Делегация вакиллари — Ўзбекистонда ўтган Президент сайловини кузатиш бўйича ДИИҲБ Миссияси раҳбари Оуэн Мерфи, Овоз беришнинг янги технологиялари бўйича ДИИҲБ катта маслаҳатчиси Владимир Мисев, ДИИҲБнинг Сайловлар бўйича маслаҳатчилари Ксения Дашуцина ва Мартина Баркер-Циганиковалардан иборат.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад - 2021 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича ДИИҲБнинг Якуний ҳисоботини тақдим этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилишдан иборат.
Ташриф дастури доирасида Марказий сайлов комиссияси, Олий Mажлис Қонунчилик палатаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, шунингдек, Омбудсман ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, “Адолат” социаль-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Экология партиясининг раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилиши белгиланган.
Делегация вакиллари 14 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомходжаев билан учрашди.
Оуэн Мерфи учрашув учун самимий миннатдорлик билдирар экан, сўнгги йилларда ЕХҲТ ДИИҲБ ва Ўзбекистон ўртасида сайловлар соҳасида қарор топган ва тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик халқаро стандартларга мос илғор тажрибаларни жорий этишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Учрашув доирасида Якуний ҳисоботнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Делегация вакиллари Ҳисоботдаги бўлажак сайловларни ўтказишнинг ҳуқуқий асослари ва амалиётини такомиллаштиришга қаратилган тавсияларга тўхталиб ўтди. Ушбу тавсиялар нафақат сайловни ташкил этишга масъул бўлган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, балки сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши учун мўлжалланганлиги қайд этилди.
Марказий сайлов комиссияси Раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишдаги иштироки учун ЕХҲТ ДИИҲБга миннатдорчилик билдирди. Миллий сайловларимиз тарихида илк бора ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда Европарламентнинг биргаликдаги халқаро сайловларни кузатиш миссияси мамалакатимизда ўтказилган президентлик сайловини кузатганлиги айтиб ўтилди.
Миллий сайлов тизимини такомиллаштириш йўлида ҳамкорлик масалалари суҳбатнинг алоҳида мавзуси бўлди. Бу борада ўзаро тажриба алмашиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш соҳасидаги мавжуд халқаро нормалар ва амалиётлар билан танишиш алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.
“Марказий сайлов комиссияси, мазкур ҳисоботни сайловлар соҳасида ЕХҲТ ДИИҲБ билан ўзаро мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун асос бўлади деб ҳисоблайди”, - деди З.Низамходжаев.
Ушбу ҳисобот ҳажман ва мазмунан ғоят жиддий ҳужжат эканлиги қайд этилди. Айни пайтда, Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ/ДИИҲБ тавсияларини ўрганиш ва ушбу тавсияларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш учун идоралараро экспертлар гуруҳи фаолият юритмоқда. Тавсияларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳужжат барча манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилади.
Якуний ҳужжатни ўрганиш учун БМТ Тараққиёт дастури, Сайлов тизимлари халқаро фонди ва ЕХҲТ Лойиҳалари координатори, халқаро сайлов соҳаси экспертлари ҳам жалб қилингани таъкидланди.
Ўз навбатида, Оуэн Мерфи сайлов жараёнини янада такомиллаштириш ва таклиф этилган тавсияларни амалга ошириш йўлида техник кўмак кўрсатишга ДИИҲБ тайёр эканлигини билдирди.
Томонлар ўзаро алоқаларни ривожлантириш устувор вазифалардан бири эканлигини, сайлов кампаниялари ва уларнинг ЕХҲТ Сайловларни кузатиш бўйича миссияси томонидан баҳоланиши давлатимизнинг демократик сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантиришга сезиларли таъсир кўрсатаётганини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси