• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Осиё сайлов органлари ассоциацияси Бош ассамблеясининг йиғилишида иштирок этди
08.05.2022
1015
7 май куни Манила шаҳрида (Филиппин) Осиё сайлов органлари ассоциацияси (ААЕА) Бош ассамблеясининг гибрид форматдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Кучкаров иштирок этди


ААЕА Осиё ва Тинч океанининг йигирма мамлакатидан иборат сайлов органлари минтақавий нодавлат ташкилоти бўлиб 1998 йил 10 февралда Манила шаҳрида бўлиб ўтган конференсия доирасида ташкил этилган. Ўзбекистон ААЕА аъзолари сафига 2014 йил 29 октябрда ташкилотнинг Бош Ассамблеясида қўшилди. 

Ташкилотнинг мақсади очиқ ва ошкора сайловларни, мустақил ва холис сайлов органларини рағбатлантириш ва институционализация қилиш, уларнинг салоҳиятини ошириш, фуқароларнинг сайлов ва фуқаролик жараёнларидаги фаоллигини оширишдан иборат.

Филиппин сайлов комиссияси (COMELEC) 2017 йилдан бери ААЕАга раислик қилади. Бош Ассамблея мажлисида Филиппин, Камбоджа, Ҳиндистон, Малдив ороллари, Индонезия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Ўзбекистон, Мўғулистон, Шри-Ланка ва Тайван сайлов органлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш давомида Ассоциациянинг 2022-2023 йилларга мўлжалланган иш режаси, Котибиятнинг молиявий ҳисоботи, Ассоциациянинг янада яхшиланган ҳамжамиятини шакллантириш борасида тажриба алмашиш, салоҳиятини ошириш ва ўқитиш, ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ААЕА фаолиятининг истиқболдаги йўналишлари, амалиётлари ва ташкилотни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, кун тартибида Ассоциация раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш ҳамда келгуси икки йилликда Ижроия қўмитасини шакллантириш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда Ҳиндистоннинг сайлов органи раис, Тайван эса Уюшма низомига мувофиқ келгусидаги муддатга ташкилот раиси ўринбосари этиб сайланди. Шунингдек, Ижроия қўмитаси таркиби ҳам тузилди, унинг таркибига Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё (Осиё-Тинч океани минтақаси)дан икки нафар вакил кириши лозим эди. 

Овоз бериш натижаларига кўра Ижроия қўмитаси таркибига қуйидаги сайлов органлари, хусусан, Марказий Осиёдан — Россия Федерацияси, Ўзбекистон; Жанубий Осиёдан — Малдив ороллари, Шри-Ланка; Жануби-Шарқий Осиё/Осиё-Тинч океани минтақасидан — Филиппин ва Тайван (раис ўринбосари сифатида) киритилди. 

Ўзбекистон МСК Ижроия қўмитасига Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги фаол ва аҳамиятли ўринга эга эканлиги муносабати билан Филиппин Сайлов комиссияси раиси томонидан таклиф этилган, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар сайлов комиссияси вакиллари ҳам ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган.

Йиғилишда ААЕА аъзоларининг “Гендер муаммолари ва сайловга оид ташвишлари, кўрилган чоралар ва тавсия этилган ечимлар” мавзусидаги тақдимотлари бўлиб ўтди.