26 июнь куни Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамхаджаев Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг Тошкентдаги элчихоналари раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриаен, шунингдек, Латвия, Италия, Франция, Германия, Руминия, Республикаларининг ва бошқа Европа давлатларининг Тошкентдаги элчилари, Болгария Республикасининг Муваққат ишлар вакили, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбарининг ўринбосари Миндаугас Качераускис иштирок этди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланиб янги босқичга кўтарилиб бораётганлигини таъкидланди. Шунингдек, МСК раиси З.Низамходжаев муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтди.
Жумладан, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режасига мувофиқ сайловларни ўтказувчи 14 та округ ва 10 минг 783 та участка сайлов комиссиялари шакллантирилганлиги, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва тезкор ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилганини, бугунги кунга қадар 1 155 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитациядан ўтказилганлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бошқа қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бундан ташқари, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ҳақидаги назарий билимлари ва амалий тажрибасини ошириш, сайлов жараёнига замонавий ахборот коммуникацион технологияларни жорий этиш, хотин-қизларнинг сайловлардаги ўрнини кучайтириш, имконияти чекланган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.
Учрашувда алоҳида эътибор сайловни демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказишда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчиларининг сайловлардаги иштирокига қаратилди. Бу борада МСК томонидан халқаро кузатишни ташкил этиш мақсадида, ЕХҲТнинг ДИИҲБ, унинг Парламент ассамблеясига ҳамда Европарламент каби халқаро ташкилотларга таклифномалар юборилганлиги таъкидланди.
Ўз навбатида делегация аъзолари бўлажак сайловларни умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтишига мувафаққият тилади.
Учрашув доирасида делегация вакиллари Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва тезкор ахборот бериш маркази
(Cаll-center) фаолияти ва у ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати