• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
№1245 2023 йил 30 апрелда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумининг якунлари тўғрисида
01.05.2023
1352

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№1245                                                    2023 йил  1 май

 

 

2023 йил 30 апрелда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумининг якунлари тўғрисида

 

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги 2023 йил 10 мартдаги 3017–IV-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги 2023 йил 14 мартдаги СҚ–702–IV-сонли қарорларига мувофиқ, 2023 йил 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилди.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18, 38 ва 39-моддаларига мувофиқ ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссияларининг округ бўйича референдум натижалари тўғрисидаги баённомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Референдум якунларига кўра овоз берувчилар рўйхатига киритилган 19 722 809 нафар фуқароларнинг ярмидан кўпи, яъни 16 667 097 нафари ёки 84,51 фоизи референдумда иштирок этганлигига асосланиб, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ҳақиқий ва бўлиб ўтган деб топилсин.

2. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумининг натижалари қуйидагича тасдиқлансин:

референдумда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий сони – 19 722 809 нафар;

овоз бериш бюллетенларини олган фуқароларнинг сони – 16 667 097 нафар;

овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сони – 16 667 097 нафар ёки овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий сонидан 84,51 фоиз;

референдумга қўйилган масалани ёқлаб “Ҳа” деб берилган овозлар сони – 15 034 608 ёки овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи;

референдумга қўйилган масалага қарши “Йўқ” деб берилган овозлар сони – 1 558 817 ёки овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 9,35 фоизи;

ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенларининг сони – 73 672 та.

3. Референдумда овоз беришда иштирок этган 16 667 097 нафар фуқароларнинг ярмидан кўпроғи, яъни 15 034 608 нафари ёки 90,21 фоизи референдумга қўйилган “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?” деган масалага “Ҳа” деб ёқлаб овоз берди.

4. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган деб ҳисоблансин.

5. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

6. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни ҳамда мазкур қарор референдум якунлари расмий эълон қилинган куннинг ўзида унинг ижросини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилсин.

7. Мазкур қарор ҳамда референдумда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг матни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг веб-сайтида ва расмий манбаларда эълон қилинсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

раиси                                                                                     З. Низамходжаев

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИ  " Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"