• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича мажлиси ҳақида
10.05.2023
2564
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги ПФ–68-сон Фармони билан 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши белгиланди.

Сайлов кодексига Ўзбекистон Республикасининг конституциявий Қонуни билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилиши белгиланган. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Шу боис, 2023 йил 10 май куни Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда сайлов кампаниясини эълон қилиш ва сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Календарь режани тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови учун сайлов кампанияси 10 майдан бошланиши белгиланди.

Сайловни ўтказиш билан боғлиқ қонунчиликда белгиланган тадбирларни босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Календарь режаси тасдиқланди.

Мазкур Календарь режада мантиқий изчиллик асосида қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари белгиланди. Хусусан, Календарь режага мувофиқ сайлов жараёнининг 7 та йўналиши бўйича 51 та тадбирлар назарда тутилди.

Календарь режа сайлов кампаниясини қонун талабларига риоя қилган ҳолда очиқ ва ошкора, тўғри ҳамда самарали ташкил этиш, мавжуд куч ва имкониятларни оқилона тақсимлаш ва сафарбар этишни таъминлайди.

Календарь режа сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қонунчиликда белгиланган тадбирларни мантиқий изчилликда тизимли равишда амалга оширишга хизмат қилади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирларнинг тартиби, босқичлари ҳамда муддатлари ҳақидаги ахборот сайловчилар ва сайлов жараёнларининг бошқа иштирокчиларига белгиланган тартибда Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш йўли билан етказилиши белгилаб олинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати