Тадбирда Марказий сайлов комиссиясининг доимий аъзолари, МСК Котибияти масъул ходимлари, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси ва жамияти, Кўзи ожизлар, Карлар жамияти ва уларнинг ҳудудий идоралари каби ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчиларини МСК раиси ўринбосари Бахром Қўчқоров ва Сайлов тизимлари халқаро жамғармасининг (IFES) Ўзбекистон бўйича директори Тамар Жвания қутлашди.
Онлайн конференция давомида иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларни миллий сайлов жараёнига кенг жалб этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишдилар, IFES тақдимотлари орқали имконияти чекланган сайловчилар тўғрисидаги маълумотларни олиш ва уларни қайта ишлаш, сайловларда улар учун қулайликни таъминлаш соҳасида илғор халқаро тажриба ва бу масалаларда сайлов органларининг роли ҳақида маълумотлар олишди, шунингдек, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси вакиллари Ойбек Исоқов ва Фарход Абдурахмановларнинг чиқишларини тинглашди.
Якунида муҳокамалар ўтказилди ва фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Қайд этилганидек, МСК томонидан мутассади ташкиолталар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ногиронлар ўз ҳаётига таъсир қиладиган қарорларда иштирок этишлари лозим. Сайлов ташкилотчилари, сиёсий арбоблар, ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича манфаатдор идоралар ва муассасалар, ногиронлар ташкилотлари вакиллари - ҳамкорлик қилиши керак бўлган гуруҳлардандир.
Конференция давомида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов жараёнларида фаол иштирокини таъминлашнинг асосий усуллари белгилаб олинди:
ногиронлар ва уларнинг ташкилотларига сайлов тизимидан фойдаланиш кўникмалари тақдим этиш;
сайлов ташкилотчилари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда фаолроқ иштирок этишига кўмаклашиш бўйича қонун ҳужжатлари ва ҳамкорлик йўналишларини тайёрлашни кўллаб-қувватлаш;
овоз бериш тамойилларини тушунтирувчи оммавий кампанияларни ўтказиш жараёнига ногиронлар ташкилотларини жалб этиш;
сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш босқичларида барча даражадаги сайлов комиссиялари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг жалб этилишига кўмаклашиш.
МСК