Семинар-тренингнинг мақсади – референдумни ўтказувчи округ комиссиялари аъзоларининг сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги асосий вазифалари, референдум жараёнларини умумэътироф этилган халқаро стандартларга риоя этилган ҳолда, миллий қонунчиликка мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этишдаги кўникмаларини оширишдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академиясининг профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи, ҳамда Конституциявий комиссия ва МСК аъзолари томонидан олиб борилган ўқувларда 42 нафар референдум ўтказувчи округ комиссияларининг аъзолари иштирок этди.
Ўқув методик материаллар асосида олиб борилган машғулотларда референдумни ташкил этиш ва ўтказишда округ ва участка комиссияларининг ўрни, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, хорижий кузатувчилар билан мулоқотнинг эътиборли жиҳатлари, овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатини шакллантирш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда округ комиссиялари олдида турган вазифалар, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, референдум кунига тайёргарлик, овоз бериш якунларини аниқлаш каби мавзулар муҳокама этилди.
Шунингдек, округ ва участка бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга қўйилган талаблар юзасидан амалий машғулот ташкил этилди.
Семинар-тренинг сўнгида иштирокчиларга сертификатлар ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссияларига гувоҳнома ва муҳрлар топширилди.