• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида қатор учрашувлар бўлиб ўтди
29.04.2023
525

Бугун, 29 апрель куни Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб бориш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар гуруҳи координатори Сергей Рачков, Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова, Туркманистон Марказий сайлов комиссияси Котиби Аннадурдиев Амангельди, Туркия Олий сайлов кенгаши аъзоси Уркер Али, “Diplomatic World Institute” таҳлил маркази лойиҳаси менежери Альберто Туркстра бошчилигидаги делегациялар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар чоғида референдум жараёнлари халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилганлиги, МСК томонидан тасдиқланган Календарь режа ва миллий қонунчилик асосида референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тизимли равишда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўзаро суҳбат чоғида МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар гуруҳи координатори Сергей Рачков “Марказий сайлов комиссияси томонидан илиқ кутиб олганликлари учун чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Таъкидлашим жоиз, МСКнинг референдумга  ташкилий жиҳатдан тайёргарлиги референдумнинг юқори савида ўтишида муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига референдумни халқаро андозалар асосида ўтказишда мувафаққият тилаб қоламиз.” – дея таъкидлаб ўтди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Раиси билан бўлиб ўтган учрашув чоғида Нуржан Шайлдабекова “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан сайловлар соҳасида узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келамиз ва сайловларда кузатувчи миссиялар қаторида қатнашиб келмоқдамиз. Бу галги ташрифимиз эса айнан референдум жараёнларини кузатишга қаратилганлигидан мамнунмиз. Референдум ташкилотчилари ва иштирокчиларига ушбу жараёнларни юқори савияда ташкил этишларида зафар тилаймиз.” – дея қайд этди.

Учрашувлар давомида референдум арафасида халқаро кузатувчилар референдум ўтказиш бўйича комиссияларда бўлиб, уларнинг тегишли даражада тайёрлигига гувоҳ бўлганликларини қайд этишди. Шунингдек, референдумга доир ахборотлар билан таъминлаш яхши ташкил этилганини, референдум жараёнида янги сайлов технологиялари синовдан ўтказиш ҳолатларини алоҳида эътироф этишди.

Таъкидлаш жоиз, кузатувчилар миссиялари 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боради. Миссиялар Ўзбекистонга ташрифи мобайнида республикамизнинг бир қатор референдум участкаларида бўлиб, кузатувлар борасида тегишли хулосалари ва тавсияларини беришни режалаштирган.

Марказий сайлов комиссиясида

Матбуот хизмати