• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайлов жараёнининг очиқлигини таъминлашда замонавий ахборот технологияларининг ўрни
15.12.2021
454
Жорий йилнинг 24 октябрида зўр муваффқият билан ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юксак савияда ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан кўламли ва изчил ишлар амалга оширилганини халқаро кузатувчилар ҳам кенг эътироф этди.

Бу жараён миллий сайлов тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган ишлар мисолида ҳам намоён бўлди.

Мамлакатимизда мазкур йўналишда изчил ишлар бошланганига уч йилдан ошди. Жумладан, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига (СЖБАТ) асос солиниб, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) жорий этилди. Ушбу янгилик 2019 йили мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга ўтган сайловларда муваффақиятли қўлланилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий сайлов тизимига СЖБАТ ва СЯЭРни жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур ахборот тизими ҳуқуқий тажриба тартибида 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида Халқ депутатлари туман кенгашлари сайловида синовдан ўтказилиб, маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланган эди.

Унинг афзаллиги шундаки, ушбу тизим “Бир сайловчи — бир овоз” тамойилини таъминлаш, бир сайловчининг бир неча рўйхатга киритилишига йўл қўймаслик, маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимида ҳамда хорижда яшаб турган умумий сайловчилар сонини, сайлов округлари ва участкалари бўйича сайловчилар нормаларини белгилаш учун қулай имконият яратади. Ягона электрон рўйхатни қўллашни тартибга солувчи нормалар Сайлов кодексида ҳам мустаҳкамланган. Шу маънода, Президент сайлови нафақат қонунчилик нуқтаи назаридан, балки жиҳозларни технологик қўллаш жиҳатдан ҳам мутлақо янгича шаклда ўтди. Рақамларга мурожаат қилсак, қуйидаги натижалар маълум бўлади. Жумладан, аввало:

- 14 та ҳудудий бирлик округ сайлов комиссиялари ва мазкур округларнинг участка сайлов комиссиялари ҳамда уларнинг аъзолари, сифат таркиби маълумотларини киритадиган ва жамлайдиган модуль яратилди;

- СЖБАТда 14 та округ ва 10 761 та участкалар сайлов комиссиялари, шунингдек 142 минг нафардан зиёд аъзолари ҳақида маълумотлари киритилди;

- СЖБАТга жами 10 700 дан зиёд объектларнинг ҳимояланган телекоммуникация каналлари орқали уланиш таъминланди;

- СЖБАТ бўйича жами 33 мингдан зиёд операторларнинг каскад усулидаги ўқуви ташкил этилди ва уларнинг ўқувини ташкил этиш учун 30 нафар республика ва 797 нафар ҳудудий тренерлар тайёрланди;

- овоз бериш куни сайлов участкасига келган фуқароларни соатбай белгилаш бўйича модуль ишлаб чиқилди ва унинг ёрдамида соатбай маълумотлар олиниб, умумлаштириб борилди;

- СЖБАТ фойдаланувчилари учун тизимли ишлаш бўйича техник қўллаб-қувватлаш мақсадида 24/7 режимида ишлайдиган 71-500-22-44 рақами билан call-марказ ишга туширилди ва марказ томонидан жами 3,2 мингга яқин мурожаатлар кўриб чиқилди.

Айни пайтда,  СЯЭРни шакллантириш натижасида 21 266 011 нафар сайловчидан иборат сайловчилар рўйхати СЖБАТга юкланди ва 10761 та сайлов участкаларга тақсимланди. Чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ва муассасаларда  ташкил этилган сайлов участкаларининг сайловчилар рўйхатларига жами 299 780 нафар сайловчилар киритилди.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш мақсадида амалга оширилган ишлар кўлами ва ҳажми ҳам кам эмас:

- 2021 йилнинг февралдан майигача сайловчиларнинг уйма-уй юриб хатлови ўтказилди, жами 21,9 млн. нафар фуқаролар ва 7 млн.га яқин кўчмас мулк объектлари ўрганилди. Хатлов жараёнида Кадастр маълумотлар базасидаги 7 млн.га яқин уйлардан рақамланмаган 1,49 млн. хонадонлар рақамланди. Номсиз кўчаларнинг 114,5 мингтасидан 83,0 мингтасига ном берилиб, реестрга киритилди;

- СЯЭРдаги маълумотларни мунтазам янгилаб бориш мақсадида вазирлик ва идоралар ўртасида ҳимояланган идоралараро электрон маълумот алмашинуви ташкил этилди;

- 21,2 млн. нафардан зиёд сайловчиларнинг сайлов участкаларга автоматик равишда тақсиланиши амалга оширилди;

- округ ва участка сайлов комиссияларнинг чегаралари ва дислокацияси бўйича электрон харитаси яратилди;

- участка сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш мақсадида такроран уйма-уй юриб хатлови ўтказилди;

- МСК сайтида, сайлов портали, ягона интерактив хизматлар давлат порталида “Ўз участкасини аниқлаш” ва “Сайлов участкасини ўзгартириш бўйича мурожаат юбориш” электрон хизматлари ташкил этилди. “Ўз участкасини аниқлаш” хизматидан 28 мингдан зиёд, “Сайлов участкасини ўзгартириш бўйича мурожаат юбориш” хизматидан 4,5 мингдан зиёд фуқаролар фойдаланди.

- Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида (saylov.mfa.uz манзили бўйича) Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва муассасаларида ташкил этилган сайлов участкаларининг сайловчилар рўйхатига киритиш учун электрон мурожаат юбориш хизмати ишга туширилди.

Аҳолини сайлов жараёни ҳақида маълумотлар билан таъминлаш мақсадида қуйидаги ташкилий ишлар амалга оширилди:

- “Saylov2021” мобил иловаси яратилди. Мобил иловада ўқув қўлланмалари, сайловга оид қонунчилик ҳужжатлари, МСК қарорлари, кўп бериладиган ва казус саволлар, сайлов бўйича тест саволлари ва жавоблари, инфографикалар ва бошқа шу каби маълумотлар жойланди;

- сайловга оида саволга жавоб олиш телеграм боти ишга туширилди;

- МСКнинг “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси” телеграм каналида 3,7 минг нафар обуначи уланган бўлса, Президент сайлови кунлари  улар 13,9 минг нафардан зиёд обуначини ташкил этди (2019 йилга нисбатан 376 фоиз кўп);

- МСКнинг янгиланган расмий сайти ва Saylov2021.uz сайлов портали ишга туширилди;

- МСК расмий сайтига энг кўп ташриф этганлар сони 2019 йилнинг 22 декабрь жами 56 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг 24 октябрь куни ташриф этганлар жами сони 105 минг нафардан ошиб кетди;

- Saylov2021.uz сайтига энг кўп ташриф этганлар сони 2021 йилнинг 24 октябрь куни жами 29,7 минг нафар фойдаланувчиларни ташкил этди;

- Сайлов жараёнини онлайн трансляция қилиш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан сайлов участкасида (жами 207 та) ва уларга иккитадан кузатув камералари (жами 414 та) ўрнатилиши таъминланди.

Сайлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши Президент  сайловини миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Изоҳ: Мақолада хориждаги ҳамда юртимиздаги сайловчиларнинг умумий сони келтирилмоқда

 

Фарҳод ҲАМРОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг

ахборот-коммуникация технологиялари бўлимининг

бош маслаҳатчиси