• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Илғор тажриба ва янги ташаббусларни алмашиш платформаси
26.11.2021
843
Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Ҳиндистон Сайлов комиссияси Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (A-WЕB) раислигида “Aёллар, ногиронлар ва кекса фуқаролар сайловчиларнинг сайловдаги фаоллигини ошириш: илғор тажрибалар ва янги ташаббусларни алмашиш" мавзусида халқаро вебинар ўтказди.

Вебинарда сайлов органлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Вебинар аудиторияси дунёнинг 24 давлатидан иштирокчиларни қамраб олди, жумладан: Ўзбекистон, Бангладеш, Бутан, Камбоджа, Эфиопия, Фижи, Грузия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Либерия, Малави, Маврикий, Мўғулистон, Филиппин, Руминия, Россия, Соломон ороллари, Жанубий Aфрика, Шри-Ланка, Суринам, Тайван, Яман, Замбия ва бошқалар.

Тадбир иштирокчилари орасида Демократия ва сайловга кўмаклашиш халқаро институти (International IDEA), Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси (IFES), Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (A-WЕB) ва Европа сайлов Маркази каби халқаро ташкилотлар ҳам бор.

Халқаро вебинар иштирокчиларга хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёши кекса бўлган сайловчиларнинг сайловлардаги фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган илғор тажриба ва ташаббуслар билан ўртоқлашиш имконини берди.

Вебинар давомида мавзули сессиялар билан бир қаторда иштирокчиларга «A-WEB India Journal of Elections» ва «VoICE International» журналлари ва «Aёллар, ногиронлар ва кекса сайловчиларнинг иштироки» каби нашрларнинг навбатдаги сонлари, шунингдек, сайловларда аёллар, ногиронлар ва кексаларнинг иштирокига кўмаклашишга бағишланган халқаро видеопрезентация тақдим этилди.

Халқаро вебинар ишида Хиндистондаги Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Д.Ахатов, Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосдаги аъзоси Г.Раҳимова ҳамда МСК Котибиятининг масъул ходимлари иштирок этди.

Маълумот учун: A-WЕB дунёдаги энг йирик сайлов органлари ассоциацияси бўлиб, унга аъзо сифатида 117 та сайлов органи ва 16 та ҳудудий бирлашма/ташкилот ассоциация аъзоси сифатида киради. Ҳиндистон сайлов комиссияси 2019 йил 3 сентабрдан бошлаб уч йил муддатга A-WЕB га раислик қилади.

Матбуот хизмати