• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг роли
22.12.2021
434
Очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, демократик принциплар ва замонавий тенденцияларга таяниш... Жорий йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган катта сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови анашундай тамойиллар асосида бўлиб ўтди. Албатта бунда халқаро ташкилотлар ва хорижий кузатувчилар миссияларининг иштироки муҳим аҳамият касб этди. Қувонарлиси, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўтган сайловларда хорижий ва халқаро кузатувчилар сони ошиб бормоқда.

Бутун жаҳон сайлов қонунчилигида, жумладан Ўзбекистон Республикаси сайлов Кодексида ҳам сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларнинг сайлов жараёнини кузатишлари тўғрисидаги Қонун сайлов Кодексининг 6-боб 33-моддасида белгилаб қўйилган.

Сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади. Манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида сайлов комиссияси кузатувчи учун мандат беради. Бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Кузатувчилар қуйидаги хуқуқларга эга:

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг бориши, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;

овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;

агар тегишли сайлов участкасида ушбу Кодекснинг талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар тақиқланади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтида яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

фуқароларга таъсир ўтказиш бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;

сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини мухрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.

Сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, унда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар ҳақида хабардор қилишга қаратилган ҳамда сайловда фаол иштирок этишга чақирувчи турли ўлчамлардаги 765 минг 60 нусхадаги плакатлар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида нашр этилиб, аҳоли гавжум жойларга жойлаштирилди.   

Бундан ташқари, республика бўйлаб фуқароларни сайловда фаол иштирок этишга чорловчи 2 минг 315 та ташқи реклама воситаларида баннерлар ўрнатилган ҳамда 781 та электрон мониторларда видеороликлар бепул намойиш этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар учун 19 522 189 та сайловга таклифномалар чоп этилди ва ҳудудларга етказиб берилди. Хусусан мазкур ахборот материалларида сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида манзиллар, ишонч телефони ва боғланиш учун телефон рақамлар ҳамда QR кодлар орқали МСКнинг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларининг ҳаволалари кўрсатиб ўтилди.  

10 октябрдан бошлаб ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва якшанба кунларида “24 октябрь - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни. Ўз Конституциявий ҳуқуқингиздан фойдаланинг”, “14 октябрдан 20 октябргача муддатидан олдин овоз беришингиз мумкин”, “Ўз сайлов участкангизни аниқланг” деган мазмундаги смс хабарлар фуқароларнинг мобил телефонларига юборилди.

Шунингдек, Сайлов жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида жами 197 та маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 1439 нафар вакиллари ва  140 дан ортиқ нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларининг 233 нафар журналистлари, умумий ҳисобда 1672 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилди. 

Шунингдек, Австрия, Венгрия, Озарбайжон, Афғонистон, Беларусь Республикаси, Бельгия, Буюк Британия, Германия,  Миср, Греция, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Испания, Қозоғистон, Қувайт Қирғизистон, Люксембург, Нидерландия, Латвия, Малайзия,  Уммон Султонлиги, Покистон, Польша, Корея Республикаси, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Тожикистон, Туркия, Украина, Франция, Швейцария, Япония, Хитой каби давлатларнинг 140 дан ортиқ нуфузли хорижий ОАВларининг 233 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Бир сўз билан айтганда, бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан кенг ёритилганлиги сайловнинг халқаро стандартлар асосида очиқ ва ошкора ўтказилганлигини тасдиқловчи яққол далил бўлди.                                                     

Марказий Сайлов Комиссияси

аъзоси Ф.С.Ахмедова