар учун ўтказилди. Ўқув семинарлари туркумини бошлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси К.Оболенский, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маруфова иштирок этди.

Кейинчалик 5 та семинар-тренинглар онлайн форматида ўтказилиб, республиканинг барча ҳудудлари бўйича иштирокчиларни қамраб олди.

Ўқув тадбирлари иштирокчилари сиёсатда гендер тенглиги ва сайлов соҳасидаги халқаро стандартлар билан танишдилар. "Ўзбекистонда сайловлар ва гендер: қонунчиликнинг асосий жиҳатлари" мавзусида алоҳида сессия ўтказилди. "Гендер квотаси ва жамиятдаги имкониятлар тенглиги" мавзуси сессия тингловчиларида катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар гендер квоталари сайловчилар танловини чекламаслиги ва гендер масалаларини қонунчилик даражасида самарали ҳал қилиш учун сайлов органларида аёллар сонининг оширилишини қўллаб-қувватлашини таъкидладилар. Гуруҳ муҳокамалари давомида иштирокчилар юқори фаолликни кўрсатдилар.

Алоҳида ўқув тадбири Нодавлат нотижорат ташкилоти - "Истиқболли авлод" Республика ахборот маркази тармоғининг (14 та ҳудудий бўлинма) вакиллари учун уюштирилди.

Гендер бўйича махсус қўлланмани қамраб олган ўқув дастур иштирокчиларни сайловларда гендер тенглиги, халқаро стандартлар ва сайлов тартиб-қоидаларига ўргатиш учун ишлаб чиқилган. Дастур иштирокчиларга "гендер призмаси" орқали сайлов жараёни билан танишиш имкониятини ҳам берди.

Баҳолаш жараёнида иштирокчилар, ўқув машғулотлари янги маълумот олиш ва гендер тенглигига бошқа нуқтаи назардан қарашга ёрдам берганини, унинг муҳимлигини таъкидладилар.

Ўқув курси давомида олинган билим иштирокчиларнинг гендер тенглиги ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар ва илғор тажрибалар ҳақидаги тушунчаларини оширди. Таъкидлаш жоиз, ўқув курси келгусида аёлларнинг нафақат сайлов жараёнида, балки сиёсатда ҳам бевосита иштирокини рағбатлантириш бўйича кейинги қадамларни аниқлашга ёрдам беради.

Гулноза РАҲИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси