• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Сайлов ҳуқуқи: мурожаатлар доимий эътиборда
23.12.2021
459
Жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтган Президент сайловига кўрилган тизимли, изчил ва кенг кўламли тайёргарлик ҳамда уни ўтказишга доир ишларнинг якунлари ва самаралари ҳақида гап кетар экан, Марказий сайлов комиссиясида сайловчиларнинг мурожаатлари алоҳида диққат-эътиборда бўлганини таъкидлаш жоиз.

Қайд этиш ўринлики, Марказий сайлов комиссияси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кўриб чиқилади:

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси;

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун;

Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари.

Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги янада такомиллаштирилиши муҳим аҳамият касб этди.

Халқаро кузатувчилар миссиялари, сайлов қонунчилиги бўйича миллий ва хорижий экспертлар, мутахассислар фикрлари инобатга олинган ҳолда, 2021 йил 8 февралда “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, 31 майда эса “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Мазкур қонунларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий қонунига, Сайлов кодексига, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунига бир қатор ўзгариш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Сайлов кодекси янги 27-прим модда билан тўлдирилди. Унга кўра, чет давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясига ёзма шаклда ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловга ўн беш кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланди. Илгари бундай амалиёт бўлмаган. Чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида консуллик ҳисобида турган бўлсагина сайловчилар рўйхатига киритилган.

Айни пайтда, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят қилиш муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилди.

Шунингдек, қуйи турувчи сайлов органларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларнинг юқори турувчи сайлов органлари томонидан кўриб чиқилиши бекор қилиниб, фақат судлар томонидан кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланди.

Миллий сайлов қонунчилигидаги ушбу ўзгаришлар сайловчилар, номзодлар, сайлов ташкилотчилари ва кузатувчиларнинг сайловга оид ҳуқуқларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда муҳим омил бўлди. Айни пайтда фуқароларнинг электорал маданиятини янада оширишга, улардан тушаётган мурожаатлар мазмун-моҳиятига ижобий таъсирини ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия органлари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар, сайловчилар, сайлов жараёни бошқа иштирокчилари бевосита ўзлари ёки вакиллари орқали Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилишлари учун барча шароитлар яратилди.

Маълумки, мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда берилишидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга. Қайдлов дафтарида рўйхатга олинади.

Мурожаат этувчиларнинг ёзма розилигисиз, уларнинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланишини ҳам таъкидлаш зарур.

Сайлов кампанияси даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари уч кун ичида кўриб чиқилади.

Сайловга олти кундан кам вақт қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар дарҳол кўриб чиқилади ва жавоб қайтарилади.

Сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар суд тартибида кўриб чиқилади.

Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижаси бўйича ариза берувчига ёзма ёки электрон шаклда маълумот берилади.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.

Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссиясига 599 та мурожаат (шундан 130 таси ёзма, 130 таси оғзаки, 339 таси электрон) келиб тушди.

Мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги ҳолати қуйидагича эканлигини ҳам айтиб ўтиш ўринли:

Қорақалпоғистон Республикаси – 12 та; Андижон вилояти – 21 та; Бухоро вилояти – 36 та; Жиззах вилояти – 48 та; Навоий вилояти – 11 та; Наманган вилояти – 26 та; Самарқанд вилояти – 46 та; Сирдарё вилояти – 18 та; Сурхондарё вилояти – 65 та; Фарғона вилояти – 36 та; Хоразм вилояти – 31 та; Тошкент вилояти – 49 та; Қашқадарё вилояти – 100 та ҳамда Тошкент шаҳри – 100 та.

Энг кўп мурожаатлар тушган ҳудудлар Тошкент шаҳри – 100 та ва Қашқадарё вилояти – 100 та; энг кам мурожаатлар тушган ҳудудлар Навоий вилояти – 11 та ва Қорақалпоғистон Республикаси – 12 та.

599 та мурожаатларнинг барчаси атрофлича ўрганиб чиқилди. 59 та мурожаат ижобий ҳал қилинди. 338 та мурожаат бўйича муаллифларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда Сайлов кодексининг тегишли моддалари асосида ҳуқуқий тушунтириш берилди. 14 та мурожаат аноним деб топилганлиги ва қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилди.

Иккита мурожаат такрорий бўлганлиги ва дастлабки мурожаатга тегишли жавоб хати юборилганлиги сабабли кўриб чиқиш рад этилди. 186 та мурожаат “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига мувофиқ кўриб чиқиш учун ваколатли бўлган ташкилотларга тааллуқлилиги бўйича юборилди.

Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида сайлов кампанияси аввалидан то унинг якунигача Ўзбекистон ҳудудида яшовчи аҳоли учун 1200 қисқа рақамли ва хорижда истиқомат қилувчи фуқаролар учун (998) 55-500-12-00 рақамли бепул “Ишонч телефони” (“Call center”) ишлаб турди.

Телефон орқали тушган барча мурожаатларга Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходимлари, сайлов бўйича етакчи экспертлар ва олимлардан иборат навбатчилар гуруҳи томонидан ўз вақтида малакали жавоблар қайтарилди. Тушган 1073 та мурожаатнинг бирортаси эътибордан четда қолгани йўқ.

Тушган саволларнинг (мурожаатларнинг) асосий қисми – 880 таси сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш; 36 таси сайлов қонунчилиги нормаларини қўллаш; 103 таси сайловчиларнинг ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш; 9 таси номзодлар дастурлари ва улар ҳақида ахборот бериш; 2 таси сайлов участкасида йўл қўйилган қонун бузилиши хусусида; 43 таси сайлов билан боғлиқ бўлмаган, бошқа коммунал соҳа ва маиший масалаларга оид мурожаатлардир.

Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида қонун бузилиш ҳолатларига тезкорлик билан муносабат билдириш бўйича штаб фаолият олиб борди.

Амалга оширилган бундай изчил ва кенг кўламли ишлар самарасида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатларнинг бирортаси эътибордан четда қолгани йўқ.

 

Ихтиёр ХАДЖИЕВ,

Марказий сайлов комиссияси

бўлим бошлиғи