• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқаролар сайлов ҳуқуқининг кафолати
07.12.2021
514
Демократик тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган Мустақил Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимизнинг манфаатлари кўзланган буюк ислоҳотларни амалга оширишдир.

Мамлакатимиз миллий тараққиётининг янги босқичини бошлаб берган Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган, етти йўналишдан иборат Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти замирида ҳам, давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини, юртимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз даҳлсизлигини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини ва адолатли бошқарув тизимини вужудга келтириш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш каби инсонпарвар мақсадлар мужассам.

Бу каби инсонпарвар мақсадлар асосини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ташкил қилади. Хусусан, мамлакатда демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши асосий қонунимизда мустаҳкамланган.

Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

Инсон ҳуқуқлари — ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим мезон. Шунинг учун ҳам, халқаро ва миллий ҳуқуқий тизимда инсон ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилади. Инсоният ўз тарихий ривожланиши жараёнида инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик тизимини яратган бўлиб, улар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунлардан таркиб топган.

Инсон ҳуқуқлари ер юзида ҳаётнинг тўлақонлилигини белгилайди ҳамда миллатлар маданиятларининг ажралмас қисми, инсоният маънавий-ҳуқуқий оламининг энг юқори даражадаги кўриниши бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири — юртимизда демократик ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини, шу жумладан конституциявий ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, шахс ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлашнинг ҳақиқий тизимини яратишдан иборат.

XIII-асрда яшаб, ижод этган машҳур шоир, адиб ва мутафаккир Муслиҳиддин Саъдий Шерозий ўзининг Гулистон асарида – “Дунё ҳалқлари ирқи, дини, маслаки  ва дунё қарашларидан қатъий назар, бир вужуддирлар, уларни бирига озор берсангиз, иккинчиси оғриниб-безовта бўлғувсидир”- деб ёзганлар. Ушбу буюк ҳикмат, аслида Жалолиддин Румийнинг шеъриятидан олинган бўлиб, бу сўзлар бугунги кунда Бирлашган миллатлар ташкилотининг      Нью-йорк шаҳрида жойлашган бош қароргоҳининг пештоқига битилган, ўнлаб давлатларнинг конституцияларига муҳрлаб қўйилган ва инсоният бирдамлиги ва тенглиги учун хизмат қилмоқда.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг рўйхати ва мазмуни 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган —  Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур ҳужжат одатда дунёнинг виждони, инсоният маънавиятининг эталони деб номланади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг эҳтиёжларсиз ва ўз шахсий дахлсизлиги учун ҳадиксирамай яшаш ҳуқуқи, сўз ва эътиқод эркинлиги, адолатли ва бутун дунёда тинчликга бўлган ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Шунинг учун ҳам, ҳозирги замон дунёсининг маънавий қадриятлари орасида умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари энг муҳим ўринлардан бирини эгаллайди.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Низоми ва халқаро конвенцияларда ҳамда дунёнинг турли мамлакатлари конституцияларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари фундаментал ва ажралмас ҳуқуқлар сифатида онгимизга сингиб бормоқда.

Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган самарали ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда миллий сайлов тизими ҳам мамлакатимизда тарихан шаклланган ва сўнги йилларда юксак даражага кўтарилган миллий қадриятларимизга, бой давлатчилик тажрибамизга, халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган сайловга оид демократик тамойилларга ҳамда ривожланган демократик-ҳуқуқий давлатларнинг миллий манфаатларимизга мос келувчи, адолатли сайловларни ўтказиш борасидаги кўп йиллик тажрибасига монанд такомиллашиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари — бу бутун инсониятнинг интилишлари, орзу-умидларини ўзига жамлаган кенг қамровли тушунча бўлса, фуқаронинг сиёсий ҳуқуқлари унинг ажралмас қисмидир. Сиёсий ҳуқуқларни таъминлаш эса, энг аввало очиқ ва ошкора ташкил этиладиган сайловларда намоён бўлади. Аслида, сайловлар  демократик қадрият бўлиб, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишлари учун кенг сиёсий майдон яратади. Шу боисдан ҳам, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан унинг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш мустақиллигимиз қомуси бўлмиш Конституциянинг асосий тамойили, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-сиёсий тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг асосий йўналиши ва мақсадига айланиб улгурган. Кейинчалик сайлов тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга қаратилган сайлов қонунчилигида янада мустаҳкамлаб борилмоқда. Фикримиз исботи сифатида қуйидаги мисолларга бир назар ташласак:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Иккинчидан, Конституциянинг 117-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”.

Учинчидан, Конституциясининг 18-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир”.

Бешинчидан, Сайлов кодексининг 7-моддасига мувофиқ, “Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади”.

Олтинчидан, Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ, “Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади. Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради. Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки Сайлов кодексида белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга”.

Еттинчидан, Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ, “Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов Кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади. Масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади. Сайлов комиссиялари номзодларга, сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради”.

Шу каби халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва қадриятларига зид бўлмаган нормаларнинг миллий қонунчилигимизда акс этганлигини кўплаб мисоллар орқали ёритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган асосий қоидаларни миллий қонунчиликка тўлиқ имплементация қилган.

Эътиборлиси, юртимизда шу асосда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш борасида ўзига хос миллий тизим яратилган ва бу масалада махсус миллий институтлар ташкил этилган. Ўзбекистон декларация асосида қабул қилинган халқаро конвенцияларни ратификация қилиб, инсон ҳуқуқи соҳасида умумэътироф этилган тамойилларга содиқлигини намоён этмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган, халқимиз дилидан мустаҳкам жой олиб, кундалик шиоримизга айланган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!”, “Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур!”, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”, деган эзгу ғоялар асосида янада ривожланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, биз интилаётган демократик жамиятнинг истиқболи, биринчи навбатда, демократик қадриятлар ҳар биримизнинг қалбимиз ва онгимиздан қай даражада чуқур ўрин олишига, бу қадриятларнинг нечоғли асраб-авайланиши, ривожланиши ва келажак авлодларга етказилишига бевосита боғлиқ. Бу борада ҳар биримиз Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини чуқур англаб етишимиз ҳамда конституцион талабларга қатъий риоя этишимиз инсонийлик бурчимиздир.

 

Худоёр Маматов

Марказий сайлов комиссияси котиби,

юридик фанлар доктори, профессор