Конституция муқаддимасида келтирилганидек, бош қомусимиз демократия ва ижтимоий адолатга садоқатни намоён этган ҳолда республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш мақсадида қабул қилинганлигини теран мушоҳада қилар эканмиз, мустақиллик йилларида халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилган ислоҳотлар кўлами ва бундан буён “Инсон қадри” янада юқори ўринга қўйилиши бош мақсад қилиб белгиланганлиги Конституциямиздаги олий мақсадга уйғунлашиб кетганлигини кўрамиз.
Дарҳақиқат, шу йил 6 ноябр куни янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев лавозимга киришиши маросимидаги маърузасида “Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”[1] дея келгусида олиб бориладиган ислоҳотларнинг бош мақсадини батафсил баён этди.
Шунингдек, ушбу маърузада “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб бериши, бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этилиши” алоҳида таъкидланди. Бош қомусимизда белгиланганидек, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир[2].
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бешинчи бўлими "Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши" деб номланган бўлиб, бу бўлимда белгиланган нормалар давлат ҳокимияти ва бошқарув органларидаги муҳим стратегик ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори эканлигини кўрсатади.
Ушбу нормаларга мувофиқ қабул қилинган қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Зеро, инсон қадрини янада улуғлаш мақсадида бошланган залворли ишларнинг самарали натижаларига эришишда бош қомусимиздаги "тузуклар" йўлчи юлдуз бўлиб қолади.
Шу мақсадда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтириш учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилиши Конституция ва қонунларга муайян янги нормалар киритишни тақозо этади.
Шу боис, давлатимиз раҳбарининг нутқида ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жамият ва давлат бошқарув тизими мустаҳкам ҳуқуқий мезонларга эга бўлган институтлар фаолияти орқали амалга оширилиши ҳақида сўз юритилди ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш ҳамда бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф, яъни мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборатлиги таъкидланди.
Ушбу йўналишда бажариладиган ишлар кўламини ўраганар эканмиз мамлакатимиз мустақиллиги йилларида маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан бир қатор тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилганлиги кўз олдимизда намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 11-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида ҳокимият учга ажратилиб, қонунчилик, ижрочилик ва суд ҳокимиятларининг вазифалари аниқ қилиб белгилаб берилди. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда вакиллик ҳокимиятига ва ижроия ҳокимиятига бошчилик қиладиган ҳокимлар лавозими таъсис этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасига мувофиқ “Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этишлари” белгиланган бўлса, 102-моддага мувофиқ “Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради”.
1993 йил 2 сентябрда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари ҳамда шу санада қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари белгилаб қўйилди. Бу қонунлар маҳаллий бошқарувни ташкил этишнинг ўзига хос ҳуқуқий асослари сифатида амалиётга тадбиқ этиб келинмоқда.
Мамлакатимизда ўтган беш йилдаги демократик ислоҳотлар натижасида сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги туб ўзгаришлар ҳамда ислоҳотлар жараёнларини ортга қайтмайдиган тарзда тус олганлиги ва бунда очиқлик сиёсатига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги асносида юқоридаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга зарурат юзага келди.
Бунда, биринчи навбатда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни изчил бажарилишини йўлга қўйиш, қарорлар ижросини мувофиқлаштириш, бажарилишини таъминлашни ташкил этиш ва таъсирчан назорат механизмларини жой-жойига қўйиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарур бўлади.
Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқарувини ташкил этишда халқ ишонган ноиблардан иборат вакиллик ҳокимиятини демократик асосда сайланишига эришиш ўта муҳим вазифа бўлса, ўз ўрнида ислоҳотлар моҳиятини чуқур англаган ҳолда иш юритадиган ижроия ҳокимияти учун етук кадрларни танлаш, тавсия этиш ва жой-жойига қўйиш ҳам бирдек муҳим аҳамият касб этади.
“Сиёсий етакчилик, - деб қайд этган эди француз сиёсатшуноси Ж.Блондел, - ҳокимиятнинг энг юқори ва энг кўламли шаклидир”[3].
“Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш аҳли бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасунлар”[4].
Ушбу муҳим ислоҳотларни амалга оширилишида ўтган йиллар давомида тўпланган тажрибадан келиб чиққан ҳолда бир қатор саволларга жавоб излашимиз зарур кўринади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари томонидан етарли назорат тизими, жамоат назорати, депутатлик назорати ўрнатиш, “депутат сўрови” институтидан самарали фойдаланиш ижроия органларига мавжуд ҳолатлар ҳақида чуқур таҳлилий ва аҳолининг кундалик қизиқтираётган масалалар бўйича зарур тавсияларни киритишда муҳим рол ўйнайди. Бу ўз навбатида ҳудудларда юзага келаётган вазиятни самарали бошқариш орқали халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Халқ депутатлари Кенгашлари тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришнинг ривожланишига кўмаклашиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини такомиллаштиришга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали амалга ошириши учун бир қатор омилларни ўрганиш зарурати юзага келади.
Биринчидан, халқаро тажрибада ҳудудларни бошқаришда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик ва ижроия органларини фаолияти қандай ташкил этилганлигини, ваколатларни тақсимланиши, ҳокимиятни бўлиниши принципи қандай амалга оширилишини ўрганиш муҳим ҳисобланади. Бу жараёнда ижроия органи раҳбари билан вакиллик органи раҳбари бир ҳудудни бошқаришида “қўш ҳокимиятчилик” юзага келишини олдини олишни тақозо этади.
Иккинчидан, вакиллик ҳокимияти ҳозирги кунда асосан жамоатчилик асосида фаолият олиб борувчи депутатлардан иборат эканлигига эътиброр қаратадиган бўлсак, вакиллик органини профессионал асосда фаолиятини йўлга қўйилганда, ҳозирги кунда фаолият юритаётган Котибиятлар фаолиятини қай даражада такомиллаштириш зарурлигини чуқур таҳлил қилиш орқали таклифлар киритиш лозим бўлади.
Учинчидан, ҳар иккала маҳаллий давлат ҳокимияти органи учун кадрлар тайёрлаш масаласини ҳал қилиш лозим бўлади.
Тўртинчидан, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини профессионал асосда ташкил этилганда, уларнинг моддий-техник таъминотини таъминлашда ижроия ҳокимиятига боғлиқ бўлмаслигига эришиш ҳамда ушбу молиявий таъминотни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйиш талаб этилади.
Бешинчидан, қонунлар, Парламент қарорлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, ҳудудларни ижтимой-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси устидан маҳаллий Кенгаш назорати самарадорлигига оид зарур қонун нормаларини қабул қилиш лозим бўлади.
Олтинчидан, профессионал асосда иш олиб борувчи маҳаллий Кенгашларга сайловларни янги қоидалар асосида ўтказиш учун Сайлов кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур бўлади.
Юқоридаги саволларга жавоб сифатида қуйидаги таклифларни кўриб чиқиш тавсия этилади.
Таклифлар:
1. Конституция учинчи бўлимининг номини "Шахс ва Жамият" деб номлаш таклиф этилади;
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасидаги “ҳокимлар” сўзини “халқ депутатлари Кенгаши раиси” деган сўзга алмаштириш;
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 102-моддасидаги “Вакиллик ва” деган сўзларни чиқариб ташлаш таклиф этилади;
4. “Халқ депутатлари Маҳаллий Кенгашлари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш таклиф этилади;
5. ”Маҳаллий давлат ҳокимияти ижроия органлари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш таклиф этилади;
6. "Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши назорати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилиш;
7. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига 60 та ўрин учун можаритар сайлов тизими асосида, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари сайловини эса пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш таклиф этилади.
Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 117-моддаси ва Сайлов кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш лозим бўлади.
8. Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги ҳамда ҳамда Марказий сайлов комиссияси қарорлари билан тасдиқланган низомларга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилади.
9. Ушбу кенг миқёсдаги ислоҳотларни амалга ошириш учун Сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат махсус республика комиссиясини тузиш ҳамда махсус “Йўл харитаси” асосида иш ташкил этилиши кўзланган мақсадга эришишда муҳим омил бўлади.
Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси том маънода демократик ва умуминсоний қадриятларни ўзида мужассамлаштирган қомус ҳисобланади.
Ушбу ноёб ҳужжатда Инсон қадрини янада эъзозлаш мақсадида ислоҳотларнинг амалга оширилиши мустақил Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши, ривожланиши ва жаҳонда энг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олишига хизмат қилади.
Юнусов Баҳодиржон Жалолдинович
Марказий сайлов комиссияси аъзоси
[1] “Xalq so‘zi” gazetasi 2021-yil 7-noyabr soni. “Yangi O‘zbekiston taraqqiyot strategiyasi asosida demokratik islohotlar yo‘lini qat’iy davom ettiramiz” Yangi saylangan O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Sh.Mirziyoyevning lavozimga kirishish tantanali marosimiga bag‘ishlangan Oliy Majlis palatalari qo‘shma majlisidagi nutqidan.
[2] O‘zbekiston Respublikasi Konstitusiyasi 7-moddasi
[3] J.Blondel. “Siyosiy yetakchilik”. Referat. M-1992 yil To‘plam. 128-beti.
[4] Temur tuzuklari. T-Gʼafur Gʼulom nomidagi nashriyot-matbaa birlashmasi 1991 yil.