• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
№1292 Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
14.06.2023
350

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

№1292                                                   2023 йил  14 июнь

 

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

 

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ногиронлиги бўлган шахсларга ўз сайлов ҳуқуқларидан тўсқинликсиз фойдаланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 49 ва 50-моддаларига ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг
10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар сайлов бюллетенида ўз хоҳиш иродасини мустақил ифода эта олишлари учун ҳар бир сайлов участкаси сайлов бюллетенини тўлдиришда фойдаланиладиган, Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар билан таъминланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг Моддий-техника таъминоти бўлими (Ж.Фахрутдинов) ушбу қарорнинг
2-бандидан келиб чиқиб, 2023 йил 28 июнга қадар тегишли миқдордаги трафаретлар тайёрланиши ҳамда округ сайлов комиссиялари орқали ҳар бир сайлов участкасига етказиб берилишини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14-апрелдаги 1066-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талаблардан келиб чиқиб:

сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилишини;

заруратга кўра, сайлов участкаларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар учун оптик лупалар (катталаштирувчи ойналар) ҳамда ёриткичлар мавжуд бўлишини;

эҳтиёждан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган сайловчилар гавжум яшайдиган ҳудудларда, уларнинг сайлов участкаларига келиб кетишлари учун бепул транспорт қатнови йўлга қўйилишини;

сайлов участкаси жойлашган биноларнинг кириб-чиқиш жойларига эни камида 90 см ва чиқиш бурчаги (қиялиги) 300 дан кўп бўлмаган нишаб йўлакчалар (пандуслар) ўрнатилганлиги хатловдан ўтказилишини;

сайлов участкаси жойлашган биноларда аниқланган камчиликларни 2023 йил 27 июнга қадар бартараф этиш ҳамда ушбу биноларга ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг келиб-кетиши ва бино ичида эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилишини;

амалга оширилган ишлар ҳақида 2023 йил 30 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ёзма маълумот берилишини таъминласин.

5. Участка сайлов комиссиялари:

сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш вақтида ногиронлиги бўлган сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида уларнинг рўйхатини тузиш, эҳтиёжга кўра ногиронлиги бўлган сайловчилар турган жойларида овоз беришларини ташкил этиш чораларини кўрсин;

сайлов куни овоз бериш жараёнларини бинонинг биринчи қаватида ўтказишга алоҳида эътибор қаратсин;

ногиронлиги бўлган сайловчилар сайлов участкаларида сайловга оид маълумотлар, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг плакатлари билан танишиши ҳамда ўзлари муносиб деб топган номзодга эркин, тўсиқларсиз ва яширин овоз бериши учун шароит яратсин.

6. Сиёсий партияларга қуйидагилар тавсия этилсин:

сайловчилар билан учрашувларда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг иштирокини таъминлаш ва уларнинг биноларга киришлари учун қулай шароитлар яратиш, жумладан учрашувларни ташвиқот олиб бориш учун танланган бинонинг биринчи қаватида ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш;

босма, кўргазмали, аудиовизуал ҳамда бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжларини (имо-ишора тили, сурдо таржима, субтитр ёзуви, брайль алифбоси) инобатга олиш ва бунда оммавий ахборот воситалари, интернет ва мобиль алоқа имкониятларидан кенг фойдаланиш.

7. Оммавий ахборот воситаларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда уларни ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қулай шаклда (имо-ишора тили, сурдо таржима, субтитр ёзуви, брайль алифбоси ва бошқа шакллар) тайёрлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда овоз бериш биноларига яқин бўлган автомобиллар тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган сайловчилар автотранспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойларини ташкил этсин.

9. Мазкур қарор матни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

 

Раис                                                                              З. Низамходжаев

 

ИЛОВА