Мажлис кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида айрим вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари, референдумда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилишга оид масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда, референдумни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш борасида қатор вазирликлар зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлашга доир ахборотлари тингланди. Хусусан, Рақамли технологиялар вазирлигининг ахборот коммуникацион технологияларнинг соз ҳолатда бўлиши, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини узлуксиз ишлашини таъминлаш, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия қўмондонлигининг Ўзбекистон Республикаси референдуми даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида МСК қарори ижросини таъминлаш ва уни амалга ошириш, Энергетика вазирлигининг округ ва участка комиссиялари биноларини узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлари тўғрисида ахборотлари тингланди.
Ўзбекистон Республикасининг референдумида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСКнинг қарори билан МДҲ, МДҲ ПА, ЕХҲТ ДИИҲБ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлардан ҳамда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Туркия, Қувайт, Ҳиндистон каби хорижий мамлакатлардан жами 258 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.
Шунингдек, МСКга келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 103 нафар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 24 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 778 нафарни ташкил этмоқда.
Мажлисда кун тартибига киритилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати