Бу, ўз навбатида, сайлов жараёнларини қонунчиликка мос тарзда уюшқоқлик билан ташкил этиш учун энг аввало, участка сайлов комиссияси аъзолари ҳамда сайлов жараёни бошқа ташкилотчиларининг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмасини янада юксалтириш бўйича бир қатор зарур тадбирларни амалга оширишни тақазо этади.
Шуларни инобатга олган холда, Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 27 апрелда тасдиқланган “Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси” шу йил 24 октябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро тенденциялар асосида ўтказилишига хизмат қилди.
Мазкур концепция асосида Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат малакали экспертлар томонидан махсус ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллар ишлаб чиқилди ҳамда бутун респбликамиз бўйлаб тажрибали экспертлар иштирокида кенг кўламли семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.
Ўқувлар давомида “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига қатъий амал қилиш, сайловчи шахсан ўзи овоз беришининг аҳамиятини кенг тушунтириш, шунингдек, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби каби муҳим мавзулар қамраб олинди.
Қувонарлиси, мазкур ёндашув сайловни кузатишда иштирок этган нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотнинг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тиллий давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши, Туркий Кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан алоҳида қайд этилди.
Рағбат ва эътироф келгусида ўз устида изланиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилишини инобатга олган холда Марказий сайлов комиссияси Корақалпоғистон Республикаси Жукорги Кенгеси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда Ўзбекистан Республикаси Президенти сайловини ўтказишда фаол иштирок этган ва ўзига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндошиб, виждонан бажарган ҳудудий тренерларнинг сайлов жараёнидаги меҳнатини муносиб тақдирлашни мақсад қилган.
Куни кеча Наманган, Хоразм, Фарғона, Бухоро вилоятларида ушбу мақсадни амалга оширишга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтган эди.
Бугун мазкур тадбирлар яна қатор ҳудудларимизда давом этди, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида МСК аъзоси М.Бабаназарова ва МСК ўқув маркази раҳбари Х.Палуаниязовлар 26 нафар, МСК Котибият раҳбари Х.Маматов ва МСК аъзоси О.Бозоровлар Самарқанд вилоятида 18 нафар, Қашқадарё вилоятида 17 нафар энг фаол, ўз ишига фидоий ҳудудий тренерлар меҳнатини эътироф этган холда Марказий сайлов комиссиясининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғаларини топширишди.
Тадбирда Х.Маматов таъкидлаганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 27 апрелда тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланган эди. Мазкур Келишув бўлиб ўтган сайлов ва сайловолди жараёнларини қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда ташкил этиш учун сайлов жараёни ташкилотчилари, иштирокчиларининг сайлов қонунчилиги ҳамда амалиётига оид билими ва амалий кўникмасини янада ошириш, мамлакатимиз фуқароларининг амалдаги сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли инсонпарвар ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш мақсадида кўп томонлама манфаатли ўзаро ҳамкорликни амалга оширишга хизмат қилди.
Фахрий ёрлиқларни топшириш маросимлари доирасида, МСК аъзолари С.Қурбонқулов ва М.Қодировалар Сурхондарё вилоятида бўлиб 17 нафар, МСК аъзолари А.Ибодуллаев ҳамда А.Усмонқуловлар Жиззах вилоятида бўлиб 14 нафар, МСК аъзолари Б.Юнусов ва Ф.Ахмедовалар Андижон вилоятида бўлиб 17 нафар тренер- профессор-ўқитувчиларни муносиб тақдирлашда иштирок этдилар.
Андижон вилоятида шунингдек, тадбир иштирокчилари эътиборига маданий-маърифий концерт дастури ҳам хавола этилди.
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётган ушбу тадбирлар ҳақида МСКнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда расмий веб-сайти орқали хабардор қилиб боришда давом этамиз.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати