• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
ҲАМКОРЛАР ЎРТАСИДАГИ ЎЗАРО АЛОҚАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШНИНГ АЛОҲИДА АҲАМИЯТИ
21.02.2022
1118
21 февраль куни Тошкентда «Тенг ҳуқуқлилик: имконияти чекланган шахсларнинг сайлов жараёнларида иштироки»мавзусида ўқув машғулоти ўз ишини бошлади. Унда Марказий сайлов комиссияси, имконияти чекланган шахслар ташкилотлари вакиллари, олимлар/назариётчилар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир очилишида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Кучкаров, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) миссияси вакили Руслан Раманов, Сайлов тизимлари халқаро жамғармасининг (IFES) Ўзбекистон бўйича директори Тамар Жвания иштирок этди.

Б. Кучкаров ўзининг кириш нутқида тадбир иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Имконияти чекланган шахсларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этиш усулларидан бири бу уларнинг сайловларда овоз беришлари ҳисобланади. Овоз бериш жараёнлари уларга кўпроқ сиёсий таъсир кўрсатишга имкон беради. Сайловда овоз берувчи ногиронлиги бўлган инсонлар жамоатчиликка тенг ҳуқуқли фуқаролар эканликларини намойиш этади.

БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясида имконияти чекланган шахсларнинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқлари белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикаси 2021 йил 7 июнь куни ушбу халқаро актни ратификация қилди», - дея қайд этди.

Қайд этилганидек, ногиронлиги бор шахслар Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари билан жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликлари Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги доирасида имконияти чекланган шахсларнинг сиёсий ҳуқуқлари кафолатланади.

Аввалги сайловлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилги сайлов кампанияси даврида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда тенг шароитлар, хусусан сайловга оид маълумотлар, сайлов участкалари биноларидан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўзда тутилган эди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловдаги иштирокини кенг қамраб олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан, овоз бериш тартиб-таомиллари, бинолар ва материаллардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар кўзда тутилмоқда.

Уч кун ичида тренинг иштирокчилари сайлов жараёнининг барча босқичларида ногиронларнинг иштирок этишда мавжуд бўлган тўсиқларни аниқлаш, ечимларни тақдим этиш ҳамда сайлов тузилмалари ва жараёнларни таҳлил қилиш учун махсус ёндашувларни ишлаб чиқишлари лозим бўлади.

Шунингдек, тренинг доирасида манфаатдор тарафлар ўртасида алоқаларни ўрнатиш ва сайловларда ногиронлар иштирокини кенгайтириш стратегияларини ишлаб чиқиш имконияти яратилади.

Мазкур тренинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва IFES халқаро сайлов тизимлари жамғармаси ҳамкорлигида - сайлов ҳуқуқи бўйича тармоқ таҳлилий маълумотлар базаси (ACE Electoral Knowledge Network) ресурсларига таянадиган BRIDGE дастурини жалб этган ҳолда ташкил этилди.

Марказий сайлов комиссияси