• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 20 июнь кундаги мажлиси тўғрисида ахборот
20.06.2023
1376

2023 йил 20 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида cайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш, Президенти сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитация қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотига доир масалалар кўриб чиқилди.

Мажлисда Сайлов кодексига биноан муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилиши юзасидан қарор қабул қилинди. Унга кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнь куни бошланиб 2023 йил 5 июль куни якунланиши белгиланди ва сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар давом этиши қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, Президент сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар муҳокама қилинди, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмаларининг бу йўналишдаги қатор вазифалари белгилаб берилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар комиссия аъзолари томонидан муҳокама этилди ва қарор қабул қилинди.

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотдан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСКнинг қарори билан 51 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорга мувофиқ 300 нафар маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитация қилинди. Умумий ҳисобда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг сони 854 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан 7-Самарқанд, 6-Наманган, 12-Хоразм, 5-Навоий ҳамда 10-Тошкент вилоят округ сайлов комиссияси раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати