• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
№ 1237  Ўзбекистон Республикаси референдумида ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида
14.04.2023
522

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№ 1237                                                    2023 йил  14 апрель

 

 

Ўзбекистон Республикаси референдумида ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси референдумида ногиронлиги бўлган шахсларга ўз ҳуқуқларидан тўсқинликсиз фойдаланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси референдумида овоз бериш бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи овоз берувчи фуқаролар референдум бюллетенида ўз хоҳиш иродасини мустақил ифода эта олишлари учун ҳар бир референдум участкаси овоз бериш бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафарет билан таъминланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг Моддий-техника таъминоти бўлими (Ж. Фахрутдинов) 2023 йил 19 апрелга қадар ушбу қарорнинг 2-бандидан келиб чиқиб, тегишли миқдордаги трафаретлар тайёрланиши ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссиялари орқали ҳар бир референдум участкасига етказиб берилишини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари:

референдум участкаларида ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилишини;

заруратга кўра, референдум участкаларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи овоз берувчи фуқаролар учун оптик лупалар (катталаштирувчи ойналар) ҳамда ёриткичлар мавжуд бўлишини;

эҳтиёждан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган овоз берувчи фуқаролар гавжум яшайдиган ҳудудларда, уларнинг референдум участкаларига келиб кетишлари учун бепул транспорт қатнови йўлга қўйилишини;

референдум участкаси жойлашган биноларнинг кириб-чиқиш жойларига эни камида 90 см ва чиқиш бурчаги (қиялиги) 300 дан кўп бўлмаган нишаб йўлакчалар (пандуслар) ўрнатилганлиги хатловдан ўтказилишини;

референдум участкаси жойлашган биноларда аниқланган камчиликларни 2023 йил 18 апрелга қадар бартараф этиш ҳамда ушбу биноларга ногиронлиги бўлган овоз берувчи фуқароларнинг келиб-кетишлари ва бино ичида эркин ҳаракатланишлари учун шароит яратилишини;

амалга оширилган ишлар ҳақида 2023 йил 19 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ёзма маълумот берилишини таъминласин.

5. Маълумот учун қабул қилинсинки, овоз бериш бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, оммавий ахборот воситаси вакилларидан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

6. Референдум ўтказувчи участка комиссиялари:

овоз берувчи фуқаролар рўйхатини аниқлаштириш вақтида ногиронлиги бўлган овоз берувчи фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар асосида уларнинг рўйхатини тузиш, ногиронлиги бўлган овоз берувчи фуқаролар турган жойларида овоз беришларини ташкил этиш чораларини кўрсин;

овоз бериш жараёнларини бинонинг биринчи қаватида ўтказишга алоҳида эътибор қаратсин;

ногиронлиги бўлган овоз берувчи фуқаролар референдум участкаларида референдумга оид маълумотлар, плакатлар билан танишиши ҳамда ўзлари лозим деб топган вариант учун эркин, тўсиқларсиз ва яширин овоз бериши учун шароит яратсин.

7.Оммавий ахборот воситаларига референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда уларни ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қулай бўлган шаклда (имо-ишора тили, субтитрлар ва бошқа шакллар) тайёрлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда овоз бериш биноларига яқин бўлган автомобиллар тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган овоз берувчи фуқаролар автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойларини ташкил этсин.

9. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                            З. Низамходжаев

 

ИЛОВА