• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ваколатли вакил ким ва у қандай вазифаларни бажаради?
07.12.2021
1341
Сайлов кaмпаниясида Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партия ўртасида мулоқот олиб бориш, талаб этилган ҳужжатларни тақдим қилишни ташкилий равишда тартибга солиш учун ваколатли вакил фаолияти йўлга қўйилади.

Ваколатли вакил, биринчи навбатда, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиянинг манфаатини ифодалайди ва унинг сайлов жараёнидаги иштирокига оид масалаларни ҳал қилиб боради.

Мазкур институтнинг сайлов компанияси даврида фаол иш олиб бориши сайловларнинг ошкоралиги, адолатлилиги ва қонунунийлигини таъминлашга ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиянинг ваколатли вакили бўлиши мумкин.

Сиёсий партия томонидан ваколатли вакил тайинлаш масаласи икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини белгиланган қоидалар асосида амалга ошириш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан муносабатларни олиб бориш учун ваколатли вакил тайинланади.

Иккинчи босқич бевосита ҳудудий партия органларидан тайинланадиган ваколатли вакил фаолияти билан боғлиқ. Бундай ваколатли вакил сайлов участкасида иш олиб боради. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиши учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасида ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сон қарори билан тасдикланган  “Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида”ги Низомда сиёсий партиялар томонидан ваколатли вакил тайинлаш ва уни рўйхатга олиш тартибини, ваколатли вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари  белгиланган.

Ваколатли вакил қуйидаги тартибда тайинланади ва рўйхатга олинади:

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли хужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва мазкур Низомнинг белгиланган шаклда унга мандатни беради.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.

Сиёсий партиянинг ҳудудий органи раҳбари сайловга камида ўн кун қолганида ариза билан тегишли сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда) тақдим этади. Бунда ариза:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида — Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида — мазкур Кенгашларга сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

халқ депутатлари туман, шаҳар (бундан Тошкент шаҳри мустасно) Кенгашлари депутатлари сайловида — туман, шаҳар (бундан Тошкент шаҳар сайлов комиссияси мустасно) сайлов комиссиясига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда — Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Тегишли сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган вақтдан бошлаб, беш кун ичида ваколатли вакилларни рўйхатга олади ва уларга белгиланган шаклда мандатлар беради.

Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан фарқлаш учун алоҳида белгилар (ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда ваколатли вакилга мандат бериш рад этилиши мумкин:

номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;

сайловга ўн кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса;

тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса (сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этадиган ваколатли вакилларга нисбатан қўлланилади);

Низомда кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса.

Сиёсий партия сайловга қадар истаган вақтда тегишли сайлов комиссиясини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ваколатли вакилни ваколатидан маҳрум қилиши мумкин. Бундай ҳолларда сайлов комиссияси ваколатли вакилни рўйхатдан чиқаради ва унга берилган мандатни бекор қилади.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили қандай вазифаларни бажаради:

сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан тўпланган имзо варақларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга;

участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шу жумладан участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили такрорий овоз бериш пайтида ҳам сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиши мумкин.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиши мумкин эмас.

Cиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.

 

Орзугул Қозихонова

Марказий сайлов комиссияси аъзоси