• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Инсон қадри устувор бўлган жамиятга хос юксак маънавиятнинг амалдаги ифодаси
16.12.2021
436
Ўзбекистон тарихида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалда тўла таъминлаш, миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов андозаларини тарғиб қилиш, ўрганиш ва ўргатиш ҳеч қачон сўнгги йиллардагидек кенг кўлам касб этмаган.

Миллий сайлов тизимидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири бўлган бундай самарали ишлар мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларга эришишга хизмат қилаётир.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича тузилган ва самарали иш олиб борган   ўн минг етти юздан зиёд участка сайлов комиссияси таркибида фаолият юритган аъзоларнинг сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинса, нафақат миллий сайлов тизимида, балки бутун  мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли, дадил  ва демократик ислоҳотлар бераётган юксак самаралар янада ёрқин намоён бўлади.

Бу, аввало, жами 142 051 нафар аъзони бирлаштирган участка сайлов комиссияларининг сафида аёлларнинг илгарги сайловлардагидан сезиларли даражада кўплигида кўринади. Жумладан, икки йил аввалги парламент сайловида участка сайлов комиссиялари таркибида 65976  нафар хотин-қиз фаолият юритган бўлса, 2021 йил 24 октябрь куни ўтган Президент сайловида улар қарийб 13 минг нафар кўп бўлди. Участка сайлов комиссиялари раислари, раис ўринбосарлари ва котибларининг 46,4 фоизини аёллар ташкил қилди.

Бу мамлакатимизда гендер тенгликни ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга қаратилаётган доимий ва тизимли эътибор самарасидир. Айни пайтда, ушбу рақамлар мамлакатимизда 2019 йил 2 сентябрь куни қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг ва инсон қадри устувор бўлган жамиятга хос юксак маънавиятнинг амалдаги яна бир рўёбидир. Зеро, юксак маънавиятли инсонлар жамиятидагина аёллар эътибор ва эъзоз, мамлакат эса ривож топиши - азалий ҳақиқат.

Шу ўринда участка сайлов комиссияларининг таркибида турли соҳалар вакиллари фаолият олиб борганини таъкидлаш ҳам ўринли бўлади, деб ўйлайман. Жумладан, педагоглар – 73 195 нафар (51,5 фоиз), иқтисодчилар – 8 557 нафар (6,04 фоиз), ҳуқуқшунослар –  3 274 нафар (7,6 фоиз), муҳандислар – 6 808 нафар (4,8 фоиз), шифокорлар – 10 826 нафар (7,6 фоиз), журналистлар - 399 нафар (0,3 фоиз), бошқа соҳалар вакиллари – 38 992 нафар (27,4 фоиз).

Истиқлол йилларида шаклланган миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида орттирилган бой тажриба ҳамда  умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари ҳисобга олинган ҳолда 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Сайлов кодекси халқаро экспертлар томонидан ҳам юксак баҳоланди. Сайлов қонунчилигига сўнгги йилларда киритилган бошқа бир қатор демократик ўзгартишлар ва қўшимчалар участка сайлов комиссиялари фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлди.

Жорий йилнинг 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир. Қонунга биноан участка сайлов комиссиялари фаолиятига тааллуқли айрим қоидалар янада мустаҳкамланди.

Янги қонунга кўра Сайлов кодексига киритилган ана шундай долзарб ўзгартиришлардан бири 23-моддада ўз ифодасини топди. Маълумки, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганда беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.

Кодекснинг 25-моддасига биноан участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмасди.

Аммо шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб қоидалари талабларидан келиб чиққанда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийинлиги аён.

Янги қонунга биноан, Сайлов кодексининг мазкур моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно”.

Сайлов кодексининг чет давлатларда истиқомат қилиб турган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчи-ватандошларимиз гавжум яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари ҳам мустаҳкамланди.

14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 37 давлатдаги эллик тўртта участка сайлов комиссияси самарали фаолият олиб борди.

Сайловда жами 421618 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди. Жумладан, 301094 нафар сайловчи мамлакатимизда ташкил этилган сайлов участкаларида, 120524 нафар ватандошимиз эса хорижий давлатларда тузилган сайлов участкаларида ўз Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, муддатидан олдин овоз беришда иштирок этди.

Сайлов қонунчилигига сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифанинг чиқариб ташланиши, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланишнинг тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида, сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилишига оид янги нормаларнинг киритилгани Президент сайловини очиқ-ошкора, шаффоф ва адолат тамойиллари асосида ўтказишда муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Жорий йилда тузилган округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари сафида навқирон авлод вакиллари, айниқса, ахборот технологиялари бўйича ёш мутахассислар ҳар қачонгидан кўп фаолият юритгани ҳам халқаро кузатувчилар ва таҳлилчилар эътиборини тортди.

Бунинг боиси маълум. Миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати 2019 йилги сайловларда бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этилганди. Ушбу тизим аввалги сайловларда орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, замон талаблари даражасида янада такомиллаштирилди.

Президент  сайловида мамлакатимиздаги барча туман ва шаҳарлардаги биттадан, жами  207 сайлов учаткасига 414 та кузатув камералари ўрнатилиб, улардаги овоз бериш жараёни Матбуот марказида, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб сайти, “Ўзбекистон24” телеканали ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали онлайн трансляция этиб борилди.

Участка сайлов комиссиялари фаолияти билан боғлиқ бундай муҳим янгиликларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Халқаро муносабатлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳамда хорижий  экспертлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритар эканлар, бир масалада якдилдирлар: “қисқа давр ичида Ўзбекистон халқи ва ҳукумати прагматик ва чинакам демократик йўлни босиб ўтди, бу йўлнинг юксак самаралари халқаро ҳамжамият томонидан аллақачон тан олинган”.

Бу юксак  халқаро эътирофнинг замирида улкан захмат, кучли сиёсий ирода, қатъият ва шижоат мужассам эканлигини мамалакатимиз аҳли жуда яхши билади. Захмат ва шижоат, юртимизда қарор топган тинчлик ва ободлик, дадил юксалишнинг қадрига етувчи халқимиз сайловда фаол иштирок этиб, Шавкат Мирзиёевни Президент этиб сайлагани бунинг ёрқин далилидир.

Қ.Очилов,

Марказий сайлов комиссияси

Раисининг маслаҳатчиси