Албатта, бу борада ОАВ вакиллари учун маълум бир шарт-шароитларни яратиш зарур. Уни қуйидагича кўриш мумкин:
- Сўз ва матбуот эркинлиги. Оммавий ахборот воситалари сайловлар ҳақидаги ахборотни чекловсиз ва цензурасиз тақдим этишда эркин бўлиши керак.
- Таҳдид ва зўравонликдан ҳимоя қилиш. Оммавий ахборот воситалари таҳдид ва зўравонликдан қўрқмасдан воқеаларни тадқиқ қилиши ва хабар бериши керак.
- Ҳаракат эркинлиги. Журналистлар номзодларнинг сайловолди ташвиқотларини ёритиш ва ҳудудлардаги сайловни бошқариш органлари фаолиятини эркин кузатишлари лозим.
- Имконият (доступ). Журналистлар сайлов комиссиялари, сайлов участкалари, номзодлар ва сайловчилар билан учрашиши ва улар ҳақидаги маълумотларни қўлга киритишлари лозим.
- Тенг муносабат. Барча давлат ва хусусий ОАВга тенг муносабатда бўлиш керак.
Халқаро ҳужжатларда фикр эркинлиги ҳуқуқи
Фикр эркинлиги ҳуқуқи қуйидаги ҳужжатлар билан ҳимояланган.
- Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддаси;
- Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 19-моддаси;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси 10-моддаси, МДҲнинг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги конвенциясининг 11-моддаси;
- Мустақил давлатлар ҳамжамиятига аъзо давлатларда сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги конвенциясининг 13-моддаси.
“Рақамли технологиялар даврида фикрни ифода этиш ва сайловлар эркинлиги тўғрисида”ги қўшма декларацияда ОАВ, сайловлар даврида шароит тақозо этган ҳолларда, жумладан, номзодлар ва партияларнинг жамоатчилик билан мулоқоти учун тенг имкониятлар, сиёсий дебатлар уюштиришга платформалар ҳамда сайловлар билан боғлиқ масалалар бўйича холис ва ишончли ахборот тақдим этишда алоҳида ўрин тутиши қайд этиб ўтилган.
Оммавий ахборот воситалари халқаро кузатувчилар билан бир хил даражада ҳимояланган. Масалан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотида (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги бўйича вакил фаолият олиб боради.
У ЕХҲТга аъзо барча 55 та давлатда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳолатини кузатади ҳамда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига оид тамойиллар ва мажбуриятларига риоя этилишини назорат қилади.
Ўзбекистонда ахборотлаштириш соҳасини, ахборотни излаш, олиш, тарқатиш ва ундан бошқача тарзда фойдаланиш масалаларини тартибга солишга қаратилган қуйидаги қонун ҳужжатлар мавжуд.
- Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;
- Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуни;
- Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни;
- Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни;
- Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонуни;
- Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни;
- Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси.
Аккредитация - ОАВ билан ҳамкорликнинг бошланғич қадами
Сайлов ўтказувчи мамлакатлар ОАВ билан ҳамкорлик ишларини асосан уни аккредитациядан ўтказишдан бошлайди. Аккредитациядан ўтган ОАВ вакиллари сайлов кампанияси барча тадбирларини эркин ёритиш ҳуқуқига эга бўладилар.
МДҲ аъзо мамлакатларда бўлиб ўтган сайловларда мингга яқин ОАВ вакиллари иштирок этганини кузатиш мумкин. Масалан, 2021 йил 19 сентябрь куни Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думасига бўлиб ўтган сайловларда журналистлар учун Ахборот маркази ташкил этилди. Марказда ўз фаолиятини олиб бориш учун дунёнинг 21 мамлакатидан 1372 ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, 40 та хорижий ОАВ вакиллари тўғридан-тўғри Россия Марказий сайлов комиссиясида овоз бериш жараёнлари ҳақида маълумот олишди.
1400 дан ортиқ ОАВ вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов участкаларида, 13 мингдан зиёд журналистлар эса ҳудудларда ўз фаолиятини олиб бориш мақсадида аккредитациядан ўтказилди.
Шунингдек, Қирғиз Республикаси Президенти сайловини ёритишда дунёнинг 11 давлатидан 100 га яқин халқаро журналистлар иштирок этди. Президент сайловини 200 дан зиёд, референдумни эса 50 дан зиёд маҳаллий ОАВ вакиллари ёритиб борди.
Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайловларида эса 1 минг 672 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб ва ёритиб борди.
Журналист қачон зукко кузатувчи ва яхши таҳлилчига айланади?
Албатта, бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Лекин даставвал у сайлов кампанияси бошланишидан олдин сайлов кодекси ва сайловга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни диққат билан ўқиб чиқиши лозим. Шунингдек, номзодлар рўйхати ва уларнинг сайлов олди дастурининг ижтимоий-сиёсий мазмуни билан танишиб, пухта тайёргарлик кўриши керак.
“Журналистларнинг хулқ-атвори принциплари декларацияси”да қайд этилганидек, ҳақиқатни ва жамиятнинг ҳақиқатни билиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш-журналистнинг асосий вазифасидир. Журналист тўғри эканига ишонч ҳосил қилган, текширилган фактларнигина узатишга, шунингдек ахборот, фотосуратлар ва ҳужжатларни олиш учун фақат ҳалол усуллардан фойдаланишга мажбур.
Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) тавсиясига кўра, “Журналист ҳатто сиёсатчининг авто машинасига ҳам ўтирмаслиги керак- бу унга бўлган ишонч даражасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Халқаро журналистлар федерацияси профессионал ОАВ ходимларидан иборат дунёдаги энг йирик ташкилот бўлиб, унинг штаб-квартираси Брюсселда жойлашган. 1926 йилда ташкил этилган ушбу ташкилот ҳозирда дунёнинг 139 дан зиёд давлатидан 600 мингга яқин журналистларни қамраб олган.
Сайловларни холис ёритиш шаффофликни оширади. Сайлов жараёнларида юз бериши мумкин бўлган фирибгарлик ҳолатлари ва овоз бериш жараёнининг бузилишини олдини олади. Ошкоралик сайлов жараёнини такомиллаштиришга ҳам ёрдам беради. Жумладан, журналист томонидан аниқланган муаммо ва камчиликлар сайлов ташкилотчиларига, шунингдек кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади. Бунинг натижасида мавжуд муаммо ўрганилади ва уни бартараф этиш ҳаракати бошланади.
Материалда “Cўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” китоби, шунингдек, Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) тавсияларидан фойдаланилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати