• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
ЕХҲТГА аъзо давлатларда сайловларни кузатиш бўйича миллий координаторларнинг навбатдаги йиғилиши
07.02.2023
738

Марказий сайлов комиссия Раисининг ўринбосари Б.Кучкаров 2023 йил 2-3 февраль кунлари Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) Варшава шаҳридаги (Польша) ташкилотга аъзо иштирокчи давлатларда сайловларни кузатиш бўйича миллий координаторлар йиғилишида иштирок этди.

Йғилишни ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи очиб берди.

Қайд этилишича, ДИИҲБ мустақил ва холис халқаро кузатувга эҳтиёж бор деб ҳисоблаган мамлакатларга сайловни кузатиш бўйича ўз миссияларини юборади. Сайловларни кузатиш бўйича ДИИҲБ миссиялари сайловларда асосий ҳуқуқ ва эркинликларга қай даражада риоя этилаётганлигини баҳолайди ҳамда миссиянинг сайловларни кузатишда узоқ муддатли, кенг қамровли, изчил ва тизимли методологияси бевосита тенглик, универсаллик, сиёсий плюрализм, ишончлилик, ошкоралик ва ҳисобдорлик билан тавсифланади. ДИИҲБ сайловга оид қонун ҳужжатларини қайтадан кўриб чиқиш, техник экспертизани тақдим этиш ва фуқаролар кузатувчилари гуруҳлари фаолиятига кўмак бериш орқали ҳокимиятларнинг сайлов жараёнларини такомиллаштириш ва Бюро сайловни кузатиш миссияларининг тавсияларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Йиғилиш кун тартибида кузатувчиларни сафарбар этиш ва саралаб олиш амалиёти, уларнинг сайлов, референдумни кузатишда бевосита иштирок этиши, шунингдек, сайловларни кузатиш бўйича миллий координаторлар ролини оширишга оид қатор масалалар ўрин олди.

Секция йиғилишларида миллий координаторлар ДИИҲБ миссияларида 2022 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобини ҳамда бўлажак сайловлар тақвими ва жорий йилги кузатув тадбирларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, координаторларнинг қисқа ва узоқ муддатли кузатувчиларни тайёрлаш ишларида қўшадиган ҳиссаси масалалари ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчиларга ДИИҲБнинг 2023 йилги сайлов кузатувчилари учун ўқув фаолияти тўғрисида маълумотлар берилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси вакилларининг хорижий давлатлардаги сайловларни халқаро кузатишда самарали иштирокини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди. Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров таъкидлаганидек, мамлакатимизда халқаро ҳамкорлик, жумладан, сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштириш масалаларида очиқлик сиёсати изчил давом эттирилмоқда.

1999 йилдан буён Бюро миссияларини сайловларни кузатишга таклиф қилиш орқали ДИИҲБ билан фаол ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон вакиллари ҳам халқаро кузатувчи сифатида ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш миссияларида иштирок этмоқдалар. Ўзбекистоннинг 27 нафар вакиллари ЕХҲТ ДИИҲБнинг қисқа ва узоқ муддатли кузатувчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-тренингларида таҳсил олган. Шулардан 9 нафари қисқа муддатли ва 18 нафари узоқ муддатли кузатувчи сертификатига эга.

ЕХҲТга аъзо иштирокчи давлатларда сайловларни кузатиш бўйича миллий координаторлар йиғилишига ДИИҲБнинг Сайловлар бўйича бўлими раислик қилди.

Марказий сайлов комиссияси