• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
РЕФЕРЕНДУМ – ХАЛҚ ХОҲИШ-ИРОДАСИНИНГ ЁРҚИН ИФОДАСИ
18.04.2023
447

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси Раиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони

 

ТИЗИМЛИ ИШЛАР

Мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – миллий Конституциямизни ислоҳ қилиш борасида ўз вақтида бошланган ва собитқадамлик билан давом эттирилаётган ишлар ўзининг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Буни амалга оширилаётган тизимли ишлар жараёнидан ҳам кўриш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ушбу конституциявий ислоҳотларни Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, мухтасар айтганда, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этганини халқимиз улкан мамнуният билан кутиб олди.

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускори ва ижодкори  - халқимиз. Халқимиз томонидан сайланган вакиллар – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат Конституциявий комиссия томонидан аҳолининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тўплангани ва мутахассислар иштирокида пухта ўрганиб чиқилгани фикримизнинг далилидир.

Икки босқичда амалга оширилган халқ фикрини ўрганиш жараёнида пухта такомиллаштирилган конституция лойиҳаси билан 5 миллиондан ортиқ юртдошларимиз танишгани, 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ва лойиҳа олти турдаги экспертизадан ўтказилгани бунинг ёрқин далилидир.

Бу фаоллик  - халқимизнинг ўз келажагига, эл-юртимиз, мустақил Ватанимиз  тақдирига дахлдорлик туйғуси  сўнгги йилларда нақадар юксалганининг амалдаги ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.

Ушбу ваколатлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 9-10 март кунлари бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала батафсил муҳокама қилинди ва референдум санаси белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказишга доир қарорини Конституцияга мувофиқ деб топди.

Олий Мажлис Сенатининг 14 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум санасини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига биноан, референдумга қўйилаётган масаланинг матни ҳам референдум тайинланганда Олий Мажлис томонидан маъқулланади. Олий Мажлис палаталарининг қарорларида белгиланганидек, жорий йилнинг 30 апрель, якшанба куни бўлиб ўтадиган референдум бюллетенида: “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилади.

Бир сўз билан айтганда, шу йил 15 март куни матбуотда эълон қилиниб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси том маънода халқ Конституцияси сифатида яратилди.

МАСЪУЛИЯТЛИ ЖАРАЁН

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга биноан, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш Марказий сайлов комиссияси зиммасига юклатилган.

Айни кунларда, бу масъулиятли жараён Марказий сайлов комиссияси томонидан референдумга оид қонунчиликда белгиланган тартиб-тамойиллар асосида изчиллик билан мувофиқлаштириб борилмоқда.

Аввало, Марказий сайлов комиссиясининг 16 март куни бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режаси тасдиқланди ва ижросига жадал киришилди.

Марказий сайлов комиссиясининг шу муносабат билан тасдиқланган ва расмий веб-сайтида ўша куниёқ эълон қилинган қарорларида бўлажак референдумга тайёргарлик кўришга оид энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чегаралари доирасида референдум округлари тузилиб, мазкур сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир харажатлар сметаси тасдиқланди, референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малака оширишини ташкил этиш концепциясининг кейинги босқичларини амалга ошириш чоралари белгиланди. Матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган референдум ўтказувчи ўн тўртта округ комиссияси таркибига сайловлар ҳамда референдум ўтказиш борасида иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар, шу жумладан, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, журналистлар ва бошқа касб вакиллари киритилди.

Референдум ўтказувчи округ комиссиялари жами 266 нафар аъзодан иборат бўлиб, шулардан аёллар 112 нафарни, яъни 42 фоизни ташкил этди. Округ комиссиялари раҳбарлик (раис, раис ўринбосари ва котиб) лавозимларида фаолият олиб бораётган аёллар салмоғи эса 38 фоиздир. Округ комиссиялари раислигига илк бор икки нафар аёл тасдиқланди.

 

ЭЗГУ МАҚСАД

Миллий қонунчилигимизда белгиланган муддатларда тузилган референдум ўтказувчи 10 минг 758 участка комиссиясининг аъзолари таркибидан қарийб 117 минг нафар фуқаро жой олди.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига биноан референдум участкалари референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади.

Референдум ўтказувчи участка комиссиялари аъзоларининг умумий сифат таркиби таҳлил қилинганда, жами аъзолардан қарийб 80 фоизи сайловларда иштирок этган, тажрибали фуқаролар эканлиги аён бўлади.

Участка комиссиялари аъзолар сафида аёлларнинг иштироки 49,7 фоиз. Айни пайтда, комиссиялар раисларининг 37,7 фоизини, раис ўринбосарларининг 40,6 фоизини, котибларнинг 53,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бошқача айтганда, референдум ўтказувчи участка комиссиялари раҳбарлари сафида аёллар ҳар қачонгидан кўп – ўртача 44 фоиз.

Референдум ўтказувчи участка комиссиялари таркибида 21 ёшдан 40 ёшгача бўлган навқирон авлод вакиллари 50,7 фоизни, ногиронлиги бўлган ижтимоий фаол фуқаролар вакиллари салмоғи эса 2 минг 129 нафарни ташкил этади.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда гендер тенгликни ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлаш, ёшларнинг, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасида кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик самарасидир. Айни пайтда, ушбу рақамлар мамлакатимизда инсон қадри устувор бўлган жамиятга хос юксак маънавиятнинг амалдаги яна бир рўёбидир.

 

ТАЙЁРГАРЛИКДАГИ ТАКОМИЛ

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ўз-ўзидан бўладиган иш эмас, албатта. Бу референдум ўтказувчи участка комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги референдум комиссиялари, референдумнинг барча ташкилотчилари ўз ишини миллий қонунчилик ва энг илғор демократик принциплар асосида ҳамда юксак ташкилий даражада амалга оширишини тақозо қилади. Бунда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этиши, табиий.

Ушбу жараён Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига мувофиқ босқичма-босқич амалга оширилди. Мазкур концепция асосида ташкил этилган семинар-тренингларда жами 120 минг нафардан зиёд референдум ташкилотчиси малака оширди.

Ўқув методик материаллар асосида олиб борилган машғулотларда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, референдумни ташкил этиш ва ўтказишда округ ва участка комиссияларининг ўрни, овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатини шакллантириш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда округ ва участка комиссиялари олдида турган вазифалар, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш каби муҳим мавзуларда тушунчалар берилди.

Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳудудларга бириктирилган республика тренерлари тасдиқланган дастур бўйича малака оширган бўлса, кейин уларнинг ўзлари 977 нафар ҳудудий тренер учун Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида машғулотлар ўтказди.

Референдум ўтказувчи участка комиссиялари аъзолигига номзодларнинг билим ва кўникмасини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган семинар-тренинглар ҳам замонавий бинолар ва аудиторияларда интерактив усулларда – маъруза, симуляция, референдум жараёнларини моделлаштириш, видеодарс, видеоролик, референдумга оид қўлланмалардан кенг фойдаланган ҳолда ўтказилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Машғулотларда тингловчилар сони 21 нафардан кўп бўлмагани малака ошириш сифати ва самарадорлигини юқори даражада таъминлаш имконини берди.

Буни семинар-тренинг машғулотлари якунида тингловчилар томонидан топширилган тест синовлари ҳам яққол кўрсатди. Синовда иштирокчиларнинг 27 фоизи энг юқори – 100 бал, 73 фоизи 90 ва ундан юқори бал олган бўлса, 0,2 фоиз тингловчининг тўплаган бали етмишдан ошди.

Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда яратилган “Referendum 2023” мобиль иловасидан, нафақат референдум ташкилотчилари, балки ҳар бир фуқаро референдум мавзусида ўзи истаган қонунни, қарору низомни, йўриқномаю дастурни, илмий, оммавий мақолаларни, қўлланмаю рисолаларни, ҳатто зарур телефон рақамларидан то интерактив харитагача осонгина топиши мумкин.

Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида фаол иш бошлаган “Call-марказ”га 1200 қисқа ва бепул телефон рақами орқали ҳар куни фуқаролардан юзлаб мурожаатлар тушмоқда. Саволларга референдум қонунчилиги ва амалиёти бўйича малакали экспертлар ва мутахассислар тезкорлик билан жавоб бермоқдалар.

Янги қулайлик – AR технологиялар орқали овоз бериш куни, овоз бериш участкасини аниқлаш ҳамда референдумга оид бошқа кўплаб маълумотларни ўзбек, қорақалпоқ, рус ҳамда инглиз тилларида олиш мумкин.

Яратилаётган бундай қулайликлар самарасида эгалланган билим, орттирилган малака ва амалий тажриба Ўзбекистон Республикаси референдумини юқори ташкилий даражада ўтказишга хизмат қилади.

 

ЮКСАК МАҚСАДЛАРНИ КЎЗЛАБ

Замонавий ахборот технологиялари мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига, жумладан, миллий сайлов тизимига ҳам дадил кириб бормоқда. Сайлов жараёнларига ахборот технологиялари жорий этиш кўлами ва сифати муттасил ошиб, эришилган натижалар такомилига етказилмоқда.

Жумладан, жорий йилда бўлиб ўтадиган референдум куни овоз бериш жараёнини мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача референдум участкасида ўрнатилган видеокамералар орқали амалга ошириладиган видео-трансляциядан реал вақт режимида (онлайн) кузатиб бориш мумкин бўлади.

Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларда, saylov.uz расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканаллари орқали ҳам овоз бериш жараёнини узлуксиз кузатиш имконияти яратилади.

Мухтасар айтганда, овоз бериш видео-трансляция қилинадиган референдум участкаларидаги барча жараёнларни, нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки хорижда ҳам минглаб одамлар кузатиб бориши мумкин.

Айни пайтда, референдум ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ комиссиясининг тавсиясига биноан, пойтахтимиз туманларида жойлашган айрим референдум участкаларида референдум куни овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади.

Шу кунларда мазкур тизим жорий этиладиган референдум ўтказувчи элликта участка ҳудудида фуқаролар биометрик идентификация қилиниши ва уни амалга ошириш тартиби борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 Референдум жараёнларига замонавий ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг энг юксак халқаро демократик тамойиллар асосида, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтишида муҳим аҳамият касб этади.

 

ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

Муддатидан олдин овоз бериш – фуқароларнинг референдумда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашнинг муҳим воситаси. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 351-моддасига биноан референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи фуқаро муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Жорий йилда  референдумда муддатидан олдин овоз бериш 19 апрель куни, яъни эртадан бошланиб, 26 апрель куни якунланади.

Референдум участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар этиб белгиланди.

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу референдум участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар амалга оширилади.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда аввалги референдумлар ўтказилган даврда қонунчилигимизда фуқаролар учун бундай қулай имкониятлар назарда тутилмаган эди.

Мамлакатимизда референдум охирги марта бундан 20 йил аввал – 2002 йил 27 январда ўтказилган. Ўтган давр мобайнида, айниқса, сўнгги олти йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида, жумладан миллий сайлов тизимида ғоят улкан ўзгаришлар юз берди.

Инсон қадрини амалда юксалтириш тамойили давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифасига айланди. Буни фуқароларнинг сайлов ва референдумга оид ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлаш борасида собитқадамлик билан амалга оширилаётган ишлар кўлами ва самаралари ҳам кўрсатиб турибди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 16 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан, референдумга доир қонунга зарур ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши бунинг ёрқин мисолидир.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига киритилган ўзгартишларга биноан, мамлакатимиз тарихида биринчи марта, референдумда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар иштирок этади. Бу бўлажак референдум жараёнларини умумий ҳисобда 50-60 минг нафар маҳаллий кузатувчи расман кузатиб боради дегани. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, барча овоз бериш участкаларида уларнинг ва халқаро кузатувчиларнинг референдумни кузатишни эмин-эркин амалга оширишлари учун қонунчиликда назарда тутилган барча шароитлар яратилмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 13 июлда бўлиб ўтган мажлисида тасдиқланган Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқароларнинг ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар фаолияти тартиби тўғрисидаги низомда қонундаги мазкур норманинг ижросига оид тартиб-қоидалар батафсил баён қилинган.

Шунингдек, қонунга киритилган ўзгартишларга биноан, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида уч кун олдин хабардор қилиши керак.

Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.

Айни пайтда, референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда фақат судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси референдуми жараёнларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларини референдумга доир қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан, халқаро стандартлар ҳамда амалиётдан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш, шу жумладан референдумга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилди.

 

ДОИМИЙ ЭЪТИБОР

Мамлакатимизда барча фуқароларнинг, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ва референдумда овоз бериш ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ва самарали механизмлари умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида мустаҳкамланган.

Марказий сайлов комиссияси сайловлар ва референдумларга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига доимий эътибор қаратиб келади.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси Брайль алифбосида чоп этилди.

Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар референдум бюллетенида ўз хоҳиш иродасини мустақил ифода эта олиши учун ҳар бир референдум участкаси трафарет билан таъминланади.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларини телеканаллар ва интернетнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали сурдо таржимасида бевосита кузатиб бориш имконияти яратилди.

Маълумки, мамлакатимизда биноларни, айниқса, уларнинг кириш ва чиқиш жойларини барпо этиш бўйича халқаро стандартлар жорий этилган. Референдум округлари ва участкалари учун биноларни танлашда ана шундай андазалардан келиб чиқиб, жисмоний имкониятлари чекланган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжлари инобатга олинган.

Буларнинг барчаси ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАЁТГАН ИНТИЛИШ

Жамият ҳаётида демократик тамойилларни мустаҳкамлашда, айниқса, сайловлар ва референдумларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикасининг референдумида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакилларини аккредитациядан ўтказиш ишлари изчил давом этмоқда. Шу кунгача хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг миссияларидан саксондан ортиқ кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Марказий сайлов комиссиясининг референдумга бағишланган барча мажлислари ва бошқа тадбирлари оммавий ахборот воситалари вакилларининг бевосита ҳозирлигида, очиқ-ошкора ўтаётганини ҳамда кенг ёритилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Ҳозиргача маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 651 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Улар орасида “Reuters” (Буюк Британия), “Цзинцзи Жибао”, “Синьхуа”, “CGTN” (Хитой), “TRT” (Туркия), “France-Presse” (Франция), “The Daily Ittehad” (Покистон), “Казинформ”, “Хабар”, “Atameken Business Media Holding”, “Курсив” (Қозоғистон), “Кабар” (Қирғизистон), “Жумҳурият” (Тожикистон) каби нуфузли ахборот агентликлари ва нашрлар бор.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилаётган мажлислар, семинарлар, брифинглар ва бошқа тадбирлар ҳақида интернетнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали олдиндан эълон қилиб борилиши яхши самара бермоқда. Эълонда бўлажак тадбирнинг қачон ва қаерда ўтказилиши ҳамда унда қандай масалалар кўриб чиқилишининг аниқ айтилиши журналистларнинг ишида жуда қўл келмоқда.

Комиссиямизнинг референдумга бағишланган барча мажлислари тафсилотлари қатор теле ва радиоканаллар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда YouTube платформаси орқали бевосита ва мунтазам ёритиб борилмоқда.

 

ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ БИЛАН

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари қизғин паллага кирганини шундан ҳам билса бўладики, Комиссиямиз мажлиси шу кунларда  ҳафтасига икки-уч мартадан ўтказмоқда. Сабаби маълум: референдум кунигача муддат тобора оз қолмоқда.

Қолаверса, бу – “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонун ва календарь режада белгиланган вазифаларнинг талаби. Ушбу ҳужжатларда тайёргарлик даврида амалга ошириладиган ишлар кунма-кун аниқ белгилаб қўйилган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг референдумида овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифи тасдиқланди.

Бюллетенга «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 14 мартдаги қарорларида кўрсатилган масаланинг матни («Конституцияни қабул қиласизми?») киритилди ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари «Ҳа» ёки «Йўқ» деб кўрсатилди. Шунингдек, бюллетенда уни тўлдириш тартиби тўғрисида ҳам тушунтириш берилди.

Референдум куни овоз бериш ҳуқуқига эга ҳар бир фуқаронинг референдум участкасига бориб, Ватанимиз, халқимиз ва фарзандларимизнинг келажаги тақдирига дахлдорлик туйғуси билан шахсан овоз бериши - юксак фуқаролик бурчидир.

Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган эзгу ғоя негизида барпо этилмоқда. Ушбу улуғвор мақсад халқимизни янгидан-янги марралар сари руҳлантирмоқда. 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум ана шундай буюк мақсадга эришишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

 

Манба: «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 18 апрель. 74-сони (863)