• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
№1244 Айрим референдум участкалари бўйича овоз бериш  якунларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида
01.05.2023
465

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№1244                                                    2023 йил  1 май

 

Айрим референдум участкалари бўйича овоз бериш  якунларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида

 

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18 ва 38-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котиби Х. Маматовнинг референдум куни айрим референдум участкаларида аниқланган овоз бериш якунларига таъсир қилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан қуйидаги референдум участкаларида овоз бериш якунларига таъсир қилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар аниқланганлиги қайд этиб ўтилсин:

а) 8-Сирдарё референдум округининг 226-сон референдум участкасида референдум тўғрисидаги қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилган ҳолда айрим комиссия аъзолари томонидан бюллетенлар овоз бериш қутисига ташланган;

б) 10-Тошкент вилоят референдум округининг 651-сон референдум участкасида комиссия аъзолари томонидан овоз берувчи фуқарога овоз бериш якунига етмасдан туриб бюллетенлар ишлатиб бўлинганлиги маълум қилинган. Вахоланки, ушбу референдум участкаси бўйича овоз бериш якунлари юзасидан тузилган баённомада фойдаланилмаган бюллетенлар сони 646 тани ташкил этганлиги кўрсатилган;

в) 14-Тошкент шаҳар референдум округининг 772-сон референдум участкасида комиссия аъзоси бўлган фуқаро овоз бериш бюллетенларини ўзининг қариндошлари номидан тўлдирган. Бироқ, ушбу фуқаро томонидан тўлдирилган бюллетенларнинг овоз бериш қутисига ташланганлиги ёки ташланмаганлигини аниқлаш имкони бўлмаган.

Қайд этиб ўтилсинки, мазкур қоидабузарликлар бевосита овоз бериш жараёнида амалга оширилганлиги боис, уларни бартараф этиш имконияти мавжуд эмаслигини инобатга олиб, ушбу қоидабузарликлар овоз бериш якунларига таъсир қилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар сифатида эътироф этилади ва референдум участкасидаги овоз бериш натижаларини ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади.

2. Референдумда овоз бериш якунларига таъсир қилиши мумкин бўлган қоидабузарликларга йўл қўйилганлигини инобатга олиб, 8-Сирдарё референдум округининг 226-сон референдум участкаси, 10-Тошкент вилоят референдум округининг 651-сон референдум участкаси ва 14-Тошкент шаҳар референдум округининг 772-сон референдум участкаси бўйича овоз бериш якунлари ҳақиқий эмас деб топилсин.

3. Мазкур қарорнинг 2-бандидан келиб чиқиб, 8-Сирдарё, 10-Тошкент вилоят ва 14-Тошкент шаҳар референдум округлари бўйича овоз бериш натижаларига тегишли ўзгартиришлар киритилсин.

4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклатилсин.

 

 

Раис                                                                              З. Низамходжаев