Унда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари, референдумни кузатиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг кузатувчилари иштирок этишди.
Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасида референдумни ўтказиш Конституция, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун, Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари билан тартибга солинади. Референдумни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда халқаро стандартлар, референдумни очиқ-ошкора ўтказиш бўйича илғор хорижий тажриба ҳам ҳисобга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.
Ушбу ваколатлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 9-10 март кунлари бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала батафсил муҳокама қилинди ва референдум санаси белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказишга доир қарорини Конституцияга мувофиқ деб топди.
Олий Мажлис Сенатининг 14 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум санасини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига биноан, референдумга қўйилаётган масаланинг матни ҳам референдум тайинланганда Олий Мажлис томонидан маъқулланади. Олий Мажлис палаталарининг қарорларида белгиланганидек, жорий йилнинг 30 апрель, якшанба куни бўлиб ўтадиган референдум бюллетенида: “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг референдуми – Марказий сайлов комиссияси, референдум ўтказувчи округ комиссиялари ҳамда участка комиссиялари томонидан ўтказилади.
Марказий сайлов комиссияси референдумни ўтказиш учун тузиладиган референдум комиссиялари тизимига бошчилик қилади, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Сайлов кодекси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, уларнинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди.
Шунингдек, анжуманда қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудлари чегарасида Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи 14 та референдум округлари тузилди ва округ референдум комиссияларининг 266 нафардан иборат шахсий таркиби тасдиқланди.
Ўз навбатида, округ комиссиялари томонидан қонунчиликда белгиланган муддатларда референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, 10 минг 758 та референдум участкалари тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига асосан, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 39 та хорижий давлатлардаги дипломатик ва консуллик муассасалари ҳузурида 55 та референдум участкаси тузилди ва Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округига бириктирилди. Хорижий давлатларда тузилган референдум участкасидаги овоз берувчилар рўйхатига жами 307 минг 895 нафар фуқаро киритилди.
Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати асосида тузилади.
Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин. Сайловчилар ягона электрон рўйхатига 19 миллион 722 минг 809 нафар овоз берувчи фуқаро киритилди. Шулардан, 46 фоизи эркаклар, 54 фоизи аёллардир.
МСК Раиси барча даражадаги референдум комиссиялари референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз ишини “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун талабларига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ҳамда адолат тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Матбуот хизмати